24 февраль куни «Бунёдкор» сафида 9 йилдан буён тўп суриб келган Достонбек Ҳамдамов Россиянинг «Анжи» клуби сафига бориб қўшилди.
Аввалига ОАВда, хусусан, «Championat.asia» нашрида Достон Ҳамдамов Тошкент клуби раҳбариятининг рухсатини олмай туриб, Россия клубига кетиб қолгани ҳақида хабар берилди. Айни вақтда бу хабар сайтдан олиб ташланган.
Хабарда яқиндагина Ўзбекистон U23 терма жамоаси сафида Хитойдан Осиё чемпиони бўлиб қайтган футболчи ҳеч кимга айтмай, Туркияга кетгани ва «Анжи» йиғинига бориб қўшилгани айтилганди. Таъкидланишича, бундан на клуб раҳбари Мурод Алиевнинг ва на бош мураббий Миржалол Қосимовнинг хабари бўлган.
Футболчининг отаси берган маълумотга кўра, унинг ўғли Маҳачқалъа клуби билан 1,5 йиллик шартнома тузган. У ОАВда ўғлининг трансфери билан боғлиқ салбий хабарларга муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, Ҳамдамовнинг «Бунёдкор» билан амалдаги шартномаси муддати 2018 йил декабригача бўлган. Шартномадаги бандга кўра, агар Европанинг бирор жамоаси Достонбек Ҳамдамов учун муайян суммани тўлаб берса, футболчини кейинроқ бошқа клубга сотса ва «Бунёдкор»га кейинги трансфердан 15 фоизлик улуш ўтказишга рози бўлса, футболчини ўзиники қилиши мумкин эди. «Анжи» бу шартларга рози бўлган, футболчининг ўзи ҳам кучини бошқа чемпионатда синаб кўришни истаган.
«Россия чемпионати иштирокчи бўлмиш «Анжи» клуби «Бунёдкор» Достонбек учун сўраган суммани тўлашга ва қолган шартларни ҳам бажаришга тайёр. Достонбек ҳам кучли чемпионатда ўзини астойдил синаб кўрмоқчи бўлди. Айниқса, унинг отаси бу трансфер амалга ошишини қаттиқ истаб, ўғлини шунга ундади. Бир қатор интернет нашрларида клуб раҳбари ва мураббий бу трансфердан бехабарлиги, Достон «Анжи»га қочиб кетгани ҳақида хабар тарқалди. Аслида эса, «Бунёдкор» Бирлашган араб амирликларида бўлган йиғинда эканида клуб раҳбари Мурод Алиев ҳамда бош мураббий Миржалол Қосимов ҳам Достонбекнинг «Анжи»га кетмоқчи эканидан хабардор бўлишган, фақат улар буни исташмаган. Клуб Амирликлардан қайтгач, Достонбек Анталияда йиғин ўтказаётган «Анжи» таркибига бориб қўшилди. У билан гаплашганимда «Бунёдкор»дан бир умр қарздорлигини, нимага эришган бўлса, шу клуб сабаб эришгани ҳақида гапирди. Аммо ҳар қандай футболчи юқорига интилишни, ўсишни истайди. Унинг устига, Достон қоида бўйича ҳаракат қилди, клуб билан тузилган шартномани бузгани йўқ.
Агар амалдаги келишувни бузиб, қонунга хилоф равишда кетганида «қочиб кетди» деган ибора қўллаш мумкин эди. Аммо у рисоладагидай иш тутди. Буни «қочиб кетди» дея талқин қилиш аламзадаликдан бошқа нарса эмас. «Бунёдкор» Достонни «одам» қилган бўлса, мана у ҳам яхшиликка жавоб тарқасида жонажон клуби ҳисобига анчагина маблағ тушишига сабабчи бўлмоқда», дейди «Kun.uz»га футболчига яқин манба.
Достон Ҳамдамов «Бунёдкор» футбол академиясига 13 ёшида келган. У 9 йил давомида шу клубда тўп сурди ва жамоанинг асосий футболчиларидан бирига айланиб, терма жамоага чақирилди.
Бундан аввалроқ «Бунёдкор» ҳужумчиси Элдор Шомуродов Россиянинг «Ростов» клубига йўл олганди. Кейинроқ «қалдирғочлар»нинг бошқа бир етакчиси Отабек Шукуров Амирлик клубига трансфер қилинди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).