2015 йилнинг 12 март куни Шарқий Тимор пойтахти - Дилида ОФК миқёсидаги ЖЧ-2018 саралаш босқичига старт берилганди (Шарқий Тимор - Мўғулистон - 4:1).
Ортда қолган вақтда квалификация доирасида жами 226та ўйин ўтказилди ва уларда 665та гол қайд этилди. Саралаш якунида Муҳаммад ал Саҳлавий (Саудия Арабистони) ва Аҳмад Халил (БАА) бош тўпурар мақомини олишди - 16тадан гол.
2016 йил 7 апрелда эса ФИФАнинг навбатдаги рейтинги асосида ҳал қилувчи учинчи саралаш раундига қуръа ташланганди.
Биласиз, бу жараёнда 12та кучли жамоа 2та гуруҳга бўлинди. Охирги босқич ва ОФК миқёсидаги «плей-офф» ўйинлари 2016 йил 1 сентябрь - 2017 йил 10 октябрь оралиғида ўтказилди.
Табиийки, саралаш цикли мобайнида ўзига хос «сенсация»лар кузатилди, парвоз ва қулашлар ҳам учради. Бугун якуний мулоҳаза - хулосаларимиз, айрим фактларни терма жамоалар мисолида баён қилмоқчимиз.
Эрон.Форс миллий жамоасининг асосий ютуғи мураббийдами ёки ҳужумчиларда? Бизнингча, иккисининг ҳам роли катта, аммо муваффақият аввало, мамлакат футбол раҳбарияти номига ёзилади, барибир!
Чунончи, Карлуш Кейруш футболга бевосита алоқадор ва умуман алоқаси йўқ масалалар туфайли нақ 3 марта ишдан кетишга чоғланди, футбол раҳбарияти эса сабр қилди.
Ваҳоланки, мутасаддилар португалиялик мутахассиснинг турли-туман эътирозларига жавобан уни шунчаки, истеъфога чиқаришлари ҳам мумкин эди, чунки бунга сабаб йўқ эмасди.
Муҳими, эронликлар мураббий атайин қандайдир «тўполон» кўтаришга уринаётганини вақтида тушунишди.
Ҳаммаси футболчиларни кучли босимдан ҳимоялашга қаратилганди. Хуллас, Карлуш Кейруш муваффақият йўлида барча имкониятлар ва кучлардан максимал даражада фойдаланди.
Билишимизча, Эрон футбол федерацияси Кейрушнинг талабига мувофиқ, керак бўлса, миллий чемпионат пешқадамлари ўртасидаги ўйинларни ҳам бироз ортга суриши мумкин эди. Яна бир томони, Эрон про-лигасида кучли рақобат юзага келган.
Дейлик, айни пайт чемпионатда айнан қайси клублар чинакам фаворит эканлигини билиб бўлмайди. Шунингдек, терма жамоа етакчиларига сабоқ бериш мақсадида уларга нисбатан интизомий чоралар қўллашга ҳамманинг ҳам юраги дов бермаса керак-ов...
Бош қаҳрамон - Сардор Азмун. 1995 йилнинг 1 январида Гонбад шаҳрида таваллуд топган. Отаси - Халил Азмун вақтида Эрон волейбол терма жамоасида ўйнаган.
Сардор айни пайт «Рубин» сафида тўп сурмоқда. Россия мундиали олдидан айнан шу юртда ўйнаётгани унинг фойдасига хизмат қилса, ажабмас.
Азмун миллий жамоа таркибига қўшилгунча мамлакатнинг U-17, U-20 ва U-23 тоифасидаги термаларида ҳам муносиб тўп сурган. У ЖЧ-2014 олдидан кенгайтирилган 28 кишилик таркибга ҳам киритилганди.
Эътибор беринг, 22 ёшли ҳужумчи шу кунга қадар форслар бош жамоасида 28та ўйин ўтказиб, 22та гол урди.
Ваҳоланки, у дебют голини 3 йилча олдин, аниқроғи, 2014 йилнинг 18 ноябрь куни Ж.Корея терма жамоасига қарши ўртоқлик баҳси (1:0)да нишонлаганди. 2017 йилнинг ўзида эса 6та гол урди:
Черногория ва Сурия жамоалари дарвозасини 2 мартадан нишонга олган Азмун Ўзбекистон ва Россия термаларини бир мартадан ранжитди.
**************************************
Ж.Корея. Кореяликлар бу сафар сўнгги саралаш босқичи доирасида сафар учрашувларида бирор марта ғалаба қозонолмадилар. Боз устига, меҳмондаги 5та ўйинда атиги 2та дуранг қайд этишди - Сурия ва Ўзбекистон термаларига қарши кечган баҳсларда 0:0 ҳисобини ушлаб қолишди.
Хуллас, имкони бор 15 очкодан атиги 2 очко олингани бугунги Ж.Корея термаси анча кучсизланиб қолганини ифодалайди.
Ули Штиликенинг ишдан бўшатилишига келсак, немис мураббийи терма жамоага янги «қон қуйиш»ни кечиктириб юборди ва сафар ўйинларида ҳимоявий тактикага ёпишиб олди.
Мисол учун, корейсларнинг миллий жамоамизга қарши ўйинларига қарасак, улар ҳар икки томонда ҳам биздан устун кўринишмади.
Шунчаки, ўз табиатларидан келиб чиқиб, ўйин интизомига тўлиқ, ҳаттоки, керагидан ортиқ риоя қилишди, ижодкорликка берилишмади. Хусусан, терма жамоанинг янги устози ҳам 2 нафар ҳужумчи билан ўйнаш тактикасига ўтишни истамади.
Шиддатли баҳс. ДАВОМИ
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).