Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ дарвозабони Игнатий Нестеров икки йил муддатга футболдан четлатилиши мумкин. Бу ҳақда GoSport.uz интернет-нашри манбалари хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, ОФК тартиб-интизом қўмитаси вазиятни ўрганиб чиққан ва тез орада якуний хулосани тақдим этади. Унда Нестеровнинг икки йил муддатга дисквалификация қилиниши ҳақида қарор чиқарилиши кутилмоқда. Ҳозирча бу борада расмий маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Игнатий Нестеровнинг қонидан тақиқланган модда топилгани учун вақтинчалик четлатилгани ҳақида хабар берилганди. Маълум бўлишича, Осиё кубоги доирасидаги Уммонга қарши учрашувдан сўнг допинг назоратидан ўтган Нестеровнинг қонидан «сибутрамин» моддаси топилган. Бу модда одатда спортчиларнинг вазн ташлашига ёрдам берувчи препарат саналади. Уни ўйин ёки мусобақалар вақтида истеъмол қилиш мумкин бўлмаган. Бошқа вақтларда, мисол учун ўйинлар ўтказилмаган вақтларда бу препаратни истеъмол қилиш мумкин бўлади.
Маълумот учун, Игнатий Нестеров январь ойи сўнгида Саудия Арабистонининг «Уҳуд» клуби сафига бориб қўшилганди. Олдинроқ у терма жамоадаги фаолиятини якунлангани ҳақида маълум қилган.
Допинг можаросидан сўнг, Нестеров «Уҳуд»дан Тошкентга қайтиб келди. Агар дисквалификация амал қиладиган бўлса, футболчи клуб билан шартномасини бекор қилиши мумкин.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).