Иван Ракитичнинг ишонтириб айтишича, футболда энг муҳими - ўзини назорат қилиш. У мутлақо ҳақ, ахир футболчи ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини йўқотмасагина ўйлаган ишини амалга ошириши мумкин. Бордию, характери кучли бўлмаса, яъни муайян мушкул ҳолатда издан чиқиб кетаверса, сира ўзини кўрсатолмайди. Хуллас, футболчи минг иқтидорли бўлмасин, майдонда ўзини тутишни, турли вазиятларда шахсий назоратни бир маромда ушлашни ўрганмаса, ундан катта наф чиқмайди. Ўйлаймизки, «Барселона»нинг хорватиялик ярим ҳимоячиси берган маслаҳатлар ҳар бир ёш йигитга жуда асқотиши мумкин. Ракитичнинг тавсия-маслаҳатларига майдон марказидаги курашларда ғолиб чиқиш учун мўлжалланган қўлланма сифатида ҳам қарасак бўлаверади.
Асосий масала - кайфият
- Агар кечки пайтга ўйин белгиланган бўлса, аввало, кун давомидаги овқатланиш тартибига алоҳида ёндашаман. Яъни энг фойдали таом ва егуликларни танлашга ҳаракат қиламан. Шунингдек, тушликдан сўнг мароқли дам олиш ҳам жуда зарур. Уйда бўламанми ёки меҳмонхонада - бунинг фарқи йўқ, стадионга йўл олишдан аввал албатта, душ қабул қиламан. Бу кайфиятни чоғлаш ҳамда тананинг тетиклаштириш учун жуда муҳим. Шунингдек, ички хотиржамликни юзага келтириш ва бўлажак ўйинга талаб даражасида шайланиш учун маълум муддат ёлғиз қолишга ҳаракат қиламан. Бундай чора-тадбирларнинг барчаси аввало, хушкайфиятни сақлаб қолишимга ёрдам беради. Зеро, майдонда кайфиятсиз тўп суриш мумкин эмас.
Ишонч зарур, ишонч...
- Майдонга тушган футболчи биринчи навбатда, ўз салоҳиятига тўлиқ ишониши керак. Нимадандир шубҳаланишингиз ҳаракатингиз сифатига салбий таъсир қилиши тайин. Мисол учун, тўп узатишдан олдин ўз қарорингиз тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилишингиз шарт. Оддий узатманинг ҳам, энг мураккаб «пас»нинг ҳам нечоғли муваффақиятли чиқиши аввало, ички туйғуга боғлиқ. Агар ишонсангиз - зўр, акс ҳолда... Айниқса, ҳужумчиларга йўналтирилган мураккаб йўналишдаги «кесувчи» узатмаларнинг самара бериш-бермаслиги, яъни тўпнинг рақибдан ўтиш-ўтмаслиги сизнинг бошланғич ҳаракатингизга бевосита боғлиқ. Бордию, тўпни шубҳа билан тепсангиз, унинг рақиб ўлжасига айланиши эҳтимоли бир неча баробар ошади. Умуман, узатма сифатини оширадиган бир неча оддий машқлар бор. Мисол учун, тўпни олиб юриш техникасини унга икки марта тегиниш билан маромига етказиш мумкин. Яна ўйин равишини ҳис этишни ўрганиш ҳам муҳим саналади.
Яна ақл ҳам керак
- Марказий ярим ҳимоячи олдидаги вазифалар оз эмас. Мисол учун, рақибнинг ўнг қанот ҳимоячиси ҳужумга қўшилган пайт унинг йўлини тўсишингиз талаб этилади. Тўп йўқотилган ҳолатда эса уни имкон қадар тезроқ қайтариб олиш учун худдики, яхлит механизмдек ишлашингиз зарур. Ҳужум ҳаракатларига келсак, бунда тўпни назорат остида ушлаб туриш катта аҳамият касб этади. Хусусан, кескин узатма учун энг мақбул вақтни ҳис этиш керак. Тўп билан олдинга интилиш ёхуд маълум муддат суръатни тушириш масаласида ҳам худди шундай. Агар тезлик олишда шошилсангиз ёки кечиксангиз, ҳаммасини барбод қилганингиз қолади - тамом. Хуллас, вақт масаласида адашмаслик - самарали ҳужум гарови.
Роҳатланиб ўйнашга нима етсин...?
- Майдонга тушиш олдидан ўзингизни эркин қўйиб юборинг, зеро, ўйин роҳат бағишлаши керак. Унутманг, майдонда севимли машғулотингиз билан шуғулланасиз. Ўз мисолимда айтсам, футбол ўйнаш - бу профессионал ишим. Ҳа, ўйин турли-туман қийинчиликлардан иборат, шунга қарамай, уни яхши кўраман, барибир. Масалан, майдонга тушар эканман, ўзимга пичирлайман: «Айни ҳозир шу жойда эканлигим нақадар яхши».
Ҳаяжон зарар келтиради
- Футболчи тўпни йўқотган маҳал сиқилиши шарт эмас. Ахир нафақат футбол, балки бутун ҳаёт хатолардан иборат. Буни теран тушуниш, яъни айрим вазиятларда омадсиз ўйнашингиз мумкинлиги табиий ҳолат эканлигини англаш фойдадан холи эмас. Шунингдек, тезда тикланиш зарур ва бу борада алоҳида шуғулланиш талаб этилади. Дейлик, омадсиз тўп узатишдан сўнг илк 5-10 сония катта роль ўйнайди. Ана шу лаҳзаларда ҳаяжон домига тушиб қолмасангиз, тўпни қайтариб олишингиз осонлашади. Акс ҳолда, ҳаракатларингиз сира қовушмайди. Тўпни йўқотиш ҳолатидан қочиш учун эса унга тегинишдан аввал кейинги ҳаракатингизни аниқ билишингиз керак.
Жанговар руҳнинг таги - фойда
- Рақиблардаги чарчоқ даражасига қараб, ўз кучингга ишонч ҳиссини оширишинг мумкин. Айни шундай лаҳзалардан имкон қадар кўпроқ наф чиқариш учун олдинга талпинишни пайсалга солмаслик керак. Табиийки, бундай юришни амалга ошириш куч-қувват захирасини талаб қилади. Демак, чарчоқ ўз сўзини айта бошлаган пайт захира манбаини ишга солиш керак. Захира нечоғли бўлиши эса жанговар руҳга боғлиқ. Тезкор ўйин пайти ўйлаб ўтиришнинг имкони йўқ. Ҳаттоки, қийинчиликлар ёки омадсизликларга қарамай, миянгда бир гапни айлантиришинг зарур: «Яна 10 дақиқагина қолди, бу вақтда кўпроғини бажара оламан». Кўпинча айнан шундай лаҳзалар бутун ўйин тақдирини ҳал қилади, демакки, жанговар руҳни сўнгги дақиқаларга қадар сақлаб қолиш шарт.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).