3 апрель куни Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Олимпиада-2012 саралашидаги иштироки якунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда фаолиятини якунлаган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов журналистларнинг саволларига жавоб бераркан, миллий терма жамоадаги фаолиятини давом эттиришини маълум қилди.
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Лондон Олимпиадаси остонасида турган эди. Бироқ 14 март куни БААга қарши бўлиб ўтган гуруҳ босқичининг сўнгги учрашувида ғалаба 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб туриб, иккинчи бўлимнинг 30 дақиқаси давомида ўз дарвозасидан учта гол ўтказиб юборганди. Абрамовнинг фикрича, терма жамоанинг бу саралашдаги иштироки «муваффақиятсизлик» эмас, аксинча, «бир ўйиндаги омадсизлик» ҳаммасини ҳал қилди.
«Агар ўша 30 дақиқада ғалаба қозонганимизда эди, ҳозир ҳаммаси бошқача бўларди. Бироқ ўша ярим соат терма жамоанинг бутун иштироки ҳақида хулоса чиқариш учун етарли эмас. Буни чуқур таҳлил қилиш керак, атрофдаги бошқа гап-сўзларга эътибор қаратмасдан, тўғри хулоса чиқариш керак», деди Абрамов.
Тошкентдаги ҳал қилувчи ўйинда қайд этилган мағлубиятдан сўнг, олимпия терма жамоаси Вьетнамда ташкил этилган саралаш плей-офф баҳсларида иштирок этди. Сурияга қарши дастлабки ўйинда ўзбекистонликлар 2:1 ҳисобида иродали ғалабага эришган бўлишса, Уммонга қарши сўнгги ўйинда 0:2 ҳисобида имконият бой берилди.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси плей-оффга Олимпиадага чиқиш имкониятини сўнгги лаҳзада борган бўлса, Уммон ва Сурия олимпия терма жамоалари ўз гуруҳларида иккинчи ўрин олишлари аниқ бўлиб, Вьетнамга руҳан тайёр ҳолатда келишган эди. Абрамовнинг фикрича, Сурияга қарши ўйинда ҳам имконият бой бериб бўлинган эди, «бироқ, омад кулиб боқди». «Уммонга қарши ўйинда ҳам омад кулиб боқишига умид қилгандим», деди мураббий.
«Режамизга кўра, биз 14 март куни саралашни якунлаб, Лондон йўлланмасини қўлга киритишимиз керак эди. Биз Вьетнамдаги мусобақада иштирок этишимиз мумкинлигини ҳисобга олмагандик ва бунга – руҳий жиҳатдан – тайёр эмасдик. Яна шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, биз Сурияга қарши 27 март куни майдонга тушган бўлса, 29 мартда Уммон билан ўйнадик. Уммонда эса бу орада тўлиқ уч кун вақт бўлди», деди Абрамов.
Матбуот анжуманида, шунингдек, миллий терма жамоа фаолияти бўйича ҳам саволлар берилди. Хусусан, Уммон терма жамоасига 27 май куни Тошкентда ўтказилиши кутилган ўртоқлик учрашуви уммонликлар ташаббуси билан бекор қилинганига изоҳ бераркан, айни вақтда бўшаб қолган шу кунда, имкон қадар Тошкентда ўйнаш шарти билан, рақиб изланаётганини айтиб ўтди.
«Уммоннинг режаларида ўзгариш пайдо бўлган. Иордания бизга таклиф билан чиққанди, уни ўзимиз рад этгандик. Айни вақтда рақиблар изланмоқда. Агар улар рози бўлишса, Тошкентда ўйин ўтказамиз», деди Абрамов.
Матбуот анжумани давомида Абрамовга журналистлар томонидан, олимпия терма жамоасида қайд этилган омадсиз натижа сабаб, миллий терма жамоа бош мураббийлигидан истеъфога чиқиш ҳақида ҳақида ўйлаяпсизми, кўринишида савол берилди. Абрамов терма жамоадаги ишини давом эттиришини айтиб, жумладан шундай деди: «Гап менинг истеъфоимда ҳам эмас. Агар сиз Ўзбекистон миллий терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқишга кафолат берадиган мураббийни кўрсатсангиз, мен ўз ўрнимни бўшатаман».
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).