Каталония клуби қандай қийин аҳволда қолганлиги барча футбол ишқибозларига маълум. Жамоанинг тубдан ўзгаришига янги мураббий кераклиги ҳам кундек равшан. Роналд Куман йўлнинг охирига етиб келди ва “Барселона” деярли уни истеъфога чиқаришга тайёр. “Кўк-анорранглилар” охирги мавсумларда мураббий танлашда анча кўп хатоларга йўл қўйди. Айнан ҳозирги кунга келиб ҳам уларга янги мураббий керак. “Барселона” қайси мутахассисни жамоага жалб қилиши мумкин ёки ким бундай катта миссияни амалга ошириш учун рози бўларкин? Зеро, Мессисиз қолган “Блаугранас”ни ботқоқликдан олиб чиқишнинг миссиядан кам жойи йўқ. Қуйида сизлар билан “Камп Ноу” эгаларининг бўлғуси устози учун номзодларни кўриб чиқамиз.
Хави (“Ас-Садд”, 41 ёш)
“Барселона” ҳар сафар ўзига мураббий қидирганда биринчи номзод албатта Хави бўлади. Испаниялик мураббий ўз футболчилик фаолиятини каталонияликларга бағишлагани барчага маълум. Хави “Барселона”ни бошдан-оёқ биладиган шахс ҳисобланади. Унинг футболдаги ақлига шубҳа қилиш нотўғри. Унда Гвардиолача услуб бор. Унинг Қатар клубида қурган ўйин услуби жуда ёрқин кўринмоқда. Ҳар ҳолда, “Ас-Садд”да ҳам "тики-така" қура олди. Унинг ўйин услуби 100 фоиз “кўк-анорранглилар”га тўғри келади. Бу сафар ҳам жамоани бошқаришга номзод сифатида қаралаётган Хави ҳамон Осиёдан қайтишга шошилгани йўқ. Балки, ҳали у “Барселона”нинг мураббийи бўлишга тайёрмасдир. Лекин унинг жамоа учун жонкуярлиги ҳозир “блаугранас” учун жуда зарур. Кўрамиз, балки “Барселона”нинг ботқоқдалигини кўрган Хави бунга жим қараб тура олмас.
Марсело Гальярдо (“Ривер Плейт”, 45 ёш)
Ушбу мураббий ҳақида кўпчилик эшитмаган бўлса керак. Аргентиналик мутахассис ҳам онда-сонда омма эътиборини ўзига торта олган. Унинг “Ривер Плейт”и Жанубий Америка “Барселона”си десак муболаға бўлмайди. Тўп билан ўйнашни севувчи мураббийнинг испан футболига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ўзининг мураббийлик фаолиятида катта қадам ташлаши мумкин бўлган мутахассис “Барселона”да катта ўзгаришлар қилиши мумкинлигига кўпчилик ишонмаяпти. Унинг статистикаси ҳам унча юқори эмас. “Ривер Плейт” таркибида мураббий сифатида 357 ўйин ўтказиб, 188 тасини ғалаба билан якунлай олган. Лекин унинг 8 йилда 12 соврин ютгани анча яхши натижа. Гальярдо давомий ўйинлардан кўра кўпроқ плей-оффларда ўзини кўрсата оладиган мураббий ҳисобланади. “Барселона” соғинган Чемпионлар лигаси учун айнан шундай мутахассис керак. Айтганча, Гальярдо Жанубий Американинг Чемпионлар лигаси ҳисобланмиш “Либетадорес кубоги”ни 2 бор қўлга киритган (2015, 2018). Шундай экан Марселони “Барселона”да кўрсак ажабланиш керак эмас.
Антонио Конте (ишсиз, 52 ёш)
Италиялик мутахассис бор масаллиғдан фойдалана оладиганлардан ҳисобланади. Унинг яхши натижа кўрсатиши учун шароит яратиш мураккаб эмас. Минимал футболчилардан максимал фойдаланиш ҳозирда “Барселона” учун жуда зарур. Негаки, жамоанинг молиявий аҳволи ҳам таркиби ҳам ҳозирда кучли эмас. Демак, бор кучдан фойдаланиш керак. Конте айнан шундай мутахассис. У мураббий сифатида анча тажрибали ва яхшигина совринлар ютишга эришган. Лекин тушунарсиз ҳолатда “Интер”дан истеъфога чиқарилди. Ҳозирда Контенинг ишсиз эканлиги “блаугранас”га фойдали. Конте ҳам бундай катта жамоани бошқаришни рад этмаса керак. Балки Конте “Барселона”ни шонли даврини қайтариб берар. Агар жамоа уни мураббий сифатида таништирса.
Марсело Бьелса (“Лидс”, 66 ёш)
Испан футболининг ҳақиқий мухлиси ва уни ўзлаштирган мутахассиснинг Каталония грандига ёрдами керак бўлиши мумкин. “Лидс”ни узоқ йиллик танаффусдан сўнг Премьер-лигага қайтара олган мутахассис АПЛ грандларига қарши яхши ўйин намойиш қилишни эплаяпти. Лекин таркиблар жиҳатидан анча камтарона кўринадиган “Лидс” якунда ҳам ҳеч нарса қила олмаяпти. Агар, “Лидс”да ҳам яхши таркиб бўлганида Бьелса класси туфайли жамоа кучлилар қаторида тилга олинарди. Аргентиналик мутахассис “Барселона”ни бошқариш эҳтимоли кам. Унинг жамоани қутқариши ҳам қийин. Лекин унинг мураббийликдаги билими туфайли “Барселона” жамоасига таклиф қилиниши эҳтимоли оз бўлсада мавжуд.
Роберто Мартинес (Белгия, 48 ёш)
Испаниялик мураббийнинг “Барселона”ни бошқариши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар мавжуд. Лекин Мартинеснинг “Барселона” учун фойдаси тегиши шубҳа остида. Юлдузли Бельгия билан бирорта соврин юта олмаган мутахассис учун “кўк-анорранглилар" таркиби кучсизлик қилиши мумкин. Мартинес эффектини кўриш учун эса “Барселона”га бир нечта катта трансферлар керак. Лекин, жамоанинг молиявий аҳволи бунга имконият бермайди. Шундай экан Робертодан бирор нарса кутиш қийинлиги жамоа раҳбариятига ҳам маълум бўлса керак. Қолаверса, Мартинеснинг Бельгия терма жамоасидан кетиш нияти йўқ.
Луис Энрике (Испания, 51 ёш)
Энрике “Барселона”га максимал даражада ёрдам бера оладиган мутахассис. Унинг “Барселона”даги футболчилик фаолияти ҳам, мураббийлик фаолияти ҳам ёрқин бўлган. Ҳозир жамоага Энрикедаги мотивация ва харизма етишмаётгандек гўё. “Блаугранас” Энрике қўл остида охирги Чемпионлар лигасини қўлга киритган. Айнан Энрике мураббийлиги даврида “ПСЖ”ни 6:1 ҳисобида енгиб тарихий "камбек" қайд этган. Лекин, яқинда Энрике “Барселона”ни бошқармаслиги ҳақида эшитдик. Аммо, “Барселона” унинг ҳаётида муҳим ўрин тутган жамоа. Агар раҳбарият уни янги лойиҳаларга ишонтира олса ва унинг ёрдамига муҳтожлигини етказиб бера олса, Энрике рад этмаса керак. Балки ундай бўлмас. Ҳар ҳолда у ҳозирги “Барселона”ни жар ёқасидан олиб чиқишга қудрати етадигандек кўринмоқда.
Анри (Бельгия миллий жамоаси ёрдамчи мураббийи, 44 ёш)
Анри ҳам “Барселона” учун жуда кўп ўйинларда майдонга тушган. Жамоадаги ички муҳит ҳам унга анча маълум. Анрининг мураббийлик қобилияти ҳақида ҳозирча бир гап айтиш қийин, лекин бу унинг жамоа учун қай даражада муҳимлигини ҳал қилмайди. Негаки, Гвардиола ҳам “Барселона”га мураббий бўлишидан олдин ўзини мураббий сифатида кўрсатмаган эди. Ҳозирда Анридан нима кутишимиз мумкинлигини айтиш имконсиз. Ҳар ҳолда у ҳам “Барселона” мураббийи бўлиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар мавжуд.
Шу ўринда ҳозирча ҳеч ким тилга олмаган ном билан ўз тахминимни ҳам қўшиб ўтмоқчиман.
Эрик тен Ҳаг (“Аякс”, 51 ёш)
Тен Ҳаг ҳақида ҳозирча ҳеч қандай янгилик йўқ, лекин унинг мураббийлик маҳорати қанчалик сайқалланиб бораётгани ҳаммага маълум. Унинг “Аякс”и бу мавсумда ҳам ёрқин ўйин кўрсатмоқда. Унда ҳақиқий голландча тотал футбол услуби мавжуд. Унинг устига, у ҳам бор масаллиғдан унимли фойдалана олади. Ёшлар билан яхши ишлайдиган мураббий. Френки Де Йонгни у кашф этгани ҳам ҳаммага маълум. Ҳозир “Барселона”даги молиявий аҳвол туфайли тен Ҳаг вариант ҳам ёмон эмас. Негаки, тен Ҳаг жамоага “Ла Масия”дан ёшларни чақириб бўлсада 1-2 йилда оёққа турғазиши мумкин. Лекин раҳбарият 1-2 йил пассив жамоага сабр қила олармикин, ҳамма гап шунда.
Булар шунчаки интернетда шов-шув бўлган миш-мишлар. Балки, “блаугранас”нинг янги мураббийи бу рўйхат орасида йўқдир, лекин юқоридагилар айнан жамоани бошқариши эҳтимоли энг юқорилари ҳисобланади. Хаммасини вақт кўрсатади. Кўрамиз, “Барселона”ни ким қутқарар экан.
Миржалол Пардабоев тайёрлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).