Германиянинг биринчи рақамли шахматчиси Винсент Кеймер FIDE рейтингининг юқори поғоналарида юз берган ўзгаришларга муносабат билдирди. У ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторовнинг ҳиндистонлик шахматчилар — Гукеш Доммаражу, Рамешбабу Прагнанандҳа ва Аржун Эригаисидан ўзиб кетиб, тўртинчи ўринга кўтарилганини изоҳлади.
Кеймер SchachMagazin64 журналига берган интервьюсида Абдусатторов улардан кучли эмаслигини таъкидлар экан, буни мантиқсизлик деб атади:
“Нодирбекни Гукеш, Праг ёки Эригаисидан анча кучли деб даъво қилиш мантиққа тўғри келмайди. Уч ой аввал Абдусатторов 2730 баллга эга эди, улар эса 2800 га яқинлашганди — ҳамма нарса жуда тез ўзгаради. Бу ҳолат менга ҳам тегишли: ҳозир мендан 20-30 очко пастда турган ўйинчилардан яққол устун эмасман. Улар ҳам тинимсиз меҳнат қиладиган, иқтидорли ёш авлод вакиллари. Ҳаммаси ҳозирги спорт формасига боғлиқ”, дейди Кеймер.
Айни вақтда Аржун ҳиндистонликлар орасида энг юқори ўринда бўлса-да (11-поғона), Прагнанандҳа 16-ўринни эгаллаб турибди. Амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш эса 18-поғонадан жой олган (ўтган йилнинг март ойида у учинчи ўринда эди).
Маълумот ўрнида, ҳиндистонлик шахматчиларнинг сўнгги бир йилда кучли ўнталикни тарк этишига уларнинг спорт формасидаги пасайиш сабаб бўлди. Хусусан, Гукеш деярли бир йилдан берди барқарор ўйин кўрсата олмаяпти. Шунга қарамай, у жорий йил охирида жаҳон чемпиони унвонини Жавоҳир Синдоровга қарши баҳсда ҳимоя қилади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).