Айни дамда АПЛда энг қувноқ футбол намойиш этаётган “тулкилар” мусобақа жадвалининг иккинчи поғонасига маҳкам ўрнашиб олишганидан хабарингиз бор. Клуб сўнгги 10 йил ичида катта бюджетсиз ҳам яҳшигина кўтарилишни амалга оширгани таҳсинга сазовор. Айни дамда клуб муолиявий томондан АПЛнинг 8-рақамли жамоаси бўлиб турибди. Хўш, ушбу клуб етакчи футболчилари йилига қанча маош олишмоқда? Бугун ушбу саволга жавоб топишингиз мумкин.
Юри Тилемасн
Қанчалар ғалати туюлмасин, Белгия терма жамоаси аъзоси ушбу рўйхатдаги энг “камтарин” маош эгаси сифатида қайд этилади. Бунинг ўзига яраша сабаблари мавжуд. Клуб Тилемансни қўлга киритиш учун “Монако” клубига 45 миллион евро тўлашга мажбур бўлди ва иқтидорли футболчи учун катта суммадаги контракт таклиф эта олмади. Шунга қарамай, белгиялик футболчининг ўзи АПЛда тўп суриш учун кичикроқ маошга ҳам рози бўлди ва бу қарор эндиликда ўзини тўлиқ оқламоқда. Асосий таркиб футболчиси бўлишга қарамай, Юрининг йиллик даромади 1,9 миллион еврони ташкил этади. Тўғри, бу сумма ҳам кичик эмас, бироқ ярим ҳимоячининг клуб фойдаси учун қўшаётган хиссасини инобатга олсак, тез орада бу шартнома қайта имзоланиш аниқ.
Чеглар Суюнджу
“Манчестер Сити” нишонида турган ҳимоячи ушбу мавсумда жамоа ғалабаларига ўзининг улкан хиссасини қўшиб келмоқда. Ишончли ўйин ва совуққонлик курашларга бой чемпионат ўйинларида туркиялик футболчига қўл келмоқда. Бренден Рожерснинг кашфиётларидан бири сифатида тан олинган ҳимоячи айни дамда йилига 2,6 миллион евро маош олмоқда. Шунингдек, жамоа ҳужумчиси Аёзе Перезнинг ҳам маоши ҳам 2,6 миллионни ташкил этади.
Жеймс Медисон
Британия футболидаги янги юлдузга айланиб бораётган қаҳрамонимиз АПЛ грандлари эътибор марказида турганидан хабарингиз бор. У ижро этган узатмаларнинг 83,3 фоизи ўз манзилига аниқ етиб боради. Бу АПЛдаги энг яҳши кўрсатгичлардан бири. Яқинагина клуб билан янги шартнома имзолаган ярим ҳимоячининг трансфер қиймати кескин кўтарилган бўлсада, маоши борасида бундай дея олмаймиз. Ҳозирги кунга келиб футболчи йилига 3,1 миллион евро ишлаб топмоқда. Тўғри, бу юқорида номи зикр қилинган футболчиларникидан кўпроқ, бироқ…
Ушбу мавсумда деярли майдонга тушмаган Вес Морган ва Кристиан Фукснинг йиллик даромади 2,9 миллион евродан ошади. “Лестер эртаги”даги қаҳрамонлиги боис, жамоа ҳимоячиларга 2,9 миллион евро маош белгиланган 1 йиллик шартнома таклиф этган. Катта эҳтимол билан бу йигитлар ушбу мавсумдан сўнг, бутсаларини михга илишса, ажаб эмас. Шундай бўлсада, клуб раҳбарлари ва мухлисларнинг улардан кўнгли тўқ. Ахир улар, клуб тарихидаги энг улкан ғалабага асос солган қаҳрамонларку!
Филип Бенкович
Бу футболчи ҳақида клубнинг ашаддий мухлисларигина маълумотга эга эканлиги аниқ. Загребнинг “Динамо” жамоасидан харид қилинган ҳимоячи қанчалар иқидорли бўлмасин, асосий таркибдан жой олишни уддалай олмаяпти. Шунга қарамай, унинг бир йиллик маоши 3,5 миллион еврони ташкил этади. Энг қизиғи шундаки, мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказаётган Бен Чилвелнинг йиллик даромади 3,7 миллионга тенг. Бенковичдан фарқли ўлароқ, Бен бу мавсумдаги “Лестер”нинг чинакам маторига айланиб бормоқда. Бундан ташқари, Англия терма жамоасига ҳам мунтазам чақирилмоқда ва асосий таркибдаги ўрнини ҳеч кимга бериб қўймоқчи эмас. Шунингдек, Рикарду Перейрани ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Йилига 4 миллион евро ишлаб топаётган қанот ҳимоячисига ҳеч кимда ҳеч қандай эътироз йўқлиги аниқ. Ишончли ва фойдали футболчининг маоши тез орада кўтарилиши аниқ. Шундай бўлсада, клуб сафида Нголо Кантедан ҳам фойдалироқ мавсум ўтказаётган Ндидининг ( ҳар бир учрашувда ўртача 5,4 та тўп учу курашда ғолиб чиқмоқда) маоши ҳам деярли Перейраники билан бирдек.
Жони Эванс
“Манчестер Юнайтед”даги ўйинлари орқали барчага таниш бўлган Эванс клубда энг катта маош олувчи ҳимоячи саналади. Йилига 4,5 миллион евро даромадга эга чиқувчи ҳимоячи ўз маошини тўлиқ оқламоқда десак, адашамаган бўламиз.
Каспер Шмейҳел
Ўзининг 33 ёшида ҳам ишончли ўйин кўрсатаётган дарвозабоннинг клуб мухлислари олдида ҳурмати баланд. 2015-йилда қўлга киритлган чемпионликка катта хисса қўшган киппернинг маоши айни дамда 7,5 миллион еврога тенг. Дания терма жамоаси дарвозабони кўплаб таклифларни рад этиб клубда қолишга қарор қилди ва раҳбарият уни жамоадаги энг катта маош олувчи иккинчи футболчига айлантирди.
Жейми Варди
Ўз вақитда “Арсенал”, “Тоттенҳем” сингари клубларнинг таклифларидан воз кечган Варди клуб рамзи ва афсонасига айланиб бўлди, десак адашмаган бўламиз. Айни дамда АПЛ тўпурарлари пйгасини бошқариб бораётган ҳужумчи клубдаги энг катта маош олувчи футболчи саналади. Ўзининг 8 миллионлик шартномасини тўлиқ “ҳалоллаб” олаётган Варди Агуеро, Салаҳ сингари топ ҳужумчилар билан бир ҳил савияда тўп суриб келмоқда.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).