«Барселона» ҳаттоки хитойликлар билан ҳам келиша олгани йўқ.
Кимлар келди?
Ҳужумкор яримҳимоячи Жерар Деулофеу масаласида — «қайтди» иборасини ишлатиш тўғрироқ бўларди. «Барса»дан «Эвертон»га кетгач, у ерда ишлари кўнгилдагидек эмасди. «Милан»га ижарага берилиши муваффақиятлироқ бўлди ва Деулофеу ҳаттоки Испания терма жамоасига чақирилди. «Барса» уни қайтаришга қарор қилиб, 12 миллион евро қийматидаги «қайта сотиб олиш» опциясини ишга туширди.
Клубга шунингдек, «Флуминенсе»нинг марказий ҳимоячиси Марлон қўшилади. Ўтган мавсумни у «Барселона Б»да ижарада ўтказган ва биринчи жамоада «Селтик»ка қарши чемпионлар лигаси учрашувида дебют қилган эди. Унинг трансфери 5 миллион еврога баҳоланмоқда.
Мавсумлар оралиғида «Барселона»нинг бош ютуғи — Лионель Месси билан шартноманинг узайтирилиши бўлди ва энди битим 2021 йилгача амалда бўлади. Клуб илгарироқ Луис Суарес ва Неймар билан ҳам шартномаларини узайтирган эди.
Кимлар кетди?
Жереми Матьё бир неча ўйинни сифатли ўтказиши мумкин, лекин узоқ масофада «Барселона» даражасига мос эмаслиги ойдинлашди. Бундан ташқари, октябрда француз ҳимоячиси 34 ёшни тўлдиради. Шу сабабли «Барса» Матьё билан шартномани чўзишни рад этди ва у «Спортинг»га текинга ўтди. Қизиғи шундаки, португаллар клуби янги ўйинчисининг товон пулини 60.000.000 евро этиб белгилагани ҳақида хабар тарқатди. Битта нол ортиқчамасмикан?
Кристиан Тельони «Спартак» ва «Зенит» қўлга киритишга уриниб кўришди, бироқ футболчи Россияга келишни истамади ва «Бетис»ни танлади — унинг агенти ҳам бу гап-сўзларни тасдиқлади. «Барселона» ўз тарбияланувчиси трансферидан 4 млн. евро ишлаб олди.
Кимлар келади?
Айни дамда жорий мавсумлар оралиғининг бош машмашалари Марко Верратти билан боғлиқ бўлиб турибди. Футболчи ва унинг агенти футболчи учун яхшигина ҳақ тўлашга тайёр турган «Барселона» билан келишув амалга ошишини жуда исташмоқда. Муаммо шундаки, «ПСЖ» нафақат футболчини сотишни истамаяпти, ҳаттоки музокараларга ҳам киришмаяпти.
Бу футболчи раҳбарият ва мураббийлар штабига жуда ёқади, — дейди «Барселона» президенти Хосеп Бартомеу. — Бироқ унинг «ПСЖ» билан тузилган шартномасида харид учун товон пули белгиланмагани муаммо яратмоқда. Биз клуб санкциясисиз керакли суммани таклиф қилиб, Парижга келиб, Верратти билан музокаралар олиб бора олмаймиз. «ПСЖ»нинг позицияси эса қуйидагича: «Биз уни сотмоқчи эмасмиз ва музокараларга ҳам киришишни истамаймиз. Келинглар, гаплашамиз, фақат Верратти ҳақида эмас».
«ПСЖ»нинг қайсарлигига қарамасдан каталонияликлар трансфердан воз кечмоқчи эмас ва нариги томон фикрини ўзгартиришидан умид қилишмоқда. Ўз навбатида, Верраттининг агенти Донато Ди Кампли клубга ОАВ орқали босим уюштиришга ҳаракат қилмоқда:
«Верратти — «ПСЖ» амирининг тутқуни. Бу чексиз молиявий имкониятларга эга бўлган қатарлик амирнинг иши. Унинг учун Верраттини «Барселона»га 100 млн. еврога сотмаслик иззат-нафс масаласи. «ПСЖ» президенти Носир ибн Ғаним ал-Хулайфий менга футболчининг шартномаси 2021 йилгача эканлигини айтган. У шунингдек, мабодо Верратти сотилгудек бўлса, Қатардагилар ҳеч қачон уни кечирмаслигини айтган. «ПСЖ» титуллар юта бошлайдиган жамоа қуришга интилишмоқда. Лекин улар бу ҳақида ҳар йили гапиришади. Биз барчамиз яхши биламизки, бугунги кунда Чемпионлар лигасида ғолиб чиқишни истайдиган ўйинчилар «ПСЖ»га ўтишмайди».
Агентининг бу сўзлари тарқалганидан бир неча соат ўтгач, Верратти агенти учун раҳбарият, жамоа ва мухлислардан кечирим сўрашга мажбур бўлган.
Майдон марказини мустаҳкамлаш борасидаги Б режасига кўра Бразилия терма жамоаси ва Хитойнинг «Гуангчжоу Эвергранд» яримҳимоячиси Паулиньо сотиб олиниши мўлжалланмоқда. Музокаралар ўтказилаётгани ҳақидаги фактни футболчининг ўзи ҳам тасдиқлаган:
«Менга «Барселона»нинг қизиқаётгани ёқаяпти. Аксарият футболчилар ҳали содир бўлмаган нарса ҳақида гапиришни исташмайди, лекин «Барса»нинг қизиқишлари ростлигини бемалол тасдиқлай оламан. Мен расмий таклиф борлигини биламан. 20 млн евро таклиф қилишаётганини эшитдим. Ҳозирча келишувга эришилгани йўқ, лекин агентим музокараларнинг иккинчи босқичи бошланганини хабар қилди».
Шунингдек, каталонияликларнинг «Атлетико» яримҳимоячиси Саулга қизиқиши ҳақида хабарлар бор, бироқ бу трансфер Верраттиникидан ҳам эҳтимоли пастроқ.
Ўнг қанот ҳимоячисининг муаммоли позициясига келсак, «Арсенал»да ажойиб мавсум ўтказган Каталония кантераси тарбияланувчиси Эктор Беллериннинг қайтарилиши ҳақида гап-сўзлар кўпаймоқда. Футболчи миш-мишларни битта гап билан изоҳлаб қўяқолди:
«Ўқиётган ҳамма нарсаларингизга ҳам ишонаверманглар».
Муқобил вариант сифатида «Бенфика»нинг 23 ёшли ўнг қанот ҳимоячиси Нелсон Самеду кўрилмоқда, — деб хабар беради Mundo Deportivo. Бу нашрнинг таъкидлашича, футболчининг бўйнига 50 млн. евролик нарх ёрлиғини илиб қўйишган.
Кимлар кетади?
Каталонияда ҳеч ким клубни Арда Турон тарк этишидан шубҳаланмаяпти, гарчи бу ҳақда мураббийлар ҳам, раҳбарият ҳам ҳанузгача чурқ этмаган бўлса-да. Marca маълумотларига кўра, яна Рафинья ва Томас Фермален ҳам жамоани тарк этиши мумкин.
Мавсумолди турнирларидан сўнг янги бош мураббий Эрнесто Вальверде таркибни ғалвирдан ўтказа бошлагач, рўйхат янада кенгайиши ҳам мумкин. Вальверде жамоа билан ишлаб кўрмагани учун ҳам «Барселона» ҳозирча трансфер бозорида кўзга ташланмаяпти.
Шунингдек, эътиборга олиш муҳимки, моллиявий фейр-плей туфайли айрим ўйинчиларни сотмасдан туриб «Барселона» жиддий трансфер кампанияси билаш шуғуллана олмайди. Бу футболчилар Алеиш Видаль, Люка Динь, Денис Суарес, Серхи Роберто ёки Пако Алькасер бўлиши эҳтимоли катта. Улар неча киши ва айнан кимлар бўлиши «Барселона» июль ойининг охирларида «Ювентус», «Манчестер Юнайтед» ва «Реал Мадрид»га қарши майдонга тушувчи Халқаро чемпионлар кубогидан сўнг маълум бўлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).