Африка Миллатлар Кубоги-2021мусобақасининг якунланишига ҳам оз фурсатлар қолмоқда. Биз барча плей-офф иштирокчиларининг номини билиб олдик ва баъзи жамоалар ҳаттоки турнирнинг чорак финалига чиқишди.
Кўпчилик мухлислар ушбу мусобақани ТОП турнир деб билишмайди. Аммо, аслида, бу жуда қизиқарли ва ўзига хослиги билан ажралиб турадиган чемпионат ҳисобланади.
Бу йил Африка кубогига юлдуз футболчилардан иборат бутун жамоа йўл олди: Ашраф Хакими, Садио Мане, Муҳаммад Салоҳ, Себастьян Аллер, Рияд Махрез ва бошқалар.
Аммо, бугун биз Камерунга кетганлар ҳақида эмас, балки ушбу қитъа давлатларидан бирининг фуқаролигини олишга рози бўлган тақдирда Африка кубогида ўйнаши мумкин бўлганлар ҳақида гапирамиз.
Жазоир: Карим Бензема (“Реал Мадрид”, Франция)
Ўтган йил Карим Бензема учун фаолиятидаги энг яхши йиллардан бири бўлди. Ҳа, ҳужумчи “Реал Мадрид” билан бирорта ҳам йирик совринни қўлга киритмаган, бироқ ижобий томонлари ҳам бор. Биринчидан, Лионель Месси ва Серхио Рамос Ла Лигадан кетганидан сўнг, ниҳоят Бензема ўзини Испания чемпионатининг асосий юлдузи сифатида кўрсатди. Иккинчидан, у “Олтин тўп” учун овоз беришда тўртинчи ўринни эгаллади.
Учинчидан, Карим Франция терма жамоаси етакчиларидан бири унвонини қайтариб олди. Ёзда у терма жамоага қайтди ва унинг таркибида Миллатлар лигасида ғолиб чиқди. Бироқ, Карим “уч ранглар” шарафини эмас, баки бошқа жамоа сафида ўйнаши мумкинлигини кам одам билади. Гап шундаки, ҳужумчи жазоирлик муҳожирлар оиласида туғилган ва агар хоҳласа, ота-онасининг ватани терма жамоасини кучайтириши мумкин эди.
Гамбия: Жо Гомес (“Ливерпуль”, Англия)
Гомес “Ливерпуль”нинг асосий юлдуз эмас. Тўғрироғи, у ротация футболчиси ҳисобланади. Агар керак бўлса, у Матип ёки ван Дейкнинг ўрнини боса олади ва марказий ҳимоячи позициясини вақтинча ёпа олади.
Жо Гамбия терма жамоасида ўйнаши мумкин эди (унинг ота-онаси ўша ерлик), лекин ёшлигида ҳам у ўзини Англия терма жамоаси сафида синаб кўришга қарор қилди.
Гана: Марио Балотелли (“Адана Демирспор”, Италия), Каллум Хадсон-Одои (“Челси”, Англия), Эдди Нкетия (“Арсенал”, Англия), Жереми Фримпонг (“Байер”, Голландия), Тимоти Фосу-Менса (“Байер”, Нидерландия), Мемфис Депай ( “Барселона”, Нидерландия), Нико ва Иньяки Уильямс (“Атлетик”, Испания)
Гана кутилмаганда ўз груҳида сўнгги ўринни эгаллади ва мусобақани эрта тарк этди. Энди тасаввур қилинг-а, бу жамоада Балотелли, Хадсон-Одои, Депай ва Фосу-Менса ўйнаганидамиди?!.
Бу ўйинчиларнинг барчаси, агар фаолиятининг қайсидир босқичида ўз миллати терма жамоасига қайтишга қарор қилишса, “қора юлдузлар” таркиби чиндан ҳам даҳшатли кўринишга келган бўларди.
Келинг, Балотеллидан бошлайлик. Афсонавий Марионинг жуда таъсирли ҳикояси бор. У Италияда туғилган. Шунинг учун миллати ганалик бўлган ота-онаси уни таълим олиши учун итальян оиласига беришга мажбур бўлишди. 18 ёшга тўлганининг эртасига Марио Италия паспортини олди ва кейинчалик ушбу мамлакат шарафини ҳимоя қилишга қарор қилди.
Хадсон-Одои аллақачон Англия терма жамоасида дебютини ўтказган, аммо бу унинг спорт фуқаролигини ўзгартиришни хоҳласа, “қора юлдузлар” ўйинчиси бўлишига тўсқинлик қилмайди. Ҳаммаси оддий – ФИФАнинг янгиланган регламентида футболчиларга маълум бир терма жамоада ўйнаган бўлса ҳам, терма жамоани ўзгартиришга рухсат берувчи банд бор.
Агар, футболчи катталар терма жамоаси сафида учтадан ортиқ ўйин ўтказмаган бўлса ва бу учрашувларнинг ҳеч бири Жаҳон кубоги ёки қитъа мусобақасининг финал турнирига ҳисобланмаса, спорт миллатини ўзгартириши мумкин. Иккинчи имконият эса, эски терма жамоа учун сўнгги ва янги жамоаси сафидаги биринчи ўйин ўртасида уч йиллик фарқ бўлиши керак. Каллум инглизлар сафида сўнгги бор 2019 йилнинг ноябрь ойида ўйнаган, демак у жаҳон чемпионати олдидан Гана терма жамоасига ўтиши мумкин бўлади.
Депай, Нкетия, Фримпонг, Фосу-Менса ва ака-ука Уильямслар ҳам Гана терма жамоасини кучайтиришлари мумкин. Уларнинг ота-оналари 1990 йилларда Африкадан ҳижрат қилишган ва агар хоҳласалар, бу футболчилар Гана паспортини бемалол олишлари мумкин эди.
Гвинея: Пол Погба (“Манчестер Юнайтед”, Франция)
Погба ҳам акалари изидан бориб, ота-онасининг ватани бўлмиш Гвинея терма жамоасида ўйнашга рози бўлганида Афирка кубоги янада қизиқарли ўтиши мумкин эди. Аммо, Поль Матиас ва Флорентиндан фарқли ўлароқ, Францияни танлади.
Яримҳимоячи халқаро майдонда Франциянинг 16 ёшгача бўлган терма жамоасидан бошлаб, барча турдаги “уч ранглилар” шарафини ҳимоя қилган. 2018 йилда эса Поль Дешам жамоаси сафида жаҳон чемпионатида ғалаба қозонишга ҳам эришган.
Гвинея-Бисау: Дайо Упамекано (“Бавария”, Франция), Данило Перейра (ПСЖ, Португалия), Ансу Фати (“Барселона”, Испания)
ПСЖ ҳимоячиси ва “Барселона” ҳужумчиси Гвинея-Бисау пойтахтида туғилган ва улар туғилгандан кейин Европага кўчиб кетган. Аммо, Упамекано Францияда туғилган. Учаласи ҳам ўзини Африка қитъаси терма жамоасида ўйнаши мумкин эди, аммо улар бунинг ўрнига Европада ўз омадларини синаб кўришга қарор қилишди.
Бунинг сабаби ҳам бор - Данило Перейра узоқ вақтдан бери Португалия терма жамоасида ўйнаб келган, Упамекано Франция таркибида Миллатлар лигасида ғолиб чиққан, Фати эса Испания терма жамоасининг асосий юлдузи ролида ўйнайди.
Миср: Стефан Эл-Шаарави (“Рома”, Италия)
Стефаннинг отаси Сабри Эл-Шаарави 1990 йиллар бошида оғир иқтисодий шароит туфайли Мисрни тарк этишга мажбур бўлган. Италияда у Люси деган қиз билан учрашди ва тез орада эр-хотин Шаарви исмли ўғил кўрди.
Эл-Шаарави Миср терма жамоасида ўйнаши мумкин эди, аммо у Италия терма жамоасини танлади.
Кабо-Верде: Желсон Мартинес (“Монако”, Португалия), Ренату Санчес (“Лилль”, Португалия)
Кабо-Верде — Африканинг ғарбий қисмидаги орол давлат. Унинг майдони бор-йўғи 4033 квадрат километрни ташкил этади, аммо кичик ўлчамига қарамай, бу ер дунёга иқтидорли футболчиларнинг тарқалишига ёрдам берди.
Бугун биз Кабо-Вердени кучайтириши мумкин бўлган, аммо маълум сабабларга кўра бошқа терма жамоада ўйнашга қарор қилган икки футболчи номини айтамиз. Улардан бири, болалигида оролларни тарк этиб, Португалияга кўчиб ўтган вингер Желсон Мартинес.
Иккинчиси эса Португалияда туғилган Ренату Санчес ҳисобланади. Буларнинг иккиси ҳам Кабо-Верде терма жамоасининг шарафини ҳимоя қилиши мумкин эди. Аммо...
Камерун: Самуэль Умтити (“Барселона”, Франция), Орельян Чуамени (“Монако”, Франция), Уильям Салиба (“Марсель”, Франция), Бреел Эмболо (“Боруссия М”, Швейцария)
Камерун ҳам бир қанча топ-футболчиларни “йўқотди”. Келинг, ҳозирда Франция терма жамоасида ўйнаётган (ёки ўйнаган) Умтитидан бошлайлик. Самуэль Камерун пойтахти Яунде шаҳрида туғилган, аммо икки ёшида у Францияга кўчиб ўтишга мажбур бўлган. Чунки, унинг ота-онаси ривожланган мамлакатга кўчиш, фарзандларининг келажагини яхши таъминлашга ёрдам беради, деб ишонишган.
Қандай бўлмасин, Умтити терма жамоа танлашда муваффақиятсизликка учрамади. Сабаби, Франция терма жамоаси таркибида Евро-2016 кумуш медали соҳибига айланди ва ЖЧ-2018да олтин медални қўлга киритди.
Эмболо ҳам Яунде шаҳрида туғилган, аммо Умтитидан фарқли ўлароқ, унинг оиласи Францияга эмас, балки Швейцарияга кўчиб ўтган. Бреел ҳали ўз терма жамоаси сафида совринларни қўлга киритмаган, лекин аллақачон етакчилардан бирига айланишга муваффақ бўлган. У 25 ёшида 47 ўйин ўтказиб, олтита гол урган. Чуамени ва Салибага келсак, уларнинг оилалари Камерундан бошқа давлатга ҳижрат қилганидан кейин дунёга келган.
Кот-д’Ивуар: Натан Аке (“Манчестер Сити”, Нидерландия), Дан-Ахель Загаду (“Боруссия Дортмунд”, Франция), Жонатан Та (“Байер”, Германия), Мойзе Кин (“Ювентус”, Италия), Тимеу Бакайоко (“Милан”, Франция)
Кот- д’Ивуар Африканинг энг кучли жамоаларидан бири. 1990 йиллардан бери, бу жамоада бутун ўйин натижасини ҳал қила оладиган камида бир нечта ўйинчи бўлган. Айни пайтда бу жамоада Франк Кесси, Серж Орье, Жереми Год ва Вилфрид Захани каби етакчи футболчилар ўйнамоқда
Бироқ, “филлар” Аке, Загаду, Та, Кин ва бир пайтлар Кот-д’Ивуардан паспорт олиши мумкин бўлган Бакайоко каби футболчилар билан ҳам кучайиши мумкин эди.
Мали: Нголо Канте (“Челси”, Франция), Ибраҳим Конате (“Ливерпуль”, Франция), Мусса Диаби (“Байер”, Франция), Алассан Плеа (“Боруссия М”, Франция), Джибрил Сидибе (“Монако”, Франция)
Малида бундай юлдузли таркиб йўқ, шунинг учун Канте ва бизнинг рўйхатдаги бошқа футболчилар “бургутлар” таркибини албатта кучайтирарди. Айтганча, Нголо Парижда туғилган, аммо Малининг фуқаролигини осонгина олиши мумкин эди, чунки у ушбу мамлакатдан келган муҳожирлар оиласида туғилган.
Ушбу рўйхатдаги бошқа қаҳрамонларнинг ота-оналари ҳам фарзандлари туғилгунга қадар Малидан Европага кўчиб ўтишган.
Марокаш: Браим Диас (“Милан”, Испания), Матео Гендузи (“Марсель”, Франция)
Марокаш Испания яқинида жойлашган бўлиб, ўтмишда бу мамлакатни Франция бошқарган. Шу боис, марокашликлар бу давлатлар билан энг кучли иқтисодий ва ижтимоий алоқаларга эга бўлса, ажабмас.
Диас ва Гендузининг ота-оналари Европага ҳижрат қилганидан кейин дунёга келишган. Браим Испания терма жамоаси, Матео эса Франция терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келади.
Нигерия: Карим Адейеми (“Зальцбург”, Германия), Мануэль Аканжи (“Боруссия Д”, Швейцария), Тэмми Абрахам (“Рома”, Англия), Арно Данжума (“Вильярреал”, Нидерландия)
Ёш ҳужумчи Карим Адейеми Мюнхенда нигериялик ва руминиялик ота-онадан туғилган. Шу сабаб, у ўзининг иқтидори билан Германия терма жамоасида ўйнаш мумкин бўлганда, бу Нигерияни танлаши аҳмоқлик эди, албатта.
Аканжи ҳикоямизнинг аксарият қаҳрамонларидан фарқли ўлароқ, бадавлат оилада туғилган. Отаси Нигерияни тарк этмасди, чунки, у таниқли молиячи эди, шунинг учун унга пул керак эмас эди.
Аммо, Мануэль ўз ватанини Изабел исмли швейцариялик теннисчига бўлган муҳаббати туфайли тарк этган. Аканжида фаолиятини Африка ёки Европа термасида бошлашни танлаш имконияти бор эди. У иккинчи вариантни танлади.
Сенегал: Маланг Сарр (“Челси”, Франция), Исса Диоп (“Вест Хэм”, Франция), Ферланд Менди (“Реал”, Франция)
Сенегални ҳам топ даражадаги бир нечта футболчилар - Маланг Сарр, Исса Диоп ва Ферлан Менди кучайтириши мумкин. Лекин, бу иш бермади. Ҳар учала футболчи ҳам Европа терма жамоаларида ўйнашга қарор қилишган.
Сьерра-Леон: Антонио Рюдигер (“Челси”, Германия), Тревор Чалоба (“Челси”, Англия)
Таниқли марказий ҳимоячи Антонио Рюдигер Германияда туғилган, бироқ унинг ота-онаси африкалик эди. Бир неча кун олдин ҳимоячи ушбу мамлакатдан келган болаларнинг операциялари учун пул тўлагани маълум бўлди. Аммо, шундай бўлса-да, у Германия терма жамоасида ўйнаш вариантини танлаган.
“Челси”нинг яна бир ҳимоячиси Тревор Чалоба бевосита Сьерра-Леон билан боғлиқ. У Фритаун шаҳрида (мамлакат пойтахти) туғилган ва Европага жуда кеч - 8 ёшида кўчиб ўтган. Тревор ўз ватанинифуқаролигини олишга унчалик ҳаракат қилмади.
Имконият пайдо бўлгач, у дарҳол Англия ўсмирлар жамоаси таркибида ўйнашга рози бўлди. Тревор “уч шерлар”нинг асосий жамоаси сафидаги дебютини 2018 йилда Испанияга қарши ўйинда бошлаган эди. Ўшандан бери у бошқа майдонга тушмади.
Тунис: Карим Рекик (“Севилья”, Нидерландия), Виссам Бен Йеддер (“Монако”, Франция)
Ҳимоячи Карим Голландияда туғилган ва шу сабаб, бу мамлакатда ўйнашга қарор қилган бўлса ажаб эмас. Бундан ташқари, йигитча анча ёшлигида (19 ёш) Голландия терма жамоасида дебют қилди. Аммо, у фақатгина 4 мартагина “апелсинлар” шарафини ҳимоя қилган.Балки,Рекик Карим энди ўзининг тарихий ватани шарафини ҳимоя қилишни хоҳлар.
Бен Йеддер ҳам худди шундай ҳикояга эга. Унинг ота-онаси Джербадан (Тунис) ваФранцияга кўчиб ўтди. Виссам “уч шерлар” таклифини узоқ кутди, лекин барибир Франция терма жамоасида ўйнаш имкониятини қўлга киритди. Дебют пайтида у 27 ёшда эди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).