Ёз тугамоқда... Бу шуни англатадики, трансферда ойнаси ҳам тез орада якунига етади. Бунда биз бир-биридан шов-шувли ва қизиқ кўчишларга гувоҳи бўлдик. Энг каттаси эса ҳали олдинда кўринади. Ҳатто, Роналду ҳам ўз клубини тарк этиб улгурди. Унинг кейинги манзили Англия эканлиги айтилган. Аммо қайси клубгалиги ҳозирча аниқ эмас. Майли, ҳозир гап мутлақо бошқа нарса ҳақида кетади. Мозийга назар солар эканмиз, кучли ва барчанинг эътиборида бўлган футболчилар доимо ҳаридоргир бўлганига гувоҳ бўламиз. Шундай ўйинчилардан бири замонамизда ҳам бор ва у Ҳарри Кейндир. У кетишни истади, аммо олиб қолинди. Қандай қилиб бунга эришилганини сиз яхши биласиз.
1. Ҳарри Кейн
«Тоттенхем» раҳбари Даниел Леви «Ман Сити»нинг шунча урунишларига қарамай, Кейнни жамоада олиб қолди. Унинг яна бир мавсуми Лондонда ўтадиган бўлди. Кейннинг ўзи эса бошқа жамоага кетишни истаганини очиқ айтганди. Аммо унинг истаги инобатга олинмади. Шундан сўнг футболчи Twitter`да бу ҳақда ёзди: «Клуб мухлисларини қўллашини ҳис қилиш ёқимли. Мен бир неча ҳафтадан буён кўплаб шундай хабарлар қабул қилдим. Мен «Тоттенхем»да қоламан. Энди тўлиқ эътиборимда совринларга эришиш бўлади».
Кейн тарихдаги бу аҳволга тушган биринчи футболчи эмас. Яна бир нечта мана шундай истаклари рад этилган футболчилар мавжуд. Уларни эса қуйида билиб оласиз.
2. Патрик Виейра
2000-2001 йилги мавсум сўнгида «Арсенал» афсонаси Виера клубни тарк этиш истагида эканини билдиради. У жамоани тарк этиб, «Реал»га, уларнинг Галактикосига қўшилишни истар эди. У ўша пайт шундай хабар ёзган эди: «Ҳаммасини ўзим учун ҳал қилдим. Мен «Арсенал»ни тарк этаман». Шундай бўлса ҳам канонирлар уни жамоада олиб қолишни уддасидан чиқади. Виера 2005 йилгача клубнинг олтин даврида бирга бўлди. Кейин эса «Ювентус» томон йўл олди.
3. Стивен Жеррард
Балки бу АПЛ тарихида амалга ошмай қолган энг машҳур трансферлардан биридир...
«Ливерпуль» афсонаси Жеррард маълум вақт жамоасининг ўйин услубидан норози кайфиятда юради. Шу сабаб, клубни тарк этишгача бориши мумкин эди. Унга «Челси»дан 32 миллион фунтлик таклиф келиб тушганида, футболчининг ўз жамоасига содиқлиги синовдан ўтказилади. Ўша пайт, Жеррард «Стенфорд Бриж»га борганида, «аристократлар» мухлислари уни қарсаклар чалиб, Лондонга ўтишга ундашган эди. Шунга қарамай, Жеррард «Энфилд»да қолди ва фаолиятини шу ерда якунлади.
4. Уэйн Руни
Уэйн 2010 йилда «Манчестер Юнайтед»ни тарк этиш учун қаттиқ ҳаракат қилиб кўрган эди. Ўша пайт жамоанинг мақсадлари танқид остига олинган, устага-устак футболчининг Фергюссен билан муносабати ҳам ёмонлашганди. Руни атрофида кўплаб топ клублар парвона, истаган жамоа уни жон-дили билан ўз таркибига қўшиб олиши мумкин эди. Лекин амалда Руни ўз жамоасига содиқ қолди ва яна 5 йиллик шартномага имзо чекди. У кейинчалик «қизил иблислар»нинг барча даврлардаги энг яхши тўпурарига айланган.
5. Луис Суарес
2014 йилда Суарез «Арсенал» билан шартнома тузишга ўта яқин келади. Футболчи учун тўпчилар 40,000,001 фунт таклиф қилган эди. Ҳаммаси Бренден Рожерсни клубни тарк этишидан бошланади. Унинг ортидан Суарес ҳам «Ливерпуль»дан кетмоқчи эканини билдиради. Бу ҳақда кейинчалик «Арсенал»нинг ўша пайтдаги мураббийи Арсен Венгер шундай деганди: «Биз футболчи билан келишиб олган эдик. Аммо унинг агенти футболчининг жамоаси билан биз таклиф этган 40 миллиондан ҳам юқори қийматланган шартномаси борлигини билдирди. Мен буни текшириб кўриш учун, атайин 40,000,001 фунт таклиф қилганман. Бундан аниқ бўлдики, айтилган шартнома амалда мавжуд бўлмаган. Бу жуда кулгили туюлади, буни биламан. Лекин «Ливерпуль» раҳбарияти била туриб, кетишни истаган футболчисини сотишни хоҳламаган».
Барчаси якунлангач, масала ойдинлашди. Мерсисайдликлар кўп ўтмай, ўз футболчисини икки баробар катта қийматга, 75 миллион фунтга «Барселона» клубига пуллади.
инглиз тилидан Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).