Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер ижтимоий тармоқлар орқали тез-тез мухлисларни қизиқтирган саволларга жавоб бериб туради. Жаноб Визер кеча твиттердаги саҳифасида дзюдо мухлисларини қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб бериб ўтди. Эътиборингизга улар орасида қизиқарли бўлган баъзи савол-жавобларни ҳавола қиламиз.

– Жаноб Визер, Олимпия ўйинлари 2021 йилга кечиктирилди. Бу 2021 йил Ўзбекистонда ўтиши керак бўлган жаҳон чемпионатини 2020 йилга кўчириши мумкинми? Айтмоқчиманки, 2020 йил октябрдаги Тошкент Гран-приси ЖЧга айланиб кетиши эҳтимоли борми?
– Ҳозир биз учун мутлақо янги вазият. Албатта, вазият изига тушгач, Олимпия саралаш мусобақалари ва бошқа турнирлар тақвимини қайтадан кўриб чиқамиз.

– Дзюдода Токио-2021 учун саралаш тизими қандай бўлади энди?
– Тез орада Халқаро Олимпия қўмитаси бизга янги йўриқнома беради. COVID-19 пандемиясига барҳам берилгач, биз ҳам янги стратегия ва тақвим ишлаб чиқамиз.

– 2024 йилги Париж Олимпиадаси ҳам Токиода бўладигандек 1 йилга сурилиши мумкинми?
– Токио Олимпиадасининг сурилишини ҳозирги кундаги вазият нуқтаи назаридан тўғри қарор деб биламан. Бундай қарорга келиш осон бўлгани йўқ. Ўйлайманки, 2024 йилда барчаси яхши бўлиб турса, Париж Олимпиадаси ўз вақтида ўтади.