Аргентиналик собиқ ярим ҳимоячи Хуан Себастьян Вероннинг Италиядаги фаолияти ёрқин кечган, аммо Англияда омадсизлик йўлиққанди. У айни пайт Аргентинанинг «Эстудиантес» (Ла-Плата) клубида президент сифатида фаолият олиб бормоқда. Мазкур лавозимни 2014 йили эгаллаганди. Верон Four Four Two журналига берган интервьюсида футболчилик фаолияти ва келажакдаги режаларига тўхталиб ўтди. Қуйида мазкур интервьюни қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Сизни Европага биринчи марта тажрибали мураббий Свен-Йоран Эрикссон таклиф қилганди. Кейин эса у билан «Лацио»да ишладингиз. Эрикссон қўл остида тўп суриш ёққанми?
- Албатта, у футболчилик фаолиятимдаги энг яхши мураббий. Эрикссон менга имконият тақдим этган ҳолда, мен учун осон бўлмаган давр, яъни итальян футболига мослашишимда қўллаб-қувватлади. «Сампдория» билан шартнома имзолаганимда эндигина 21 ёшга тўлгандим. Унчалик тажрибага эга эмасдим ва итальянчани ҳам билмасдим. Аммо Свен доимо менга ишониб, асосий таркибга қўшган, хотиржам ва қулай тарзда ўйин намойиш этишим учун барча шароитларни яратиб берди.
- Роберто Манчини «Сампдория»да катта обрўга эга бўлган. У футболчилик фаолиятингиздаги энг талабчан жамоадошингизмиди?
- Шубҳасиз, Роберто шундай бўлган ва барчадан юқорида турган. У нафақат сардор, балки бошқа футболчиларнинг ўйин савиялари ошиши учун намуна ҳам бўлган. Манчини нафақат, жамоадошлари, балки ўзига нисбатан ҳам талабчан эди. Менимча, бундай ўйинчилар ҳозирги футболда жуда кам. Вақт ўтиши билан кейинчалик Манчини билан «Интер»да бирга фаолият юритдик, у мураббий, мен эса футболчи сифатида. Робертога у билан яна бир марта фаолият юритишдан мамнун эканлигимни айтгандим.
- 1999|2000 йиллар мавсумининг сўнгги кунида бошқа ўйин натижасини кутиш сизга қанчалик босим юклаганди? Ўшанда «Ювентус» мағлубиятга учраб, Римдаги дастлабки мавсумингиздаёқ сизга чемпионлик унвонини тақдим этганди...
- Бу мўъжизакор кун бўлганди. Ўшанда асабларимизни тийишга мажбур бўлгандик. Ўша кун босим остида ўтиб, мухлислар стадионда радио орқали рақибларимизнинг ўйинлари натижасини эшитиб, кутиб ўтиришганди. «Реджина»га қарши кечган баҳсни якунлагандик («Лацио» 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганди), аммо чемпион бўлдикми-йўқми, билиш учун яна 45 дақиқа кутишга мажбур бўлгандик, боиси, «Ювентус»нинг «Перуджа» билан бўлаётган ўйини ҳали якунланмаганди. Ўша баҳс натижасини 10 дақиқадан ортиқ вақт давомида кутдик. Ўшанда барчамиз асабий, жим эдик, ўзимиз учун дуо қилардик. Стадионга йиғилган томошабинлар ҳам «кекса синьора»нинг ўйини натижасини кутишарди, овозкучайтиргичлар ўша баҳс шарҳини трансляция қиларди. Перуджада финал ҳуштаги чалинганида, Римда қандай муҳит юзага келганлигини энди тасаввур қилаверинг («Перуджа» «Ювентус»ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратган, якунда «Лацио» 72 очко тўплаган ҳолда, туринликлардан бир очко кўп тўплаб, скудеттони қўлга киритганди)! Бу ажойиб, ақлбовар ҳодиса эди. Боиси, 99 фоиз ҳолатда туринликлар «Перуджа»ни муаммосиз мағлубиятга учратишлари кутилганди. Менимча, 1999|2000 йиллар мавсумида «Лацио» чемпионлик унвонини ҳақли тарзда қўлга киритди. Чунки ўша мавсумни биз Монакода «МЮ»ни мағлубиятга учратиб, УЕФА Суперкубогини қўлга киритган ҳолда бошладик ва бутун мавсум давомида чиройли ўйин намойиш этдик. Ўша ютуқ туфайли «Лацио» мухлислари томонидан ҳанузгача катта эътибор ва ҳурматга сазовор бўлмоқдаман. Бундан кўпроқ нарсага эришолмасдим ҳам.
- Кейинчалик фаолиятингизни «Манчестер Юнайтед»да давом эттирдингиз. Бундан афсусланасизми?
- Йўқ, ҳеч қачон афсусланмайман. «МЮ» билан шартнома имзолашимга Италияда паспортга боғлиқ жанжалли вазият сабаб бўлди. Ўша ҳодисадан сўнг муҳитни ўзгартириш фойдали бўлади, деб ўйладим. Айблов мутлоқ ҳеч қандай асосга эга бўлмасада, ўзимни оқлашимга тўғри келганди. Ўшанда ҳаттоки, футбол ўйнашни давом эттира олишим ёки йўқлиги борасида ҳам ҳеч нарса билмасдим. Гарчи айбсиз бўлсангда, қўлингдан ҳеч нарса келмай, кимдир ушбу ҳолатдан олиб чиқиб кетишини кутиш жудаям ноқулай ҳолат. Бахтимга, ёнимда оилам бор эди ва бу менга жуда ёрдам берди. Ўша ҳодиса туфайли босим остида ўйнаш, уни енгишни ўргандим. 1998 йили мени допинг сабабли дис-квалификация қилишлари борасида миш-мишлар тарқалди, 2002 йилда эса Англия терма жамоасига қарши кечган баҳсда мени атайин жуда ёмон ўйин намойиш этганликда айблашди. Қисқаси, футболчилик фаолиятимдаги учта шундай даҳшатли ҳолатлардан шараф билан чиқиб кетишга эришдим. Тўғрисини айтсам, бошланишида Англияда ўйнаш имкониятига унчалик ҳам қизиқмадим, боиси, у ердаги ҳаёт тарзи мен кўниккан Лотин Америкасиникидан анча фарқ қилишини тасаввур қилгандим. Лекин фаолиятимни туманли альбионда давом эттириш учун ажойиб имкониятга эга бўлдим. Яхши шаклланган, менга ёрдам беришга тайёр кўплаб инсонлар мавжуд бўлган бундай клубни топиш осон эмас. У ерда юз берган воқеликлар менинг Англия борасидаги фикрларимни ўзгартириб юборди. Манчестерда ажойиб икки йилни ўтказдим, Премьер-лигада чемпионлик унвонига сазовор бўлдим. Ҳалигача «МЮ»нинг ўша таркибида ўйнаган кўплаб йигитлар билан дўстона алоқалар сақланиб қолган.
- «Қизил иблислар» таркибидаги қайси жамоадошингиз сизда яхши таассурот қолдирган?
- «МЮ»даги барча шерикларим билан бирга машғулот ўтказиш ва ажойиб лаҳзаларни бошдан кечириш жуда ёқимли эди. Лекин улардан фақатгина бир нафарини танлаш керак бўлса, бу - сўзсиз Пол Скоулз. Пол моҳирлиги билан ажралиб турарди. У тўпни рақибдан жуда чиройли тарзда олиб қўйиш, ҳужум уюштиришни жуда яхши ўзлаштириш билан бирга кучли зарбага ҳам эга эди. Бундан ташқари, ақлли бўлиб, ўйинни ажойиб тарзда ўқий оларди. Қисқаси, Полда футболчига керакли бўлган барча хислатлар мужассам эди.
- «У ҳаддан ташқари буюк футболчи, сизлар эса аҳмоқсизлар». Манкуанликлар устози сэр Алекс Фергюсон 2002 йили шундай сўзларни айтиб, сизни ҳимоя қилганди. Ўшанда ўзингизни қандай ҳис қилгандингиз ва у билан муносабатларингиз қандай бўлганди?
- Фергюсон барчага жуда талабчан бўлган. Унинг айтганларини бажара олмасангиз, ўзингизга бошқа клубдан жой излашингизга тўғри келган. Сэр Алекс мен билан доимо очиқ-ойдин гаплашарди. Шу билан бирга, «МЮ»даги илк кунимданоқ мени қўллаб-қувватлаган, уни шунинг учун жуда қадрлайман. У кутган натижани қайд этолмаган пайтларим ҳам бўлган, албатта. Маҳоратимни кўплаб учрашувларда кўрсатолмаганман. Юқори даражадаги футболчи бўлишни истасангиз, барқарор ўйнашингиз лозим. Лекин буни «Олд Траффорд»да намойиш этолмаганман.
- Тўғрисини айтинг, Францияда бўлиб ўтган ЖЧ-98 доирасидаги Аргентина - Англия ўйинида Сол Кэмпбелл терма жамоангиз дарвозасига гол урганида юрагингиз тўхтаб қолганмиди?
- Ўша мундиал футболчилик фаолиятимдаги дастлабкиси эди. Япония терма жамоасига қарши майдонга тушганимда (1:0), 23 ёшда эдим, мамлакатимиз мадҳиясини тинглаш менга ўзгача ҳиссиётлар тақдим этганди. Буни сўз билан таърифлаш қийин. Кэмпбелл гол урган вазиятми? Ўшанда бу дунёни тарк этишни хоҳлагандим! Атрофимда ҳеч нимани - майдон четида ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этиб, байроқчасини кўтарган лайнсменни ҳам, голни инобатга олмаган реферини ҳам кўрмасдим. Миямда бир неча сония ичида бир фикр айланарди: биз мундиални тарк этамиз. Ўша пайт шунчаки ҳушимни йўқотиб қўйгандим ва ўзимга келишни истардим. Аргентина - Англия терма жамоалари ўртасидаги ўйин ЖЧлар тарихидаги энг яхши учрашувлардан бири бўлганди. Ўшанда Бекхэмнинг майдондан четлатилиши терма жамоамизга катта устунлик тақдим этганди, деёлмайман. Боиси, учрашувнинг асосий вақтида биз ғалаба қозона олмадик.
- Кейинчалик ЖЧ-2010да Аргентина терма жамоасига буюк Диего Марадона устозлик қилганди. Унинг тажрибасини ўзлаштирганмидингиз?
- 2010 йилги мундиал бошлангунига қадар Марадона билан муносабатларимиз жуда яхши эди ва ЖЧдан кейин ҳам, у ҳаттоки, мени захира ўриндиғига ўтқазиб қўйганида ҳам дўстона алоқаларимиз сақланиб қолди. Ўша мундиалда майдонга кам тушдим ва имкониятим даражасида ўйнай олмадим. Диего Марадона ҳақида тўхталадиган бўлсам, у бизнинг авлод учун буюк ўйинчи бўлган. Диегонинг мураббийлик фаолияти эса бошқа масала. У 20 нафардан ортиқ футболчига устозлик қилган, бу эса футболчиликдан кескин фарқ қилади. Бу жиҳатга эътибор қаратмай, ЖЧ-2010да муносиб иштирок этишга интилдик (ўша мундиалда Марадона бошчилигидаги аргентиналиклар чорак финалда немисларга 0:4 ҳисобида ютқазишганди).
- «Эстудиантес» президенти лавозимидаги сиз учун энг қийин иш нима?
- Жамоани яхши ишлашга ундаш, натижанинг ижобий кўриниш олишини таъминлаш. Бу эса жиддий ўзгаришлар қилишни талаб этади. Боиси, кўплаб иқтидорли футболчилар фаолиятлари бошидаёқ Европа клубларига трансфер қилинишади. Бизнинг ҳолатимизда эса асосий эътибор футбол харидларига қаратилади. Шу боис, барқарор жамоа шакллантириш осон эмас. Гарчи футболга романтик жиҳатдан ёндашсакда, миллионлар ўйини барибир бизнес ҳисобланади.
- «Эстудиантес» сўнгги йилларда нима учун қийинчиликларга дуч келди? Жамоа яна совринларни қўлга киритиши учун қандай ишларни амалга ошириш лозим?
- 2019 йили ниҳоят, майдон майсасини таъмирлашни якунладик. Бу бир мунча вақт давомида устувор вазифа бўлиб келган ва «Эстудиантес» президенти сифатида ушбу вазифани уддалаганимдан мамнунман. Аргентина сингари барқарор бўлмаган мамлакатда бундай ишларни бажариш учун ҳам кўп вақт талаб этилади. Жамоамиз инфратузилмаси учун катта маблағ сарфлаган бўлсакда, қарзимиз йўқ. Айни пайтда эса жамоанинг аввалги мавқеини тиклаб, турнир жадвалида юқори ўринларни эгаллашга ҳаракат қиляпмиз. Гарчи буни амалга ошириш қийин бўлсада, яқин йиллар ичида пешқадамлар орасидан ўрин оламиз, деган умиддаман.
У.УМАРОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).