Халқаро Олимпия қўмитаси Халқаро оғир атлетика федерациясининг “Токио-2020” учун қайта кўриб чиқилган Олимпиада саралаш мусобақалари тизимини тасдиқлади. Унга кўра, саралаш даври 2021 йил апрелигача узайтирилди. Оғир атлетикачилар томонидан саралаш мусобақалари пайтида эришилган барча натижалар ва рейтинглар ўзгартирилмасдан сақлаб қолинади.
COVID-19 пандемияси сабабли саралаш мусобақалари тўхтатилганидан ва “Токио-2020”ни ўтказиш муддати кўчирилганидан кейин қайта кўриб чиқилган саралаш даври 2020 йил 1 октябрдан 2021 йилнинг 30 апрелигача амал қила бошлайди. Аввал режалаштирилган ва кейин бекор қилинган мусобақалар ана шу даврда ўтказилади.
Олимпиада йўлланмаси учун оғир атлетикачилар 2018 йил 1 ноябридан бошлаб камида олтита мусобақада иштирок этишлари шарт бўлган мезонлар сақлаб қолинди.
Энди “Токио-2020”да иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишни хоҳлаган оғир атлетикачилар 2020 йил 1 октябридан 2021 йил 30 апрелигача ушбу мусобақаларнинг ҳеч бўлмаса биттасида қатнашишлари керак.
* Умумий ҳисобда 56 эркак ва 56 аёл спортчи Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) томонидан тўпланган жаҳон рейтинги асосида сараланади.
* Яна 56 эркак ва 56 аёл спортчи Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) томонидан тўпланган қитъа рейтинги асосида сараланади.
* Уч эркак ва уч аёл иштирокчи мезбон мамлакат мақоми асосида сараланади.
* Тўрт эркак ва тўрт аёл қатнашчи уч томонлама комиссия таклифини олади.