Япония термасининг 20 ёшли ярим ҳимоячиси Такэфуса Кубо Токиода ўтказилган Олимпиаданинг футбол баҳсларида энг яхши футболчилардан бирига айланди. У икки йилдан буён «Реал» аъзоси ҳисобланади, лекин ўтган вақтни ижарада ўтказди. Хўш, Анчелотти даврида унинг ҳолати ўзгарадими?
Олимпия вориси
Япония футбол термаси Олимпиадада ўз тарихидаги энг яхши иштирокларидан бирини намойиш этди. Турнир мезбонлари ярим финалгача етиб бориб, қўшимча вақтнинг охирида испанларга имкониятни бой беришди (0:1). Бронза медаллари учун кечган вақтда эса «кунчиқар юрт» вакиллари мексикаликларга 1:3 ҳисобида имкониятни бой беришди. Ваҳоланки, ушбу жамоалар гуруҳ босқичида ҳам ўзаро тўқнаш келишган ва унда японлар ғалаба қозонишганди (2:1). Агар жамоа яна ютуққа эришганида, ярим аср аввалги натижани такрорлаган бўларди. 1968 йили японлар учинчи ўрин учун кечган баҳсда айнан мексикаликларни енгишган (2:0), буни рақиб майдонида амалга оширишганди.
Ўшанда Япония термаси бош қаҳрамони бўлган ёш Кунисигэ Камамото кўп ўтмай миллат афсонасига айланди. 23 ёшли ҳужумчи Олимпиада-1968да 7та гол урди, орадан 10 йил ўтиб эса, 76та учрашувда 75та тўп киритган ҳолда, Япония термаси тарихидаги энг яхши «бомбардир» мақомига эришди.
Айни пайт буюк Камамотонинг вориси бўлиш учун 20 ёшли Такэфуса Кубо астойдил ҳаракат қилмоқда. Ҳаттоки, бу футболчиларга ўз ватанларида қўйилган лақаблар ҳам ўхшаш: Камамотони шоирона тарзда «қамиш» деб аташса, Кубони «бамбук» дейишади. Айнан Такэфуса сабабли Олимпиада мезбонлари гуруҳ босқичини ажойиб натижалар билан якунлашди: учта ўйин - учта ғалаба (7:1). Кубо ҳар бир баҳсда тўп киритди, Мексика, Франция ва ЖАР термалари дарвозасини ишғол қилди ва жамоасининг мусобақадаги энг яхши тўпурари бўлди.
Камамотонинг 7та гол урганини инобатга олсак, Кубонинг натижаси ҳаминқадардек кўринар, лекин у аждодидан фарқли равишда, «тўққизлик» эмас, «ўнлик» позициясида тўп суради. Такэфуса биринчи навбатда японларнинг ҳужумдаги креативлигига жавобгар, гарчи ҳужумларни якунлашда ҳам ажойиб ҳаракат қилади. Статистикага кўра, у жамоада нафақат шерикларини қулай вазиятга олиб чиқиш бўйича етакчи, балки дарвозалар томон тез-тез зарба ҳам йўллайди. Маълум муддат бир ўйиндаги ўртача зарбалар борасида Кубо ҳаттоки, Олимпиаданинг энг яхши тўпурари Ришарлисонни ҳам ортда қолдирди.
«Япониялик Месси»
Умуман олганда, японларнинг ўзи учун Такэфуса Кубонинг Олимпиадада қатнашиши катта кашфиёт бўлгани йўқ. Уни ҳозирги авлоднинг энг асосий иқтидори деб ҳисоблашади: навқирон японияликнинг 18 ёшиданоқ миллий терма таркибида тўп сураётгани бежиз эмас! 2019 йили вояга етиб улгурган футболчи жамоа билан Жанубий Америка кубогида иштирок этиш учун борди, у ерда Япония термаси ўз тарихида иккинчи марта қатнашаётганди.
Тахминан ўшанда хориж матбуотида Кубонинг бошқа бир тахаллуси пайдо бўлди - «япониялик Месси». Шу тариқа Такэфусанинг келгусида Каталония гранди таркибида пайдо бўлиши тахмин қилинди, чунки у «кўк-анорранглилар»нинг Япониядаги лагерида ўзини кўрсатишга улгурганди. Чиндан ҳам, Лионель билан ёш японияликни бирлаштириб турувчи жиҳатлар кўп эди. Ҳар иккисининг бўйи баланд эмас, иккиси ҳам чапақай, иккисининг ҳам техник салоҳияти шубҳадан холи. Кубо Мессини ўз кумири деб атагани ҳам бежиз эмас. Такэ 2011-2015 йиллар мобайнида Ла Масияда порлади, Ансу Фати ҳамда Эрик Гарсия билан ёнма-ён тўп сурди. Лекин 14 ёшга тўлганида, ватанига қайтишга мажбур бўлди, сабаб - трансфер баённомаси қоидаларини бузганлиги учун «Барса»га нисбатан санкция қўлланганди.
«Японияга қайтишни умуман хоҳламагандим. Испанияда яшашга кўникканман, жамоада ўзимни яхши ҳис қилаёрдим ва нега энди кетишим кераклигини тушунмагандим. Кейинчалик барчасини янгидан бошлашим мумкинлигини ўйлаб, қўрққандим», - дея эслайди футболчи.
Шунга қарамай, Европа клублари иқтидорли ярим ҳимоячини назарда четга чиқаришмади, унинг Япония чемпионатидаги ўйинларини мунтазам кузатиб боришди. Кубо ўз юртида 16 ёшида дебют қилганди. Копа-2019 бошланиши арафасида грандларнинг унга бўлган қизиқиши ортди. Бразилияда ўтган турнирда 173 сантиметр бўйга эга болакай техник жиҳатлар бўйича маҳаллий маҳорат соҳибларидан заррача қолишмади! Ўйин давомида амалга оширилган алдаб ўтишлар (2,7) бўйича у мусобақадаги барча футболчиларни ортда қолдириб, Санчес (2,7) ва Коутиньо (2,3) даражасини намойиш этди.
Ўз навбатида, Такэфуса ўз ёшига хос бўлмаган ажойиб ўйин кўрсатди, майдондаги ҳолатни яхши ўқий олди, тўпни қойилмақом тарзда назорат қилди. Бир учрашувдаги кескин узатмалар сони (2,7) бўйича ҳатто Мессини (1,8) ортда қолдирди ва ушбу кўрсаткич борасида кубокда иккинчи ўринни эгаллади. Ваҳоланки, унинг жамоаси гуруҳдан чиқа олмаганди.
Ўша йилнинг ёзида Кубога «ПСЖ», «Реал» ва «Барселона» жиддий қизиқиш билдира бошлади. Тахминларга терс ўлароқ, қаҳрамонимиз Мадридга кўчиб ўтишга қарор қилди ва Америка кубоги давом этаётган паллада «қаймоқранглилар» билан шартнома имзолади. Пойтахт жамоасининг Такэга босқичма-босқич ривожланиш режасини таклиф этиши футболчининг Каталониядаги ўтмишини унутишига сабаб бўлди. Мазкур ҳолатда «Реал» «япониялик Месси»га умуман пул сарфламади, уни эркин агент сифатида қабул қилди. Ваҳоланки, ўша пайт Кубонинг трансфер нархи қарийб 2 миллион еврони ташкил этарди.
«Реал»нинг янги юлдузи
«Қироллик клуби» томонидан таклиф этилган режа Кубога асосий жамоада тўп суриш кафолатини бермасди. Аввал-бошдан япониялик иқтидор соҳибига «Кастилья» ёки «Мальорка»дан бирини танлаши кераклиги айтилди, натижада Такэ Мадрид ёшлари сафида учинчи дивизионда тўп суришдан кўра, Ла Лига аутсайдери таркибига қўшилишни маъқул кўрди. Ўтган икки йил мобайнида Кубо ўзи танлаган стратегияни ўзгартирмади ва ўзини Испания чемпионатидаги турли жамоаларни синаб кўрди, «Реал» таклифига муносиб бўлишга интилди.
Такэ дебют мавсумидаёқ ўзини яхши томондан кўрсатди. 18 ёшли ярим ҳимоячи «Мальорка» таркибидаги энг яхшилардан бири бўлди, 35та ўйинда «голҚпас» тизими бўйича 8 очко жамғарди. Бир йилдан сўнг япониялик янада обрўлироқ клуб - «Вильярреал» ижарага олди. Ярим ҳимоячи «сариқ субмарина» сафида йўқолиб қолмади ва жамоасининг Европа Лигаси гуруҳ босқичини биринчи ўринда якунлашига ҳисса қўшди, 5та ўйинда 3та самарали узатма муаллифига айланди. Агар ижара келишуви бир йилга мўлжалланганда, Кубо бу жамоа билан ўзининг дастлабки еврокубогига эга бўлиши мумкин эди. Аммо қишда яна клубини алмаштиришига тўғри келди: мавсум-2020Ғ2021нинг иккинчи қисмини «Хетафе»да ўтказди.
Шу ёзда Кубонинг биографиясида янги саҳифа очилиши керак. Испания элитасидаги икки йиллик иштирокдан кейин япониялик ярим ҳимоячи Токиода ўтказилган Олимпиадада ўз савиясини кўрсатди - демак, янада кучлироқ жамоа таркибига қўшилишдан умид қилса арзийди.
Marca маълумотига кўра, даставвал «Реал» футболчини яна ижарага беришга қарор қилган. Уни қўлга киритишга асосий даъвогар сифатида «Реал Сосьедад» кўрсатилмоқда. Ўтган мавсум басклар Примерада 5-ўринни эгаллашди, шундай экан, Кубо учун бу ижара Испаниядаги фаолияти давомида энг нуфузлиси бўлса, ажабмас. Қолаверса, клуб мазкур келишувдан бир неча миллион евро ундириши мумкин, зеро Такэнинг нархи 15 млн.гача ошди. Иккинчи вариант - «Мальорка»: бир йилдан сўнг жамоа яна Ла Лигага қайтди.
Лекин энди мадридликлар Кубо бўйича тузган режаларини қайта кўриб чиқиб, уни «Реал»нинг асосий жамоаси таркибига киритишга тайёрлар, аммо бунинг учун клуб лимит муаммосини ҳал қилиши лозим. Ла Лига жамоаларга Евроиттифоққа аъзо бўлмаган мамлакатлар фуқароларининг фақат уч нафарини таркибга киритишга рухсат беради. Айни пайт «Реал»да бундай футболчилар беш нафар: бразилияликлар Милитао, Винисиус ва Родриго, уэльслик Бэйл ҳамда япониялик Кубо. Яқинда лига мадридликларга қулайлик яратиб, «Брексит» воқеасига қарамай, Гарет Бэйлнинг ЕИ фуқароси мақомини сақлаб туришига имкон берди. Лекин барибир, Такэнинг таркибга қўшилиши учун бунинг ўзи етарли бўлмайди.
Японияликка икки ҳолатдан бирида омад кулиб боқиши мумкин. Биринчидан, агар шу ёзда Винисиус ниҳоят, Испания паспортини олса. «Реал» бразилиялик футболчини дахлсизлар рўйхатига қўшган, уни сотишни режалаштирмаяпти, шундай экан, бошқа вазиятда у жамоа «заявка»сидан тушиб қолмаса керак. Клубнинг Милитао билан хайрлашиш эҳтимоли ҳам кўп эмас - Мадридда шундоқ ҳам марказий ҳимоячилар танқислиги мавжуд. Ёш Родриго эса ижарага кетиши мумкин, қачонки, унда Флорентино Перес кўрган салоҳиятни Карло Анчелотти ҳам пайқаса, албатта.
Шуниси аниқки, ҳар қандай ҳолатда ҳам, Кубода ривожланиш учун имконият етарли.
Ў.УМАРОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).