Сўнгги пайтларда Европанинг кўркам ва ҳашаматли стадионларидан бири бўлмиш Милан шаҳрининг бош аренаси қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.
«Жузеппе Меацца» ва «Сан-Сиро» номлари билан юритиладиган афсонавий арена яқин келажакда ўз фаолиятини тўхтатиши мумкин. Уни бутунлай бузиб ташланиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Чунки стадион ёнида замонавий иншоот қурилиши режалаштирилган.
Мазкур маълумотни «Милан» президенти Паоло Скарони расман тасдиқлади. Шундан кейин маҳаллий мухлислар ва мутахассислар ўз фикрларини баён этишга киришдилар. Жумладан, Италия терма жамоасининг собиқ дарвозабони Марко Амелия янги стадион қурилиши лойиҳасини маъқуллади. Унинг фикрича, замонавий иншоот Милан клубларига жадал ривожланиш ва нуфузли совринларни қўлга киритиш орқали аввалги мавқеларини тиклаб олиш имкониятини беради. Бироқ ҳозирги аренанинг бузиб ташланишига маҳаллий фаоллар ва шаҳар мэри Жузеппе Сала қарши чиқишди. Хуллас, шаҳарнинг икки номдор жамоасига бошпана бўлиб келган ва футболнинг Ла-Скаласи сифатида ардоқланадиган меъморчилик асарининг тақдири хусусидаги тортишувлар тобора авжига чиқмоқда.
2010-2014 йилларда «россонери» шарафини ҳимоя қилган Амелия янги стадион тарафдори: «Лойиҳа билан танишар эканман, «Сан-Сиро»даги барча ўйинларим бирма-бир хаёлимдан ўтди. Аммо ҳаётдан орқада қолмаслик учун вақти-вақти билан олдинга қараб туриш керак, деб ҳисоблайман. Янги арена «Милан» ва «Интер»га бой берилган аввалги нуфузларини тиклаб олиш имкониятини беради».
Лойиҳани ҳамкорликда амалга ошириш хусусидаги ҳужжатга бу икки жамоа мутасаддилари ўтган йилнинг ноябрида имзо чекишганди. Лекин янги иншоотни бунёд этишга март ойи охирида қарор қилинди. Орадан бир неча кун ўтгач, «Милан» президенти Паоло Скарони мухлислар ўртасидаги миш-мишларни тасдиқлади: «Сан-Сиро» соғинчи қалбимни тирнашини аввалдан сезиб турибман. Бироқ енгилмас «Милан»ни кўриш иштиёқи бундан ҳам кучлироқ азоб бермоқда. Менинг вазифам - жамоани энг кўркам стадион билан таъминлаш. Бунга ҳаммасини янгидан қуриш орқали эришиш мумкин. Таъмирлаш йўли билан мақсадга эриша олмаймиз. Биринчидан, ҳар уч кунда учрашув бўлиб турадиган жойда қурилиш ишларини бажариб бўлмайди. Иккинчидан, жамоаларимиз 3 йил давомида уй учрашувларини бошқа шаҳарда ўтказишларини тасаввур қила олмайман».
«Милан» бош мураббийи Женнаро Гаттузо клуб президентининг фикрларини маъқуллаш билан чекланиб қолмасдан, ўз нуқтаи назарини ҳам изҳор этди: «Сан-Сиро» доимо қалбимизда. Ёнидан ўтган кишида у ёрқин хотиралар ва ажиб ҳиссиётларни жонлантиради. У ҳеч қачон буюклигини йўқотмайди. Лекин мен клуб равнақи йўлида бошқа жамоалар билан муносиб беллашиш имкониятига эга бўлишимиз учун янги стадион қурилишини қўллаб-қувватлайман».
«Интер» раҳбарияти қўшни жамоа вакиллари билан ҳамфикр эканлигини билдирди. Жумладан, клуб ижрочи директори Алессандро Антонелло замонавий арена нафақат икки номдор клуб, балки шаҳар учун ҳам муҳим эканлигини таъкидлади.
Шуни ҳам унутмаслик керакки, лойиҳани амалга ошириш учун клублар мутасаддиларининг хоҳиш-истаклари камлик қилади, уларни Милан маъмурлари қўллаб-қувватлашлари ва амалий ёрдам беришлари лозим. Бироқ шаҳар мэри Жузеппе Сала янги иншоотни бунёд этишдан кўра «Сан-Сиро»ни таъмирлаш мақсадга мувофиқ, деб ҳисобламоқда: «Мен мавжуд аренада тегишли ўзгаришларни амалга ошириш ва талаб даражасидаги шароитни яратиш тарафдориман. Ривожланиш имкониятига эга бўлмаган стадионнинг келажаги йўқ эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Мен клублар раҳбариятидан аниқ таклифни кутяпман. Нима бўлганда ҳам, бунёдкорлик ишлари шаҳар манфаатига хизмат қилади».
Сиёсий партиялардан бирининг вакили бўлган Пьетро Татарелла ҳам мавжуд стадионни сақлаб қолиш таклифини олға суриб, бу борада референдум ўтказилиши лозимлигини таъкидлади ва шаҳарнинг рамзларидан бирига айланган тарихий обида ҳимояси учун талаб этиладиган 15000 имзони тўплай олишини билдирди.
«Милан»нинг собиқ президенти Адриано Галлиани эса бу масалада альтернатив вариантни таклиф этди. Функционер ўйлаб иш тутиш лозимлигини таъкидлаб, «Сан-Сиро» ўз вазифасини бажармаган тақдирда ҳам миланликларга катта манфаат келтириши мумкинлигини маълум қилди: «Очиғи, аренани бузиб ташлаш ёки шунчаки ўз ҳолича фаолиятсиз қолдириш ғоясини оғриқ билан қабул қилдим. Ахир ундан бошқа мақсадларда фойдалансак бўлади-ку. Бу фикрни мен «Миланист» ва оддий фуқаро сифатида айтяпман».
«Сан-Сиро» 1926 йилда битказилиб, фойдаланишга топширилган. Аввалига унинг сиғими 35000 мухлисга мўлжалланганди. Арена ҳозирга қадар бир неча марта таъмирланиб, ундаги ўриндиқлар сони 80 мингтага етди. 1947 йилдан бошлаб ундан шаҳарнинг икки машҳур жамоаси фойдалана бошлагани стадионнинг доимий равнақини таъминлади. Охирги кенг кўламдаги таъмирлаш ишлари 1990 йилдаги ЖЧ арафасида амалга оширилди. Италия мезбонлигида ўтган мундиалда стадион гуруҳ босқичидаги бир неча учрашувларга, нимчорак ва чорак финал беллашувларига мезбон бўлди. Бундан ташқари, ЕЧЛнинг 2та финалига (2001 ва 2016) мезбонлик қилди.
«Сан-Сиро»нинг инфратузилмаси аллақачон эскиргани боис, «Милан» талаб даражасида тараққий эта олмаётгани ва Европа грандларидан ортда қолиб кетаётганини клуб президенти Паоло Скарони кўп таъкидламоқда: «Даромадимиз 2003 йилда қандай бўлса, ҳозир ҳам ўзгармаган. Бу ёқда «Реал» ва «МЮ» миллиардлик маррани забт этиш арафасида туришибди. Даромадни кўпайтира олсак, савияли футболчиларни харид қилиш имкониятига эга бўламиз. Шунда ЕЧЛга чиқиш, ҳатто зафар қучишни орзу қилсак ярашади. Бу эса янги, самарали инфратузилма билан қуролланишни талаб этади».
«Милан» ҳамда «Интер» мутасаддилари янги аренани 2023 йилда қуришни мўлжаллашмоқда. У «Сан-Сиро»га яқин ҳудудда қад кўтаради, сиғими эса 60 минг мухлисга мўлжалланади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).