Италиянинг "Интер" клуби собиқ бош мураббийи Андреа Страмаччони 2019 йил июнида Эрон пойтахти Теҳроннинг «Истиқлол» клубига бош мураббий этиб тайинланди. Осиёнинг икки марта чемпиони, мамлакатнинг бир неча марта чемпиони, энг машҳур клублардан бири бўлмиш «Истиқлол» жамоасига совринларни олиб келиш учун тайинланган италиялик коуч кўп ўтмай Теҳронни тарк этди. Нега? Бу қандай содир бўлди?
Страмаччони ярим йилгина ишлади. Яқиндагина, шу декабрь ойида у Теҳрондан кетди. Жамоа чемпионатда 1-ўринда бораётганди. Италиялик мутахассисга эса маошини бермай келишаётганди.
"Умуман олганда, Эронда ҳаммаси ғайритабиий эди", — дейди Страмаччони.
«Клубга мени ўша пайтдаги спорт директори Қатир таклиф қилганди. У менинг бошқарувимдаги "Интер"ни Европа лигасида кўрган эди. Аммо тез орада раҳбарият билан чиқиша олмай, жамоани тарк этди. Клубдан мен танийдиган, мен биладиган ягона одам кетди. Ғалати ишлар шундан кейин бошланди.
Мисол учун, биз Теҳронда 4 кун мобайнида "Наполи" ва "Фиорентина" собиқ ҳимоячиси Милич билан музокаралар олиб бордик. Келишувга эришдик ва футболчи чиптани кута бошлади. Клуб раҳбарияти эса футболчининг чиптасини олиб беришни пайсалга солаверди. Мен жамоа президентига қўнғироқ қилдим. У ҳаммаси жойида эканлигини айтди, келишиб олдик. Кейин мен ўз ёнимдан футболчига чипта сотиб олдим. Милич учиб келди, аэропортда 8 соат кутиб ўтирди, уни мамлакатга киргизишмади ва у кечаси Дубайга учириб юборилди. Мен истеъфога чиқишимни айтдим. Шундан кейингина Милич масаласини ҳал қилишди. Эртаси куни у биз билан бирга эди».
«Биринчи ўйин, стадион тўлиб тошган. Мен эса таржимонни топа олмаяпман - у ғойиб бўлганди. Жамоада ҳеч ким инглизчани билмас экан. Ўйин тугади. Биз 96-дақиқада гол ўтказиб юбориб, мағлуб бўлдик. Тилмоч эса трибунада ўтирган экан - нима учундир унга техник ҳудудда бўлишга рухсат беришмабди. Яна бир таржимон бор эди - матбуот анжуманлари учун. Лекин у итальян тилини яхши билмасди, менинг гапларимни журналистларга бошқача етказарди, бир нималарни тўқиб ташларди. Унга ишонмасдим. Шунинг учун инглизча гапиришга ҳаракат қилардим.
«Истиқлол» клубини ҳукумат одамлари бошқаришади. Доим кимдир мени кузатаётганини ҳис қилардим. Бир куни менга қўнғироқ қилишди. Дам олиш куни эди. Қандайдир тадбирга зудлик билан боришим зарур эмиш. Мен бормаслигимни айтдим, ахир ўша пайт супермаркетда юргандим, боз устига спорт костюмида эдим. Ҳеч қанақасига улгурмасдим. Чиқдим, таксига ўтирдим. Бироз юргач клуб раҳбарлари таксичининг қўл телефонига қўнғироқ қилишди ва мени маросимга олиб боришини айтишди. Тасаввур қиляпсизми, улар мутлақо тасодифий таксичининг қўл телефонига қўнғироқ қилишяпти!!! Шундан кейин ҳатто уйимдан чиқишга қўрқиб қолдим».
Шунга қарамай, Страмаччони Теҳронга қайтишни хоҳлаяпти. У жамоани турнир жадвалидаги охиридан битта юқори ўриндан 1-ўрингача олиб чиққанди ва энди шартнома ва маоши бўйича ФИФА қарорини кутяпти. Клуб президенти истеъфога чиқди, директорлар кенгашининг 5 вакили Спорт вазирлиги томонидан лавозимидан четлатилиши кутилмоқда. «Мен қайтишни, янги шартнома имзолаб, жамоа билан юқори марраларни забт этишни жуда хоҳлайман». Бу Страмаччонининг Италия ОАВга берган баёноти.
Қўрқинчли Теҳрон, шундай эмасми?
Бобур Акмалов.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).