Ўзбекистон футбол федерациясининг маркетинг ҳақида чиқарган хабарини алоҳида эътибор билан ўқиб чиқдим. Нима учун алоҳида эътибор? Чунки, ЎФФ ва ПФЛда айнан шу нарса азалдан катта муаммо эди.
Хабарда эса масалага ойдинлик киритилишига умид қилган бўлсам керак. Умид оқланмади. Аммо ўқиганларим орасида ёққани ҳам бор, албатта. Эртакларда ҳам подшонинг олдига яхши ва ёмон янгилик олиб келишганида, аввал яхшисини етказиш буюрилган экан.
Биз ҳам яхшисидан бошласак. Бу хабарни ўқиш орқали ўзим учун янги ибора кашф этдим - мерчендайзинг. Футбол ташкилотининг расмий сайтида чиққан хабар туфайли иқтисодиёт борасидаги билимимни ҳам синаб кўрдим. Тан оламан, бунинг учун интернетни анча титкилашга тўғри келди.
Чунки, иқтисодчи эмасман. Шунинг баробарида федерациядагиларнинг иқтисод бўйича билимига ҳам қойил қолдим. Ҳеч ким билмаган нарсаларни билишар экан-ей...
МЕРЧЕНДАЙЗИНГ - НИМА У?
Агар оламга машҳур энциклопедия - википедия алдамаётган бўлса, мерчендайзинг деганлари маркетинг жараёнининг бир қисми саналади. У орқали дўкондаги маҳсулотни сотиш услуби аниқлаб олинаркан.
Яъни, маҳсулот тури, қай тариқа қадоқланиши, пештахтага харидор эътиборини тортадиган қилиб қўйилиши ва рекламадан тортиб, нарх ёзилган қоғозча қандай туришигача белгилаб бераркан. Аммо мерчендайзинг бевосита савдо масаласига аралашмаслиги ҳам алоҳида ёзиб қўйилибди. Молингизга қанча чегирма қўясиз, улгуржи бериб юборасизми ёки чакана сотасизми - бу ёғи билан иши йўқ.
Энди ЎФФ расмий сайтидаги хабарда мерчендайзинг ҳақида нима дейилганига эътибор қаратсак: «Футбол клублари мерчендайзинг маҳсулотларини (клуб атрибутикаларидан фойдаланилган сувенир маҳсулотлар) ишлаб чиқариш ҳуқуқига эгалар. Ишлаб чиқаришдан олдин маҳсулотлар эскизлари ва дизайни ПФЛ маркетинг бўлимига тақдим этилиши ва тасдиқланиши зарур.
Футбол клублари ўз стадионларида мерчендайзинг маҳсулотларини сотувчи камида битта савдо шохобчасини ташкил қилишга мажбурлар.
Футбол клублари ўз уй стадионларидаги учрашувлар чипталарининг сотувидан тушган маблағнинг 2 фоизини ҳар йили ПФЛ ҳисобига ўтказиб боришлари шарт».
Кўриб турганингиздек, мен википедияда ўқиб олганим мерчендайзинг билан ЎФФнинг тушунчаси бир-бирига унчалик ҳам мос келмас экан.
Айниқса, чипталардан тушган пулнинг 2 фоизи ПФЛ ҳисобига ўтказиб берилишининг мерчендайзингга қандай алоқаси борлигига тушунмадим. Аммо майли, бунақа ибораларни иқтисод фани олимлари ва ПФЛга қўйиб берайлик-да, масаланинг асл моҳиятига ўтайлик.
Ўзбек футболида маркетинг масаласи қай даражада? Унинг истиқболи қандай? Умуман, маркетингни ривожлантириш учун нималар қилиш мумкин? Хориж футболи тимсолида бу борада ўз нуқтаи назаримизни билдиришга уриниб кўрамиз.
ПФЛ ВА ҲОМИЙЛАР
Маркетинг ҳақида гап борар экан, энг аввало, Профессионал футбол лигасининг ўзида ҳолат қандай эканига эътибор қаратсак. Бу ташкилотга пул келадиган бошқа бирор манба борми ёки фақат клублардан йиғиб олинадиган маблағ эвазига кун кўрадими? Умуман, профессионал мусобақаларни ўтказадиган ташкилот қандай бўлиши лозим?
ПФЛ ташкил этилганидан буён қанча вақт ўтган бўлса, биз уни фақат клублардан йиғилган бадал пулини сарфлайдиган ташкилот сифатида биламиз. Буни яшириш шарт эмас.
Ҳамма умид янги раҳбариятга боғланган эди, аммо афсуски, ҳозирча бу масалада ҳам бирор ўзгариш рўй берганини кўрмадик. Йўқ, узр, ўзгариш бор экан - ўша бадал пули миқдори сезиларли равишда оширилди. Шуни кутганмидик?
Таассуфки, ПФЛнинг қай тариқа пул ишлаши мумкинлигини ҳозирча тасаввур қилиб кўриш ҳам қийин. Яъники, охирги вақтларда кўп гапирилаётган маркетинг ва балки, мерчендайзинг ҳам жуда оқсаётир.
Айтайлик, ПФЛнинг ҳатто ўз ҳомийси ҳам йўқ. Яъни, бирор компанияни реклама қилиб, шу орқали пул ишлашни билмайди. Келинг, шу ўринда бошқа ўлкаларда вазият қандай эканига эътибор қаратсак.
Узоққа бормаймиз-да, Россия Премьер-лигасидан мисол келтириб қўя қоламиз. Бунинг учун ташкилотнинг расмий сайтига кирамиз ва «ҳомийлар» деб аталмиш ҳаволага мурожаат қиламиз. Компьютерингиз сичқончасини бир «ниқташ»нинг ўзиёқ сизга бир олам ҳомийлар рўйхатини чиқариб беради.
Бу ерда дунёга машҳур Nike бренди дейсизми ёки «Росгос-страх»га ўхшаган маҳаллий етакчи компаниялар дейсизми, барча-барчаси бор. Атайлаб санаб чиқдим, 11та компания РФПЛ билан ҳамкорлик қиларкан. Орасида авиакомпаниялар ҳам мавжуд. Мана буни профессионаллик деса бўлади!
Энди бир ўйлаб кўринг, шундай бақувват ҳамкорларга эга ташкилот фақат клублардан йиғиладиган бадал пулига қараб қолиши мумкинми? Ҳали биз Испания Ла-лигаси ёки Германия Бундеслигаси ҳақида гаплашмадик. Уларнинг ҳар бири қандай пул ишлашни жуда яхши билади ва лозим бўлганда клубларга ўзи ёрдам бериши мумкин.
Бизда-чи?
БИЗДА
ПФЛ келаси йилдан эътиборан олий лигани Суперлига, биринчи лигани эса Про-лига деб аташга қарор қилди. Аммо ном ўзгаргани билан яна ҳаммаси аввалгидек қолиб кетмасмикан?
Ҳозир ўзбек футболида вазият шундайки, клублар ўзаро тил бириктириб, алоҳида чемпионат ташкил этиб олса, ПФЛ молиявий жиҳатдан ҳеч қандай босим ўтказа олмайди. Тўғри, бу чемпионат расмий мақомга эга бўлмаслиги мумкин, аммо йирик миқдордаги бадал пулини тўлай олмаган жамоа қаердадир футбол ўйнаши лозим-ку, шундай эмасми?
Майли, бу чемпионатда ғолиб чиққан жамоа Осиё Чемпионлар Лигасига йўл олмасин, аммо томошабин тўплаш бўйича Суперлига ғолибидан ўтиб кетмаса, нима десангиз денг.
Олий лигада чемпионликка эришган «Локомотив»нинг ўйинига бу йил қанча мухлис келди? Ишонаверинг, агар «Нефтчи» ёки «Динамо» қандайдир ҳаваскорлар мусобақасида ғолиб чиқса, стадионга ишқибоз сиғмай кетади. Яна ҳам бу ареналар сиғими «Локомотив»никидан бир неча баробар кўп...
Мен бу билан клубларни алоҳида мусобақа ташкил этишга чақирмоқчи эмасман. Шунчаки, улар бўлмаса ПФЛ ҳам ҳеч нарсага арзимайдиган ташкилотга айланиб қолиши мумкинлигини назарда тутдим.
Зеро Профессионал футбол лигаси фақат клублардан бадал пули йиғиб оладиган ташкилот, холос. Ёки қаердадир адашяпманми?
КЛУБЛАР
ДАВОМИ
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).