Бугун Ўзбекистон Суперлигасининг 11-туридан ўрин олган ўйинлар якунланади. Кун доирасида Қаршининг “Насаф” клуби Зоминда Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасини қабул қилади.
“Насаф” жамоаси учун мавсум омадли бошланмади. “Аждарлар” чемпионат доирасида ўтган 10 та ўйиннинг 3 тасида ғалаба қозонишни уддалади. Шунингдек, 4 та баҳсда рақиблари билан муроса йўлини танлади. Жамоа айни вақтда 13 очко билан турнир жадвалида 9-ўринни эгаллаб турибди.
Тимур Кападзе бошқарувидаги “Навбаҳор” эса 10 та ўйиннинг 6 тасида ғалаба қозонишни уддалади. Шунингдек, “Сўғдиёна” жамоасига қарши ўйинда дуранг натижа қайд этилди. “Лочинлар” айни вақтда 19 очко билан турнир жадвалида 5-ўринни эгаллаб турибди.
Мазкур жамоалар Суперлига доирасида ўтган сўнгги икки ўйинда бир хил натижалар қайд этишди. “Насаф” жамоаси “Локомотив”га мағлуб бўлиб, сафарда “Пахтакор” билан дуранг ўйнади. “Навбаҳор” эса 9-турда “Сўғдиёна” билан дуранг ўйнади, 10-турда эса “Бунёдкор”га мағлуб бўлди.
Ушбу жамоалар ўртасида ўтган мавсум Қаршида бўлиб ўтган ўйинда Драган Черан томонидан киритилган ягона гол эвазига “Насаф” жамоаси ғалаба қозонган. Наманганда ўтган баҳс эса голсиз дуранг билан якунланган эди.
Хўш, бугун қандай натижа қайд этилади? “Насаф” ўз мезбонлиги остида ўтадиган ўйинда ғалаба қозониб, кучлилар сафига қайтадими? Ёки “Навбаҳор” сафарда ғалаба қозониб, кучли учликка қайтадими? Бу саволга бугун соат 20:00 да старт оладиган ўйинни томоша қилиш орқали жавоб топамиз.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).