Сербиялик Душан Влахович - туғма иқтидор. Бу эса ўта хавфли эканлигини тажрибали скаутлар яхши тушунадилар. Шу сабабли 21 ёшли ҳужумчи ЕЧЛ чорак финалларида ўйнайдиган жамоалар сафида эмас. Сербиялик иқтидор учун футболда у билмаган жиҳатлар қолмаганини барча селекционерлар кўриб туришибди. Буниси ҳам ёмон. Одатда, фақат заиф менежерлар шунақа футболчиларга ёпишадилар.
Робиньо, Балотелли, Насри ва Йоветичларнинг «Манчестер Сити»га келишлари сабаби ҳам шу. «Челси» ҳам бир неча марта ривожланиш қобилиятига эга бўлмаган ўйинчилардан оғзи куйган. Ва аксинча, меҳнатдан қочмайдиган Салоҳ, Де Брюйне ва Лукакуларни қадрлай олмаган. Тўғри, бельгиялик тўпурарни қайтаришга муваффақ бўлди, фақат бунинг учун каттагина маблағдан воз кечишига тўғри келди. Лекин асл снайперни излаётган ёлғиз Тухелнинг ўзи эмас.
Гвардиола анчадан бери Кейнни қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ Даниэл Леви ўз қариндошига ҳам бир қултум сувни савоб учун совға қилишдан кўра сотишни афзал билади. У билан савдолашиш осон эмас. Ажабтовур феъл-атворли бошқарувчи бир қатор манфаатли келишувларни барбод қилган. Охир-оқибат, 1,17 млрд. фунтли қарз домига ғарқ бўлди.
Кейн совринсиз юравериб толиқиб қолган бўлсада, уни «Сити»га шунчаки қўйиб юборишмайди. Буни билган Влахович вакиллари Хосепга ҳужумчини муқобил вариант сифатида таклиф этишди. Кокориннинг «тўққизлик» позициясидаги рақобатчиси хусусида ҳар қанча мақтов озлик қилади. Влахович ҳужум чизиғининг чўққиси учун ўта муносиб номзод, тўп билан муомала санъатига «А» серияда талаб даражасида сайқал берди.
Сербиялик ҳужумчининг чап оёғи худди ихчамроқ гавдали футболчидан олингандек туюлади. Шу сабабли «Фиорентина» мураббийлари ундан сал орқароқда, ўйинни бошқаришда фойдаланишга интилмоқдалар. Айнан шу ассистентлик ва дирижёрлик санъати бобида у ҳозирча ўртача савия соҳиби.
Бошқа томондан, Левандовскида ҳам ассистентлик даражаси мукаммал эмас, аммо гол «ҳиди»ни аъло даражада ҳис этади. Ўтган мавсум Влахович бу борада Роналду (29), Лукаку (24) ва Муриэлдан (22) кейинги ўринни эгаллади. Лекин шуни ҳам инобатга олиш керакки, бу кўрсаткичга Влахович етакчи квартетдаги жамоа билан эмас, мавсумни 14-поғонада якунлаган «бинафшалар» сафида эришди.
«Иккинчи мавсум» синдроми эҳтимоли йўқ эмас
Душан Влаховичнинг «Фиорентина»даги ўтган мавсумга қадар намойиш этган ўйини билан 2020|21 йиллар мавсумидаги иштироки ўртасида сезиларли фарқ мавжуд. Кьеза «Ювентус»га келганида кутилган ўйинни кўрсата олди, лекин Федерико Душандан 2 ёшга каттароқ ва футболчилар оиласида улғайган - ҳатто тушида ҳам сабоқ олган. Душан эса «А» серияга барвақт - 18 ёшда келди ва бирданига Давиде Асторининг вафоти туфайли азадорга айланган жамоадан ўрин олди.
Душан Стефано Пиолининг фаолиятидаги ролини юксак баҳолаб, уни футбол отаси сифатида ҳурмат қилади. Бироқ «Фиорентина»да 2 йил ичида 5 марта мураббий алмашди, Гаттузо бор-йўғи 3 ҳафта ишлади. Бу ёғига ҳужумчи ўзини қандай ҳис этади, ўтган мавсумдаги юксак савияни давом эттира оладими? «Бинафшалар» раҳбарияти эса сербиялик футболчи учун 50-80 млн. евроли таклифни ҳисобга олишлари лозим. Гарчи йигитнинг туғма иқтидор эканлиги шубҳадан холи бўлса ҳам.
Влахович - ўнг оёқли Шомуродов, деганди Карпин ҳазил аралаш. 21 ёшли ҳужумчи шундай таассурот қолдирадики, вақти келиб у голлар ва совринларга бой бўлган машҳур Златан ёки Марио мақомига эришиши мумкин. Балотелли эмас, Манжукич мақомига.
Қисқаси, Душан «Бавария», «Атлетико» ёки «Ювентус»да аъло сифатли ротация ҳужумчиси бўла олади. Фақат Луис Суарес энг ёрқин даврида намойиш этган ҳайратланарли томошаларсиз. Умуман, ҳужумчилик касбида маълум яроқлилик муддати бўлади. Кўпсонли жароҳатлар ўз таъсирини кўрсатади, уларнинг оёқлари кўплаб тепкиларга дучор бўлади. Душанда мақтанчоқлик одати бор - муҳофаза гетрани тиззаларидан юқорироқ қисмигача беркитишидан тортиб, рақибини такрор-такрор алдаб ўтишигача. Табиийки, ҳимоячилар уни аяб ўтирмайдилар.
Влахович Диего Симеоненинг «Атлетико»сида Мадридда кўплаб марказий ҳужумчилар билан осонликча тил топишиши ёки «Манчестер Сити»га ўтиб, Гвардиоланинг «Бавария»сида Роберт Левандовски бошдан кечирган муаммоларга дуч келиши мумкин. Захирага михланиб қолган польшалик тўпурар бир ўйинда 5та гол уришни ўйлаб топгани унутилгани йўқ. Испаниялик мутахассис сурбетлик билан уни захирада қолдираётганди. Чунки футболга у ҳамма каби эмас, ўзига хос тарзда ёндашарди.
Етукликдан анча олисда бўлган Душан бирданига «Сити»ни кучайтира олиш-олмаслиги хусусида фикр билдириш қийин. Айниқса, шайхлар таваккалга қўл уриб, ҳам Кейн, ҳам сербни харид қилсалар. Лекин серб айнан ўз ўйини билан барчани ўзига ром этгани шубҳадан холи.
У ўта чаққон ва навқирон йигитча, аммо ноёб асар яратишга арзийдиган даражадаги «ас» футболчи эмас. Бу ёғини ҳал этиш Гвардиоланинг зиммасида - қўшимча сабоққа муҳтож бўлган навбатдаги Жезусми ёки АПЛга шай Кейн муҳимроқми?
«А» сериянинг ўртамиёна клуби учун ўта маҳоратли
Влахович каби ноёб иқтидор соҳиблари оддий ўрта мактаблардаги болалар жамоаларида учраб туради, улар учун академия бўлиши шарт эмас. Улар футболни жуда тез ва осон ўзлаштирадилар. Бироқ бундай иқтидорлардан чиққан асл профессионаллар жуда кам. Лео каби болалигидан яққол ажралиб туриш барча буюк чемпионларга насиб этмаган, уларнинг аксарияти узоқ ва машаққатли таҳсил эвазига шундай мақомга эришганлар. Очиғи, Душаннинг айнан Мессилар тоифасидан эканлигига кафолат йўқ, ҳозирча у Дибала сирасидан. Пауло «Палермо»да айнан Мессининг вориси сифатида ўйнаганди. Савияси баландроқ жамоаларда «йўқолиб» қолди, Аргентина термасининг етакчиси бўла олмади. Влаховичнинг фазовий баландликка кўтарила олмаганлар рўйхатига тушиб қолмаслигига тилакдошмиз. Чунки унинг салоҳияти экстра мақомидаги жамоада тўп суришни тақозо этади.
«Атлетико»га ўтиш ўринли эмас, у ерда Суарес бор. «Манчестер Сити»да ҳам шундай, Кейнни сўнгги соатларда ҳам харид қилишлари мумкин. Бироқ «Фиорентина»да яна бир мавсумга қолиб кетишдан ҳам маъно йўқ. Трансфернинг амалга ошиш эҳтимоли юқори, кўпчилик экспертлар айнан Влаховични «А» сериянинг ўтган мавсумдаги энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этмоқдалар. Фақат бир нарса номаълум: Душан учун «бинафшалар» қанча олишади? Эслатиб ўтамиз, ҳужумчи «Партизан»дан атиги 1,95 млн. еврога сотиб олинганди.
Ҳозир «Фиорентина» 100 млн.лик таклифдан умидвор бўлсада, 60 «лимон»га барака беришига шубҳа йўқ. Келишув Кокорин учун ҳам аҳамиятсиз эмас. Флоренцияликлар янги мавсумни янги ғояларга эга бўлган янги бош мураббий билан бошладилар. Август охирида энг зўр ҳужумчидан жудо бўлишса, тажрибали касбдошига ишонч билдиришлари мумкин. Влахович ҳам янги жамоадан умидвор. Боиси, фаолиятининг тараққиёти шунга боғлиқ.
Агар серб соф ҳужумчи, масалан, Суарес билан тўп суришга тайёр эканлиги маълум бўлса, бўлажак трансфер унинг фаолиятидаги йирик келишувнинг сўнггиси бўлмайди. Рибери ҳужумда Душанга ҳамкорлик қилди, лекин у тажрибали вингер. Кальехон ўзга тоифадаги ўйинчи, Куаме билан эса, у узоқроқ ҳамкорлик қилишга улгурмади. Бир йилга инқироздан боши чиқмайдиган жамоада қолиб кетиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Ундан кўра, «Интер»дан таклиф тушса, Жеко билан рақобатлашиб, Лаутарога шерик бўлгани афзалроқ.
Ўтган мавсум ўйинлари таҳлилидан маълум бўлишича, Влаховичда ўнг қанотга силжиш, дарвозани нишонга олиш ва юқоридан узатилган тўп учун курашиш қобилияти ҳам бор. Яккакурашлардаги иштироки бўйича у топ-чемпионатлар етакчилари сафида. Бу борада Златандан орқада, аммо голлари кўпроқ. Агар у шерикларини ўз вақтида пайқашни ўрганса, АПЛ клублари талабини қондира оладиган ажойиб ҳужумчига айланади. Аммо Белградда Россия терма жамоасига урилган голларнинг бирини ўз ҳисобига ёздирган снайпер иккинчи шеригининг хатосини такрорламаслиги лозим - Лука Йович «Реал»га шошилди ва кейин афсусланди.
Влаховичга уни режали равишда кучайтирадиган клубни топиш керак. Бу клуб «Манчестер Сити» эканлигига кафолат йўқ - у ерда маошлар ҳам, талаблар ҳам ўта юқори. Яъни, даромадга қараб буромад.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).