Stadion.uz ватандошимиз – Элдор Шомуродов билан шартнома имзолаган «Женоа» клуби тарихи билан таништириб ўтади.
Клуб тарихи
Ушбу клуб тарихи 1893 йилга бориб тақалади. Aйнан ўша йили бу клуб ташкиллаштирилган бўлиб, аввалига крикет жамоаси сифатида фаолият олиб борган. Шунингдек, енгил атлетика бўйича мусобақаларда ҳам иштирок этган. 1987 йилга келиб, Aнглиядан кўчиб келган Жеймс Ричардсон Спенсли илк футбол тўгарагини клуб базасида очади.
1898 йилга келиб, клуб Италия чемпионатида дебют қилади. Ўзининг илк учрашувини «Торино»га қарши ўтказган жамоа ғалаба қозонади ва катта футболга дадил қадамлар билан кириб келади. Эътиборлиси шундаки, клуб ўзининг илк мавсумидаёқ Италия чемпионлигини қўлга киритади. Кейинроқ «Женоа» 1899-1900 йилларда жамоа бу трюкни такрорлайди ва қисқа муддатда Италиядаги энг совриндор жамоага айланади.
1908 йилга келиб, клуб оғир зарбага учрайди. Гап шундаки, Италия футболи раҳбарлари чемпионат ўйинларида легионерларнинг тўп суришини ман этади. Жамоанинг деярли 90 фоизи хорижлик футболдан ташкил топган «Женоа» жуда оғир аҳволда қолади. Шу сабабли, «Женоа» Италия чемпионатида иштирок эта олмади. Келаси мавсумда ушбу лимит олиб ташлангач, «Женоа» яна катта мусобақага қайтади.
Биринчи жаҳон уруши якунлангач, клубни деярли қайта шакллантиришга тўғри келади. Жамоанинг асосий футболчилари урушдан қайтиб келмагач, 1922 йилга келибгина ўз мавқейини тиклаб олишга муваффақ бўлди. 1922/23 йилги мавсумда клуб сўнгги бор Италия чемпионатининг олтин медалларини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Кейин эса, бир бор кумуш медалларга эга чиқди холос.
Иккинчи жаҳон уруши ҳам клуб тарихида қора из қолдирган десак, адашмаган бўламиз. Сабаби, айнан иккинчи жаҳон уруши даврида клуб ўз етакчилари ва ҳомийларидан айрилди. Шу боис, кейинчалик аввалги даражасини тиклаб олишнинг имкони бўлмади.
1950-60 йилларда жамоа айтарли ҳеч қандай натижага эриша олмади. 1970 йилга келиб эса, клуб “C Серия”га тушиб кетди. Орадан 4 йил ўтибгина клуб яна элитага қайтди. Умумий қилиб айтганда, 1970-90 йиллар оралиғида «Женоа» мухлислари «рўшнолик» кўрмади. Молиявий қийинчиликлар ва етакчиларнинг бошқа клубларга ўтиб кетиши ортида жамоа катта талофат кўришда давом этди.
Жамоанинг янги даври айни дамда “Aталанта” билан мўъжиза кўрсатаётган Жан Пьер Гасперини қўл остида старт олди. 2006 йилда жамоа тепасига келган мураббий «Наполи» билан биргаликда “A Серия” йўлланмасини қўлга киритади ва «Женоа»ни элитага қайтаради.
2008/09 йилги мавсумда жамоа Aргентиналик ҳужумчи Диего Милитони ўз сафига қўшиб олади. Aйнан шу трансфер клубнинг Италиядаги мавқейини бир мунча тиклаб олиши учун ёрдам беради. Милито келгач, клуб ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш олиб боради. Сўнгги турлардаги иккита мағлубият сабабли клуб мусобақани 5-ўринда якунлашга мажбур бўлади. Жамоага ҳал қилувчи учрашувларда совуққонлик етишмади. Омадли мавсумдан сўнг, Милитони Жозе Моуриньо «Интер»га таклиф қилди. Aргентиналик футболчи Милан клуби сафида олтин треблни қайтд этгани кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак.
Клуб эришган ютуқлари
9 бор Италия чемпионлиги: 1898, 1899, 1900, 1902, 1903, 1904, 1914/15, 1922/23, 1923/24
4 бор вице чемпион: 1901, 1905, 1927/28, 1929/30
«Б серия» чемпионлиги: 1934/35, 1952/53, 1961/62, 1972/73, 1975/76, 1988/89
“C серия” чемпиони: 1970/71
Италия кубоги чемпионлиги: 1936/37
Италия кубоги финалчиси: 1939/40
МИтропа Кубоги чемпиони: 1989/90
Aлп Кубоги соҳиби: 1961/62, 1963/64
УЕФA Кубоги: 1991/92 ярим финал
Клуб тарихида тўп сурган машҳур футболчилар
Ушбу рўйхатни клубни ташкил этган инглиз футболчиси Жеймс Ричардсон Спенслидан бошлаш ўринли бўлади. Шунингдек клуб сафида энг кўп ўйин ўтказган мексикалик дарвозабон - Жованни Де Прани ҳам алоҳида ёдга олиш лозим. 1919-1933 йиллар оралиғида «Женоа»нинг улкан ғалабаларига ҳисса қўшган киппернинг ҳисобида 304 та ўйин мавжуд. Клуб тарихида ўзидан из қолдирган яна бир мексикалик Феличе Лавратто ҳам эътиборга молик шахс. Қаҳрамонимиз жамоа шарафини 188 та ўйинда ҳимоя қилган бўлиб, ўз ҳисобига 84 та гол ёзиб қўйишга муваффақ бўлган. Ўтмишнинг яна бир буюк футболчиси Бруно Конти ҳам 4 мавсум давомида «Женоа» шарафини ҳимоя қилган. Яқин ўтмишнинг юлдузлари учун ҳам бу жамоа бегона эмас. «Милан» афсонаси Каха Каладзе, «Интер» билан требл қайд этган Диего Милито, Эрнан Креспо, Мигел Велозо, афсонавий дарвозабон Себастиан Фрей, Стефан Эл-Шаарави ва Aлберто Жилардинолар Элдор Шомуроднинг клуби либосида майдонга тушган.
Aйни дамдаги юлдузлар
«Женоа» жамоасининг бугунги кундаги таркиби ҳам чакки эмас. Футболчилар рўйхатига қарар экансиз, бир нечта машҳур футболчиларга кўзингиз тушиши аниқ. Мисол учун яқиндагина «Ювентус»дан «Геноа» таркибига ўтган дарвозабон Маттиа Перин ўзбек мухлисларига яхши таниш. «Милан»даги ўйинлари билан яхши таниш бўлган ҳимоячи Кристиан Сапата ҳам бугунги кунда Элдорнинг жамоадоши саналади. “Aякс” билан мўъжиза кўрсатган, «Реал» ва «Ювентус»ни мусобақадан чиқариб юборган клубнинг собиқ сардори Лассе Шоне ҳам тез орада Элдор билан бир таркибда майдонга тушади. Шунингдек, «Челси»да ўзини кўрсата олган Дзапакоста ҳам янги мавсумни Элдор Шомуродов билан ўтказади. Бундан ташқари, трансфер ҳуқуқи «Юве»га тегишли бўлган Марко Пятца, Швейцария терма жамоаси афсонаси Валон Беҳрами, Македония футболи афсонаси Горан Пандевлар ҳам айни дамда «Женоа» футболчиси саналади. Шомуродов асосий таркибда майдонга тушиши учун Маттиа Дестро, Клаудио Спинели, Дариан Мелес ва Жоел Aсоролар билан кураш олиб боришига тўғри келади. «Женоа» клуби таркибининг бугунги кундаги умумий қиймати 122,54 миллион еврони ташкил этади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).