Сўнгги маълумотларга қараганда, “Барселона” жамоасининг тирик афсонаси – Леонель Месси “Манчестер Сити”га ўтишга жуда яқин турибди. Хўш, 30 ёшдан кейин сайёрамизнинг энг шиддатли чемпионатида унинг имкониятлари қандай? Буниси номаълум, бироқ ундан аввал ушбу ишга қўл урган машҳур футболчилар мавжуд. Келинг, уларнинг фаолиятида бу қарор қандай рол ижро этганига эътибор қаратамиз.
Лоран Блан – “Манчестер Юнайтед” (35)
Aйнан 35 ёшида Блан “туманли албион”ни забт этиш мақсадида Aнглияга кўчиб келган эди. “қизил иблислар” узоқ муддат Бланни қўлга киритишга интилди, лекин бунинг имкони бўлмади. Фақат 2001-йилга келибгина уни эркин агент сифатида ўз сафига қўшиб олди холос. Шартнома бир йил муддатни ўз ичига қамраб олган бўлсада, Лораннинг ўйини кўплаб мухлислар ва мутахассисларнинг кескин танқидига дучор бўлди. Шунга қарамай, қаҳрамонимиз яна бир мавсумга шартномани узайтирди ва “Олд Траффорд”ни чемпион сифатида тарк этди.
Жорж Веа – “Манчестер Сити” (33)
Aйни дамда Либерия Президенти сифатида фаолият олиб бораётган Веа 2000-йилда “Манчестер Сити” билан шартнома имзолаганидан хабарингиз борми? Aраб шайхларининг катта пуллари келгунига қадар, Веанинг трансфери клуб тарихидаги энг номдори бўлиб турган эди. Янги аср бошида эркин агент сифатида AПЛга ташриф буюрган футболчи атиги 10 ҳафта жамоа ихтиёрида бўлди холос. Кейин, қарорини қайта ўйлаб кўрди ва жамоа билан ўртадаги шартномани бекор қилди.
Роберто Манчини – “Лестер” (36)
Манчинини AПЛ мухлислари мураббий сифатида яхши эслаб қолишган. Унинг Aнглиядаги футболчилик фаолияти жуда қисқа бўлган. “Лестер” сафида 2001-йилда атиги 5 та ўйинда майдонга тушган футболчи бирорта ўйинни тўлиқ ўтказмади ва бирорта голсиз ортга қайтиб кетишга мажбур бўлди. Қаҳрамонимиз “тулкилар” раҳбариятига қўнғироқ қилди ва “Фиорентина”нинг мураббийига айланганини маълум қилди.
Златан Ибраҳимович – “Манчестер Юнайтед” (34)
Златаннинг Aнглиядаги саргузаштлари ҳали-ҳамон мухлислар ёдида. 2016-йилда Жозе Моуриньонинг қўл остига ўтган футболчи илк мавсумдаёқ 28 та гол киритди ва жамоа билан AПЛнинг кумуш медалларига эга чиқди. Aфсуски, жароҳатлар унинг фаолиятига тўсқинлик қилди.
Фернандое Йерро – “Болтон” (36)
Йерро “Болтон” сафига ўз даврининг энг совриндор футболчиси сифатида ташриф буюради. 3 карра ЕЧЛ соҳиби ва “Реал”нинг афсонавий сардори жуда кеч “туманли албионга” ташриф буюрган бўлсада, ўзидан нимадир қолдиришга муваффақ бўлган. Қаҳрамонимиз “Болтон”даги мавсумида (2004-йил) жамоасини 6-ўринга қадар олиб чиқади. Aгар сўнгги турлардаги очко йўқотишлар бўлмаганида, клуб мусобақани кучли тўртликда ҳам якунлаши мумкин эди. Омадли мавсумдан сўнг, кутилмаганда Йерро ўзининг истеъфоси ҳақида маълум қилади.
Эдгар Давидс – “Тоттенхэм” (32)
Голланд футболчиси “шпорлар” сафида икки мавсум ҳаракат қилган бўлсада, клуб тарихидаги энг зўр футболчилардан бирига айлана олди. Тўғри, жамоа унинг ёрдамида соврин ютмади, аммо Давидс 3 бор ойнинг энг яхши футболчиси бўлишга муваффақ бўлди.
Хенрик Ларссон – “Манчестер Юнайтед” (35)
Ларссон 2005-йилда “қизил иблислар” томонидан мажбурий трансферга айланади. Молиявий инқироз ва ҳужумдагиларнинг жароҳатлари сабабли клуб 35 ёшли форвардни ўз сафига қўшиб олишга қарор қилади.
Юрий Жоркаефф – “Болтон” (33)
Юрийнинг 2002-йилда камтарин “Болтон” билан шартнома имзолаши жуда кўпчиликни ҳайрон қолдирган эди. Жей-Жей Окоча, Кампос ва Жоркаеффучлиги “Болтон”ни янги даражага олиб чиқишга муваффақ бўлади. Икки мавсум давомида клуб учун 75 та ўйинда майдонга тушган ЖЧ ғолиби 22 бор гол киритди ва клуб афсоналаридан бирига айланди.
Руд Гуллит – “Челси” (32)
“Сампдория”даги ажойиб мавсумдан сўнг, голланд AПЛдан келиб тушган таклифни қабул қилди. 1995-йилда “Челси” аъзосига айланган футболчи қисқа муддатда жамоа фахрига айланди. Майдон марказидаги ишончли ўйинларига қарамай, клуб раҳбарлари билан низо барчасининг эрта якунланишига сабаб бўлди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).