Таниқли мутахассис Алишер Никимбаев Қатар футбол ассоциациясида иш бошлади. Ҳамюртимиз ва мамлакат ФА ўртасида тузилган бир йиллик шартнома муддати ўзаро келишув асносида узайтирилиши ҳам мумкин.
Маълумот учун айтиш керак, Никимбаев бунгача ОФК ва БААда фаолият юритганди. 2022 йилги ЖЧ айнан Қатарда ўтказилишини инобатга олсак, мутахассисимизнинг бу мамлакатда узоқ муддат қолишини тахмин қилиш қийин эмас.
Чунончи, футболга катта эътибор қаратилаётган мамлакатларда тажрибали мутахассисларни алоҳида қадрлашади. Хуллас, ўтган ҳафта Алишер ака билан боғланиб, янги иш жойи ва режалари хусусида бафуржа суҳбатлашдик.
- Алишер ака, аввало, Қатарда ишлаш варианти қайдай юзага келгани ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз: ким таклиф қилди, вазифангиз нималардан иборат?
- Ўтган йилнинг ноябрь ойида Қатар футбол ассоциациясидан расман таклиф олдим. Унгача қатарликлар билан маълум муддат музокара олиб боргандим. Хуллас, ноябрнинг охирида шартнома остига имзо чекдим ва декабрдан ишга киришдим.
Асосий вазифам - Мусобақаларни ўтказиш бўлими техник эксперти сифатида Қатар футболига дахлдор барча ўйинларни назорат қилиш, уларни ташкиллаш жараёнида иштирок этиш. Бундан ташқари, регламент масалалари билан шуғулланаман.
Мана, яқинда «Бавария» Қатарда йиғин ўтказиб, ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Қисқаси, шу каби ва Қатар клублари ҳамда терма жамоалари иштирокидаги ўйинларни ташкиллаш, назорат қилиш менинг зиммамда.
- Шартнома бандлари қандай, федерациянинг ўзида ишлайсизми ёки...?
- 1 йиллик келишувни автоматик равишда узайтиришимиз мумкин. Албатта, Қатар ФА офисида ишлайман. Ассоциация ва Профессионал футбол лигаси Дохадаги 40 қаватли бинода жойлашган. ЖЧ-2022 ташкилий қўмитаси учун ҳам айни шу осмонўпар иншоотдан жой ажратилган.
- «Бавария» билан ўртоқлик ўйинини ташкиллашда иштирок этдингизми? Умуман, шу учрашув ҳақида маълумот берсангиз. Ҳар ҳолда, «Бавария» Қатарга шунчаки, келмагандир... Қолаверса, бу ўйинда комиссар вазифасини бажарибсиз.
- «Бавария» билан тегишли компаниялар музокара олиб борган. Аслида Германия суперклуби ва Қатар аэропорти ўртасида шартнома бор. «Бавария» шу келишувга кўра, ҳар йили Қатарда йиғин ва битта «ўртоқлик» ўтказади. Бу йилги йиғини «Эспайр» академиясида бир ҳафта давом этди.
Шартномага биноан, ўртоқлик ўйини ҳам академияга тегишли машғулотлар майдонида ташкиллаштирилди. Ҳа, учрашувни назоратчи ролида кузатдим. Ўйин юзасидан саволлар етарли эди. Биринчи галда, мухлислар ташрифи бўйича муаммо юзага келди. Чунки машғулот майдонида трибуна йўқ.
Ташкилотчилар томонидан эса махсус таклифнома кўринишида 750 дона чипта чиқарилганди. Ўша куни чамаси 2-3 минг мухлис тўпланди. Қолаверса, ўйиндан кейин футболчилар билан суратга тушишни истаган фанатларга боғлиқ кичик муаммо рўй берди. Шу сабаб, ўйин шахсан мен учун яхшигина бош оғриғи бўлди.
- Қатар ФА ва ПФЛнинг функция ва мажбуриятлари биздагидан нечоғли фарқланади?
- Табиийки, Қатарда ҳам ПФЛ миллий ассоциацияга бўйсунади. Фарқи шуки, Лига раҳбари ФА вице-президенти ҳисобланади. Лекин икки ташкилот молиявий томондан мустақил иш юритади. ПФЛ йил давомида 3та мусобақа ўтказади - Юлдузлар лигаси, Лига ва мамлакат кубоги.
Тўғри, Қатар кубогида мамлакатнинг энг кучли 4та жамоаси иштирок этади, холос. Шунингдек, 23 ёшгача бўлган футболчилар учун алоҳида турнир бор ва у Қатар ФА томонидан ташкиллаштирилади. «Амир кубоги»да олий ва биринчи лига жамоалари қатнашади.
Қуйи дивизион вакиллари учун ҳам алоҳида кубок турнири йўлга қўйилган. Қатар кичик мамлакат ва ФА таркибида минтақавий федерациялар йўқ. Хуллас, ассоциация назоратидаги барча мусобақалар айнан бизнинг бўлим томонидан ташкил этилади.
- Қатар ФА қайси манба ҳисобига молиялаштирилади, Лига даромади нимадан?
- Ассоциацияни ҳам, Лигани ҳам Қатар Миллий олимпия қўмитаси молиялаштиради. Тўғри, ҳар икки ташкилотда алоҳида ҳомийлари бор. Эътиборлиси, олимпия қўмитаси бу йилдан эътиборан ҳаттоки, футболчилар маошини ҳам ўз зиммасига олмоқчи.
Чунки баъзи клублар айниқса, легионерларга вақтида маош беришда қийналмоқда. Бу ҳолат мамлакат футболининг халқаро обрўсига путур етказиши мумкин. Шуларни инобатга олган олимпия қўмитаси жараёнга аралашиб, ёрдам қўлини чўзмоқчи.
Дейлик, Санжар Турсунов худди шундай ҳолатга тушган ва у айнан олимпия қўмитаси аралашуви билан маошини олганди. Энди маош тўлови кечиктирилмайди. Ҳар ҳолда, олимпия қўмитаси анча бой ташкилот ҳисобланади.
- Бироқ клублар масъулиятни йўқотиб, олимпия қўмитасига қарам бўлиб қолиши мумкин-ку.
- Шартга кўра, клублар энди легионерларни фақат олимпия қўмитаси рухсати билан харид қилиши мумкин. Демакки, қатарликлар хориждан футболчи таклиф этиш масаласига жиддий ёндашмоқдалар.
Бу ижобий ҳолат. Масъулиятга келсак, МОҚ фақат белгиланган маошни тўлайди, мукофот пуллари эса клублар зиммасида қолади.
- Умуман, бу олимпия қўмитаси томонидан кўрсатилаётган беғараз ёрдамми ёки қарз...?
- Қарз эмас. Қайтараман, олимпия қўмитаси бақувват ҳомийларга эга, яъни ташкилотда пул бор. Айтиш жоиз, Қатар МОҚ нафақат футбол, балки бошқа спорт турлари учун ҳам катта маблағ ажратмоқда.
- Юлдузлар лигаси иштирокчиларидан бадал пули ҳам олинадими?
- Ҳеч қандай бадал йўқ. Аксинча, барча клубларга мавсум якунида Юлдузлар лигасидаги натижасига қараб, пул мукофоти берилади. Бу - Қатар жамоалари учун яратилган шароит ва имтиёзнинг бир кўриниши.
- Хўш, мамлакат чемпиони ва кубок соҳиби айнан қанча мукофот олади?
- Аниқ рақамларни айтолмайман. Чунки мукофот пули миқдори чемпионат якунида эълон қилинади. Лекин чемпион ҳам, кубок совриндори ҳам каттагина суммага эга бўлиши тайин.
- Яқин орада хорижнинг қайси жамоалари Қатарда меҳмон бўлиши мумкин? Демоқчимизки, биринчи мустақил ишингиз қачон амалга ошади?
- Иш бошлаганимга бир ой бўлди ва биринчи лига кубогида кординатор вазифасини бажаришга улгурдим. Саволингизга келсак, Кўрфаз кубоги сабаб, режалаштирилган кўплаб ўйинлар бекор қилинди. Масалан, «ПСЖ» ҳам Дохага келиши керак эди. Лекин бунга Кўрфаз кубоги халақит берди.
Хуллас, яқин орада Қатарда ўтказиладиган ОЧЛ ҳамда ОФК кубоги ўйинларида мезбон давлатнинг расмий вакили сифатида ишлайман. Дейлик, 30 январь куни «Пахтакор» ОЧЛ саралаши «плей-офф» ўйинида «Ал-Гарафа» меҳмони бўлади. Қатар ФА томонидан бу ўйинни ташкиллашга масъул сифатида тайинланганман.
Бундан ташқари, Ироқ ва Сурия клублари ОФК кубогидаги ўйинларини Қатарда ўтказади. Уларга ҳам айнан мен масъулман. Айни пайт Суриянинг яна бир клуби халқаро ўйинларини Қатарда ташкиллаш бўйича музокара олиб боряпти. Демакки, ОФК кубоги доирасидаги 9та учрашувда расмий вакил сифатида қатнашишим мумкин.
- «Ал-Гарафа» ҳақида сўз очдингиз. Қизиқ, Уэсли Снейдер трансфери ҳам олимпия қўмитаси томонидан амалга оширилдими ёки...?
ДАВОМИ
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).