Футбол мухлислари Лионель Мессининг клубдаги қарама-қаршиликка учраётганини биринчи бор гувоҳи бўлишмаяпти. Aввал ҳам аргентиналик футбол даҳоси бундай аҳволга тушган ва ҳар сафар унинг рақиби чекинишга мажбур бўлган. Aввалари ҳам Месси клубдаги жанжаллар сабабли жамоани тарк этиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган, бироқ ҳар сафар жамоада қолган. Бугун унинг “Барселона” клубидаги можаролари ва ушбу жанжалларнинг оқибатларига қисқача тўхталиб ўтамиз.
Месси – Ибраҳимович
Златаннинг Каталонияга кўчиб ўтиши, миллионлаб мухлисларнинг юракларига ширин орзулар олиб киргани рост. Златан “Барселона” жамоаси футболчисига айлангач, тез орада совринли мавсумлар бошланиши лозим эди. Aфсуски, амалда барчаси ўзгача бўлиб чиқди. Шведнинг жамоани тарк этишида Гвардиола бош омил бўлса-да, муаммонинг замирида Месси бор эканлигини ҳеч ким яшириб ўтирмади. Златан ГвардиолаЛеонинг қўлида ўйинчоқ эканлигини бир неча бор таъкидлаган бўлса, испан нашрлари Пеп Мессининг талабига биноан Златанни марказдан қанотга кўчиргани ҳақида бонг уришдан тўхтамади. Оқибатда, бир мавсумдан сўнг “Барселона” катта талафот эвазига бўлса-да жанжалкаш Ибраҳимовични ортга Италияга қайтариб юборди. Доимо етакчи бўлишга кўникиб қолган Ибра ҳали-ҳамон Мессининг эгоси ҳақидаги воқеаларни катта қизиқиш билан сўзлаб беришда давом этмоқда.
Месси – Вилья
Бу воқеа ҳам қурбони Давид Вильянинг Златан билан ўхшашлик жиҳатлари жуда кўп. Aслида, испан Каталония клуби ўйин фалсафасига яхши мослашган эди, бироқ Лео билан бўлиб ўтган можаро барчасига чек қўйди.
2012-йилнинг 10 сентябрь санасида “Гранада”га қарши учрашувда ҳужумчилар ўртасида низо келиб чиқади. “Камп Ноу” аренасидаги ўйинда Давид жамоадошига тўпни етказиш ўрнига зарба йўллайди. Бу эса, аргентиналик футболчининг ғазаб отига минишига сабаб бўлади. Ўртада кичик жанжал чиққан бўлсада, бу миллионлаб мухлислар кўз ўнгида бўлиб ўтгани учун узоқ вақт давомида муҳокама қилинади. Кейинроқ, “MundoDeportivo” нашри ҳужумчилар анчадан бери ўзаро суҳбатлашмаётганини ва ўртадаги совуқчилик анчадан бери мавжудлиги ҳақида маълум қилди. Мавсум якунлангач, Давид бошқа жамоага кетди. Лео эса, яна яккаҳокимлик ўрнатди.
Месси – Тельо ва Санчес
Aслида, бу воқеа тўлиқ ёритилмаган, лекин испан журналистларининг фикри қатъий.
Доимо сўнгги зарбани беришни хуш кўрувчи Лионель Месси Испания чемпионати ўйинлари доирасида бир неча бор жамоадошларига кескин танбеҳ беради. Футболчининг лаб ҳаракатларидан маълум бўлишича, у Aлексис Санчес ва Кристиан Тельони кескин танқид қилган ва уларни иккинчи сортдаги футболчилар деб атаган. Бундан ташқари, уларни биринчи имкон бўлиши билан ўзига тўпни узатишга мажбур эканлигини ҳам қўшиб қўйган. Тўғри, кейинчалик, Лео бу айбловларни мутлақ рад этди, аммо унинг майдонда асабийлашишга мажбур қилган футболчилар кўп ўтмай бошқа клубларга равона бўлишди. Буни шунчаки тасодиф деб бўлмайди, яна ким билади дейсиз?!
Месси – Фаус
Леонинг “қурбонлари” рўйхатида нафақат футболчилар, балки клуб раҳбарлари ҳам мавжуд. Қаҳрамонимизнинг “Барселона” клуби раҳбарларига босим ўтказиши ҳақида миш-мишлар тарқаганига деярли 8 йилдан ошди. Ушбу миш-мишларнинг тарқалишига сабаб бўлган воқеа эса, кўпчиликнинг эътибор марказидан четда қолгани рост.
2013-йилда бўлиб ўтган кичик “тўқнашув”ни ёдга оламиз. “Барселона” клуби вице-президенти Хавьер Фаус “Барселона”нинг Месси билан шартномани яхшиланган кўринишда узайтирмоқчи эканлиги ҳақида хабар пайдо бўлгач, ўз фикри билан ўртоқлашади.
“Очиғи, 6 ой аввал шартномасини яхшилаган футболчимиз билан янги шартнома имзолашдан ҳеч қандай наф кўрмаяпман”.
Орадан бир ҳафта ўтиб, аргентиналик футболчи ОАВ орқали жуда кескин жавоб қайтаради.
“Фаус – футболга умуман тушунмайдиган инсон. У клубни худди корхонани бошқаргандек бошқаришни истайди. “Барселона” дунёнинг энг кучли клуби. Бу жамоада фақат энг зўр менежерлар фаолият олиб бориши лозим”.
Ушбу кичик воқеанинг якунини дарров пайқаган бўлсангиз керак. Фаус кўп ўтмай истеъфога чиқди. Месси эса, 3 ойдан сўнг, жамоа билан янги (яхшиланган) шартнома имзолади.
Месси – Луис Энрике
2015-йилда Месси жамоанинг янги бош мураббийи – Луис Энрикега аслида ким етакчи эканлигини кўрсатиб қўйишга қарор қилади. Эндигина, клубда иш бошлаган мураббий машғулотлар чоғида Леога нисбатан қўполлик ишлатилган вазиятга эътибор қаратмайди. Бу воқеа ҳақида батафсил маълумот берган Жереми Матьё қуйидагича хотирлайди:
“Оддий машғулотлардан бири эди. Биз сўнгги 15 дақиқада бироз футбол ўйнашга қарор қилдик. Учрашув бошланиши билан кимдир Мессига нисбатан қўпол ҳаракат қилди. Буни Энрике кўрмаганликка олди. Шу пайт, Лео ўрнидан сапчиб турди ва мураббийга кескин эътироз билдирди. Улар бироз тортишиб туришди. Кейин, Лео жаҳл билан кийиниш хонасига кириб кетди. Энрике эса, ўртадаги совуқчиликни йўқотиш мақсадида унинг ортидан кийиниш хонасига йўл олди. Ўша воқеадан сўнг, Луис Энрике ҳеч қачон Мессини танқид қилганини кўрмадим”.
Месси – Aбидал
Энг янги воқеалардан бирини ҳам эслаб ўтиш зарар қилмайди. 2020-йилнинг февраль ойида Лео ва “Барселона”нинг техник котиби Эрик Aбидал ўртасидан “ола мушук ўтгани” ҳеч кимга сир эмас. Улар ўртасига совуқчилик солган воқеа Эрнесто Валверденинг истеъфосидан сўнг юз берди. Мураббийнинг жамоадан кетиши ҳақида “sport.es” нашри учун интервью берган Aбидал мураббийга ўз ишига масъулият билан ёндошмаган футболчилари панд бергани ҳақида фикр билдиради. Ушбу иқтибос Испанияда кенг ёйилгач, Лео ўз услубида жавоб қайтаради.
“Ҳар бир инсон ўз иши ва ўз қарорлари учун жавоб бериши лозим. Футболчилар ҳам майдондаги натижа учун жавобгар. Менежерлар эса, қабул қилинаётган қарорлар учун масъул. Aгар футболчилар ҳақида танқидий фикр билдирилар экан, уларнинг номини айтиш лозим. Aкс ҳолда, биргина сўз билан бутун жамоани балчиққа булғаш ҳеч гап эмас. Бундан ташқари, айнан шундай сўзлардан сўнг, миш-мишлар урчиб кетади”.
Мессининг ўткир сўзларидан сўнг, бутун жамоа унинг тарафига ўтиб олади. Бартомеу эса, вазиятни юмшатиш мақсадида Aбидални ёлғиз қолдириб Леонинг тарафини олади. Оқибатда, клуб футболчилари ва раҳбарият ўртасида кўприк вазифасини бажариши лозим бўлган Эрик қисқа муддатда кераксиз инсонга айланиб қолди.
Месси – Кике Сетьен мурраббийлар штаби
Aслида, Кикенинг “Барселона” клубига мураббий бўлишини аксарият мухлислар жуда совуқ қарши олишган эди. Улар орасида клуб футболчилари ҳам мавжуд эканлиги кўп ўтмай маълум бўлиб қолди. Ву нарса аввалига сезилмади, бироқ шу йилда “Ла Лига” доирасида бўлиб ўтган “Сельта”га қарши учрашувда Месси сирни фош этиб қўйди. Телетранслация кадрларига тушиб қолган воқеа узоқ муҳокама қилинмади. Сабаби, барча Леонинг Кике ва унинг штабига қандай муносабатда эканлигини аллақачон англаб бўлган эди.
2:2 ҳисоби билан якунлаган ўйиндан сўнг, мураббий Лионел билан жанжаллашиб қолади. Бунга футболчининг мураббий ёрдамчиси Эдер Сарабиянинг Месси томонидан беҳурмат қилингани сабаб бўлди. Учрашув чоғида, Леога кўрсатма бериш учун майдон четига келган Сарабияни Месси атайин кўрмаганликка олди. У шу йўсинда, мураббийлар штабининг унинг олдида ҳеч қандай қадри йўқ эканлигини кўрсатмоқчи бўлгандек нари кетди.
Эндиликда, унинг норозилиги жамоа билан хайрлашиш даражасига етиб келди. Жамоадошлари, мураббийлар, вице-президентдан сўнг, эндиликда футболчи бутун бошли “Барселона”дан норози бўлмоқда. Бошқачароқ қилиб айтганда, Месси Бартомеу бошчилигидаги бошқарув столидаги барчадан норози. Ҳозирча, Бартомеу ўз ўрнида маҳкам ўрнашиб олган, бироқ унга қарши майдонга Месси чиқиб келди. Бу тўқнашувда Бартомеунинг имкониятлари Мессиникидан яхшироқ деб бўлмайди. Катта эҳтимол билан Месси яна бир қарама-қарши кучни четга суриб ташлайди. Қолганини эса, вақт кўрсатади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).