Ана шундай футболчилардан бири тожикистонлик Фарҳод Тоҳиров. 1990 йилда туғилган ҳужумчи мамлакатдаги етакчи клуб саналган «Истқилол» клубида тўп сураётганди. Ўтган йилги мавсумда у 27та гол билан тўпурарликка эришди ва жамоасининг чемпионликни қўлга киритишида салмоқли ҳиссасини қўшди. Қолаверса, Фарҳод Тожикистон миллий терма жамоасининг ҳам аъзоси саналади. «Андижон» Туркиядаги йиғин чоғида тожикистонликлар ҳам йиғин ўтказишганди. Ўша ерда мураббийлар Тоҳировнинг ўйинини диққат билан кузатишди. Бу йил чемпионатимизда легионер лимити 3+1 тизимида бўлди. Шу боис +1 учун осиёлик ўйинчи қўшиб олиш имкониятидан фойдаланиш учун мураббийлар тожикистонлик футболчини муносиб кўрдилар. Иқтидорли футболчи тез кунда «Андижон» ихтиёрига етиб келади. Биз эса фурсатни қўлдан бой бермаслик учун Тоҳиров билан алоқага чиқдик.
— Фарҳод, «Андижон» жамоасидан тушган таклифни қандай қабул қилдингиз? Умуман, бу сиз учун кутилмаган ҳолат бўлиб туюлмадими?
— Мен «Андижон» ҳақида бунгача жуда кўп эшитганман. Бундан ташқари жамоа ўз тарихига ҳам эга. Ушбу клубда менинг ҳамюртларим тўп суришганидан ҳам хабардорман. Умуман айтганда, андижонликлар менга таклиф билан чиқишгач, бироз ўйлаб кўришимни айтдим. Чунки «Андижон» жамоасидан таклиф мен учун кутилмаган ҳолат эди, бундай бўлишини ўйламагандим.
— Туркиядаги йиғин давомида клуб мураббийлари сизни кузатиб боришган. Айтингчи, у ерда улар билан мулоқотда бўлдингизми?
— Ҳа, албатта. Биз «Шўртан» жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида иштирок этдик. 1:2 ҳисобида ютқаздик ва ягона голни мен урдим. Учрашув тугаганидан кейин мураббийлар билан суҳбатлашдим. Ўшанда менга «Андижон»да ўйнашни хоҳлайсанми деб сўрашганди.
— «Андижон»да тожикистонлик Тоҳир Мўминов олти йил давомида самарали фаолият олиб борган. Уни ҳалигача мухлислар ширин хотиралар билан эслаб юрадилар. Балки таклиф тушгач у билан маслаҳатлашгандирсиз?
— Буни биламан. Қолаверса, Тоҳир Мўминовни Тожикистонда ҳамма ҳурмат қилади. Лекин гаплашишга вақт топа олмадим.
— Шунингдек, бу ерда бошқа ҳамюртларингиз – Муҳаммадали Содиқов, Алексей Неъматов ва Баҳодир Шарипов бир вақтнинг ўзида тўп суришган. Буни ҳам билсангиз керак?
— Ҳа, биламан. Бу футболчилар билан терма жамоада бирга тўп суряпмиз. Муҳаммадали Содиқов билан эса икки йилдан бери бирга ўйнаб келяпмиз.
— Балки ундан янги жамоангиз ҳақида сўрагандирсиз. Ҳар холда «Андижон»ни яхши билади...
— Ҳа, у клуб ҳақида гапириб берди. «Андижон» яхши савиядаги жамоа эканлигини, шароитлар ҳам яхшилигини ва ҳаммадан ҳам ишқибозларига гап йўқ дейди. Унинг айтишича ҳеч қаерда андижонлик мухлисларга тенг келадигани йўқ деди. Очиғи, мен жуда қувондим.
— Мавсум ҳам яқинлашиб қолмоқда. Андижонлик ишқибозлар эса сизни жамоага тезроқ қўшилишингизни интизорлик билан кутишяпти...
— Авваламбор «Андижон» мухлисларига ўз миннатдорлигимни билдираман. Жамоанинг шундай жонкуяр мухлислари борлигидан жуда ҳам хурсандман. Мен қўлимдан келганича уларнинг ишончини оқлашга ҳамда жамоага ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Бундай ажойиб фанатлар қаршисида ўйнашни ўзим ҳам интизорлик билан кутяпман.
— Жамоанинг ҳужум чизиғида кимлар тўп суришидан хабарингиз бўлса керак?
— Албатта хабарим бор. Лочин Солиевни яхши биламан. Қолаверса, «Андижон»га Владимир Шишелов ҳам келган. Яна бир ҳужумчи бор эди, Туркиядаги йиғин давомида дублга эришганди...
— Акмал Жўрабоев.
— Ҳа, ўша. У ҳам тиришқоқ экан. Ва албатта мен ҳам борман (кулади). Буларнинг барчаси тажрибали футболчилар.
— Айтмоқчиманки, ҳужум чизиғида рақобат кучли. Асосий таркибга кириш эса осон кечмайди. Бунинг учун нима қилмоқчисиз?
— Ҳа, фикрингизга қўшиламан. Футболда рақобат бўлмаса ҳеч қандай ўсиш ҳам бўлмайди. Рақобат бўлсагина ўсиш ҳам бўлаверади. Бунга жавобим оддий: ким кучли бўлса ўша ўйнайди.
— Сиз Тожикистон чемпионатидан кучлироқ бўлган бошқа чемпионатга кўчиб ўтяпсиз. Легионер сифатида сиздан фақат максимал натижа кутишади. Бу борада нима деган бўлардингиз?
— Тўғри айтасиз. Мен биламанки, легионер футболчи ҳамма вақт кучли ва ҳар бир учрашувда ўзини кўрсатиши керак. Лекин бу осонликча бўлмаслигини ҳам тушуниб турибман. Жамоага киришиб кетишим учун вақт керак бўлади. Аммо бу борада менга жамоадошларим ёрдам берадилар деган умиддаман.
— Қолаверса, сиз фаолиятингизда бир қадам олдинга ташладингиз...
— Қолгани энди ўзимга боғлиқ. Мен янада олдинга интилишга ҳаракат қиламан.
— Шу ўринда миллий терма жамоа ҳақида сўрамоқчиман. Тожикистон кутилмаган сюрприз орқали кейинги босқичга чиққанди. Кучли гуруҳдан ўрин олгани учун бешта учрашувда мағлубиятга учради. Умуман, бу сизлар учун катта тажриба мактабини ўтагандир-а?
— Тўғри. Бизнинг миллий футболимиз савияси бошқаларникига қараганда пастроқ. Лекин шуни айтмоқчиманки, ҳозирда Тожикистон футбол федерацияси раҳбарияти ўзгарган. Бу эса бизнинг бир қадам олдинга ташлаганимиздир. Ўйлайманки, 2-3 йил ичида Тожик футболида кўп ўзгаришлар юз беради.
— Гуруҳда қайд этилган натижалар хусусида нима дея оласиз?
— Шубҳасиз гуруҳимиз жуда кучли эди. Бизни ҳисобга олмаганда Осиёнинг энг кучли терма жамоалари йиғилишганди. Мисол учун Япония жуда кучли жамоа ва улар жаҳон чемпионатида қатнашиб келишади. КХДР термаси ҳам кучли ва улар ҳам 2010 йилги мундиалда қатнашишди. Ўзбекистон эса Осиё Кубогида фахрли тўртинчи ўринни қўлга киритди. Гуруҳда эса айнан сизларнинг жамоангиз биринчи ўринни қўлга киритди. Тўғриси, биз бундан жуда хурсанд бўлдик. Ишонтириб айтаманки, бундан кейин ҳам Тожикистон халки Ўзбекистон терма жамоасига мухлислик қилади. Бу борада мен терма жамоангизга омад тилайман.
— Тожикистон кучли рақибларга етарлича дош беролмагач бош мураббий алмашди. Камел Алеспахич келгач охирги турда КХДРга қарши майдонга тушдинглар ва бир очкони қўлга киритдинглар. Бу мураббий алмашгани билан боғлиқми?
— Ўйлайманки шундай. Янги мураббий келганидан кейин жамоада ўзгариш билинди. Агарда Алеспахич эртароқ келганида янада ишончли ўйин кўрсатган бўлардик. Чиндан ҳам бу мураббий жуда маҳоратли, унга гап бўлиши мумкин эмас.
— Ўтган йилги чемпионатда «Истқилол» таркибида 27та гол уриб тўпурар бўлдингиз. Бунга қандай эришдингиз, омадми ёки бошқа сабабми?
— Бу борада мен биринчи навбатда омад деган бўлардим. Агар омад кулиб боқмаса жуда қийин. Жамоа ғалаба қозонса ҳам буни омад туфайли деб биламан.
— Юқорида Тожикистон футболининг савяси ҳақида тўхталдингиз. У ерда чиндан ҳам савия пастми?
— Олдин шундай эди. Боя айтганимдек, футбол федерация раҳбариятида ўзгариш рўй берди. Энди олдинги силжиш кузатиляпти. Аммо ҳозирги пайтда ички чемпионат савияси пастроқ. Бироқ ТФФ уни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.
— «Андижон» клубига ўтишингизни «Истиқлол» жамоаси ва унинг мухлислари қандай қабул қилдилар?
— Тўғрисини айтсам, бошида унчалик хоҳлашмагандай бўлишди. Лекин бу ҳаёт. Бугун бу клубда бўлса, эртага бошқа клубда бўлади. Лекин «Истиқлол» раҳбарияти вазиятни тўғри тушуниб кетишимга розилик бердилар. Бунинг учун улардан миннатдорман. Жамоадаги мухлислар мени ҳурмат қилишади. Мен «Истиқлол»нинг кейинги ўйинларида омад тилайман.
— «Андижон» бош мураббийи Александр Аверьянов ҳақида нималарни биласиз?
— Александр Николаевич, маҳоратли мураббий. Ўзини қандай тутишни яхши билади. Бу мураббий билан бирга ишлаш давомида уни янада яхшироқ билиб оламан.
Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).