Stadion.uz «Реал Мадрид» жамоасининг абадий сардори Серхио Рамоснинг шартномаси борасида фикр алмашади.
Барча «Барселона» жамоасининг сардори ва барча замонлардаги энг яхши футболчиси - Лео Мессининг мавзуси билан банд бўлгани учун Рамоснинг шартнома муддати якунланаётганини пайқамай қолди. Aгар «қироллик клуби» мавсум сўнггига қадар Рамос билан шартнома имзоламаса, келаси мавсумда ҳимоячи эркин агентга айланади. Боз устига, қаҳрамонимиз икки ойдан сўнг, бошқа клуб билан шахсий шартнома борасида музокара олиб бориш имконига эга бўлади.
Бир қарашда, бунга ишониш мушкул. Сабаби, 21 асрдаги энг кучли ҳимоячилардан бирини Мадрид бепул қўйиб юбориши даргумон. Боз устига, футболчининг ўзи ҳам бошқа клубда фаолиятини якунлашни тасаввурқилиши мушкул. Шундай бўлсада, Рамос жамоаси учун шу қадар кўп нарса бердики, унда истаган қарорини қабул қилиши мумкин. Унинг ҳар қандай қарорини «қаймоқранглилар» мухлислари тўғри қабул қилишлари аниқ.
Шундай бўлсада, Флорентина Перес Рамосни қўйиб юбориши мумкин эмас. Сабаби, Серхионинг кетиши «Реал» учун бир нечта жабҳаларда зарба бўлиши мумкин. Биринчи навбатда клуб имиджига путур етади. Боз устига, Переснинг ўзи ҳам обрўси тўкилишидан чўчимоқда. Унинг даврида клуб афсонавий Раул ва Касильяслар билан жуда хунук хайрлашган. Икки сардор ҳам деярли бутун умрини шу клуб учун сарф этганига қарамай, якунда уларга чиқиши эшиклари кўрсатиб юборгани ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилгани йўқ. Шу боис, бу салбий воқеаларга чек қўйиш учун ҳам Рамосни нима қилиб бўлсада клубда олиб қолиш лозим. Учинчидан Рамоснинг қолиши принцип масаласи. «Барселона» ўз етакчиси Лео Мессини клубда олиб қолганига афсус чекаётган пайтда, «Реал» Рамосни нима қилиб бўлса ҳам клубда абадий сақлаб қолиши муҳим. Тўртинчида, Рамос Зидан ўйин фалсафаси учун жуда муҳим фигура. «Эл-класико»да «Реал» Рамос билан қай даражада кучли футбол намойиш этиши дарров маълум бўлди.
«Реал» ва Рамос ўртасидаги музокаралар доимо оғир ўтган
Бугунги кундаги омадсиз музокаралар икки томон учун ҳам янгилик эмас. Гап шундаки, Ремос бундан 5 йил илгари ҳам клубдан кетишига оз қолган ва сўнгги соатлардагина янги шартномага қўл қўйган эди. Қаҳрамонимиз «Манчестер Юнатед»га ўтиши аниқ бўлгани ҳақидаги ишончли манбалар берган хабарлар ҳам якунда ўзини оқламаган Серхио Мадридда қолган эди. Ҳозир ҳам унинг шартномаси якуни арафасида турли миш-мишлар сони ортмоқда. Унинг AПЛда кучини синаб кўрмоқчи эканлиги, «Ливерпуль»нинг қизиқаётгани ҳақидаги хабарлар Рамосни тез орада клубни тарк этишига шама қилмоқда. Aгар анъана давом этса, Рамос тез орада ўзи учун қулай бўлган шартномага эга чиқади.
2010 йилда эса, Рамос «Реал»ни бироз қўрқитишга қарор қилади. Ёдингизда бўлса, унинг агенти саналган акаси Рене Рамос«Челси» билан музокаралар ўтказган эди. Деярли бир ой давом этган музокаралар сабабли «Реал» Рамоснинг маошини 3 баробар кўтарган ва унга 5 йиллик шартнома таклиф қилган эди. Бунга қадар Рамос уч бор бошқа жамоага ўтмоқчи бўлган бўлсада, 2015 йилда бу иш содир бўлишига жуда оз қолган эди. Бу ҳақида футболчининг ўзи қийидагича хотирлайди:
« Менинг Мадридни тарк этишим 2015 йилда деярли ҳақиқатга айланиб бўлган эди. Мен билан шахсан »Манчестер Юнайтед« алоқага чиққан ва ўз таклифини маълум қилган эди. Орадан бир йил ўтиб, улар яна алоқага чиқишди, аммо мен Мадридда қолишимни маълум қилдим. Шу ўринда, менга бўлган эътибор учун »қизил иблислар«га ўз миннатдорчилигимни билдириб ўтмоқчиман. Ўзимни »Реал"да бахтли ҳис этаман. Тўғри қарор қабул қилганимга шубҳам йўқ.
Дарҳақиқат, 2015 йилда Рамос ва Переснинг алоқалари кескин ёмонлашган эди. Турли сабабларга кўра, уларнинг «орасида ола мушкул ўтган» эди. Ўша даврда "Марcа« нашри клубдаги инсайдерлари орқали қизиқарли маълумотни ошкор қилган эди. Перес Рамоснинг »Манчестер Юнятед"га ўтмоқчи эканлигидан унумли фойдаланиш мақсадида Давид Де Хеани клубга олиб келмоқчи бўлган, бироқ якунда икки футболчи ҳам ўз жамоасида қолган эди. Унинг акаси, Рене Рамос эса, ўзининг ишбилармонлиги сабабли укаси учун жуда қулай бўлган шартномани ундириб берган ва Рамос яна узоқ муддат клуб шарафини муносиб ҳимоя қилган.
Рамос бу сафар ҳам қолади!
Катта эҳтимол билан бу сафар ҳам Рене Рамос музокараларни ижобий ҳал этади. Балки, бу ғалати эшитилар, бироқ футболчининг акаси чинакам пиар мененджер! У таниқли нашрлари билан иш кўради. Унинг интервьюлари эса, доимо испан нашрларининг муқовасида кўриниш беради. Шунга қарамай, айни дамда ҳеч қандай низо ҳақида гап-сўз йўқ. Боз устига, Рамоснинг бошқа клуб билан музокаралар ўтказаётгани ҳақида ҳам миш-мишлар тарқагани йўқ. Бу вазиятда, Перес ва Рамослар ўртасидаги келишув тез орада ҳал этиладиган кўринади. Испан нашрларининг маълум қилишича, бу сафар Рамоснинг ўзи клубда қолишга қарор қилган. Молиявий масалалар борасида ҳам Рамос чекинишга тайёр.
Бундан кўриниб турибдики, «Реал» 10 йил давомида Рамос билан музокаралар ўтказавериб анча «уддабурон» бўлиб қолди. Доимо шув-шув тарқатишни ҳуш кўрувчи Рене Рамос укасининг «қироллик клубида» бутсаларини михга илмоқчи эканлигини айтмоқда. Перес эса жим. Зидан бўлса, Серхио қанчалар жамоа учун керакли эканлигини такрорлашдан чарчамаяпти. Зиданнинг «Реал»даги мавқейи баланд эканлигини инобатга олсак, унинг клубда қолиши 90 фоиз аниқ бўлган масала. Барча Рамоснинг клубда қолиши тарафдори, аммо масала янги шартнома неча йилга тузилишига келган томонларнинг фикри бўлинмоқда. Мадрид клуб маошни камайтирган ҳолда Рамос билан яна бир йил ҳамкорлик қилмоқчи, футболчи эса, клубдан икки йиллик таклиф талаб қилмоқда. Рамос 37 ёшга қадар яшил майдонда қолмоқчи. Унинг икки йилдан сўнг, супер формада бўлишига Мадрид клуби раҳбарлари ишонмаяпти шекилли?! Яна ким билади дейсиз?!
Умуман олганда, бу 35 ёшли футболчи билан содир бўлиши мумкин бўлган нормал ҳолат. Aгар «Реал» қайсарлик қилса ҳам Рамос яна бир мавсум жамоада қолишга рози бўлиши турган гап. «Реал» эса, икки йиллик шартномага кўниб «тантилик» намойиш этиши ҳам ҳеч гап эмас. Умуман олганда, икки томон ҳам ҳамкорликни давом эттириш тарафдори, фақат кимдир сал бўш келса бўлгани. Катта эҳтимол билан «Реал» бир қадам чекинади. Сабаби, Рамос эски асал сингари йилдан-йилга кўпроқ эффект беришда давом этмоқда. Унинг оғир ва сурункали жароҳатлари йўқлиги иш тезда ҳал бўлишидан далолат. Футбол мухлислари «эл-капитано»нинг 37 ёшда ҳам 90 дақиқа «жанг» қилишига шубҳа қилишмаяпти. Шундай экан, Рамосни «илиб» кетишни умид қилаётган ПСЖ, «Ювентус», «Ливерпуль» сингари грандлар ўзи учун бошқа вариант излашни бошлагани маъқул.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).