Сервер Жепаров бошчилик қилаётган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси шу йил Хитойда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига тайёргарлик кўриш мақсадида Тошкент шаҳрида йиғинда иштирок этмоқда.
«Чиғатой» базасида ўтказилган бугунги машғулотларга ЎФА биринчи ветсе-президенти Равшан Эрматов иштирок этди. Маълумки, ушбу жамоа келажакда 2028 йилги Олимпиада йўлланмаси учун курашадиган олимпия терма жамоаси сифатида шаклланиб боради.
Шу сабабли ҳозирданоқ футболчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тайёрлаб бориш муҳим. Равшан Эрматов ёш футболчилар билан учрашувда айнан шу мавзуга тўхталиб, кучли терма жамоа бўлиш учун футболчилар нафақат жисмонан, балки руҳан кучли шахс сифатида улғайиши, маънавияти ҳамда ватанпарварлиги юқори инсон бўлиб етишиши ва халқаро майдонда Ўзбекистон шарафини шу орқали муносиб ҳимоя қилиши зарурлигини эътироф этди.
Шунингдек, Эрматов футболчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб чиқди. Мураббийлар штаби ва ташкилотчилар билан жамоа имкониятлари, майдонлар ҳолати, таомлар сифати, тиббий кўрик каби муҳим масалалар муҳокама қилинди ва керакли кўрсатмалар берилди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).