Иордания пойтахтида давом этаётган бокс бўйича Осиё/Океания минтақалари учун Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи турнир давом этади. Бироз аввал ҳамюртимиз Бобоусмон Батуров (-69 кг) чорак финал жангини якунлади.
Хитойлик Кионг Ерсунга қарши жанг олиб борган юртдошимиз 3 раунд давом этган беллашувда устунлигини намойиш қилди ва баҳсни ўз фойдасига ҳал қилди. Энг асосийси, ушбу ғалаба Батуровга Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини тақдим қилди.
Мусобақа регламентига кўра -69 килограмм вазн тоифасида ушбу мусобақада Токио-2020 учун 5 та квота ўйналмоқда. Демак, ярим финал финал йўлланмаси жиззахлик боксчимизга Олимпиадада қатнашиш ҳуқуқини беради.
Шу тариқа, делегациямизнинг Токио-2020 Олимпия ўйинларига қўлга киритган йўлланмалари сони 15 тага етди. Бугун Олимпиада лицензиялари учун рингга кўтариладиган яна 4 нафар боксчимизга ҳам мана шундай ғалабалар ёр бўлишини тилаб қоламиз.