Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида дзюдо бўйича Катта дубулға турнирига кирувчи мусобақанинг сўнгги куни вакилларимиз учун муваффақиятли якунланди. Бироз аввал -100 килограмм вазн тоифасида Муҳаммадкарим Хуррамов финал баҳсида иштирок этди.
Рио Олимпиадаси финалчиси, озарбайжонлик Эльмар Гасимовга қарши курашган сурхондарёлик полвонимиз қўшимча вақтда ғалабани ўз фойдасига ҳал қилди ва жамоамизнинг мусобақадаги иккинчи олтин медалига муаллифлик қилди.
Бу Хуррамовнинг Катта дубулға турнирларидаги илк финали ва дастлабки медали ҳам бўлди. Шу тариқа ушбу спортчимиз ҳам Токио Олимпиадаси йўлида 1000 рейтинг очкосини ўз ҳисобига ёзиб қўймоқда.