Шомуродов УЕФА расмий сайтига интервью берди: Ўзбекистон, «Ростов», «Женоа», «Рома» ва Моуриньо ҳақида...
"Рома" ҳужумчиси Элдор Шомуродов УЕФА расмий сайтига интервью берди. Stadion.uz суҳбатни таржима қилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қилади.
— Элдор, Сиз кичик Жарқўрғон шаҳрида туғилгансиз. Болалигингиз ҳақида гапириб берсангиз.
— Оиламда кўпчилик футбол ўйнаган. Дадам ва амакимларим футбол ўйнашган, бувам мураббий бўлган. Шу боис, менда ҳам ёшликдан футболга қизиқиш уйғонган. Катта қизиқиш. Етти ёшлигимданоқ маҳалладаги болалар билан машғулотга қатнардим. 12-13 ёш бўлганимда эса бошқа вилоятдаги "Машъал" футбол академиясига борганман. У ерда эса профессионал футбол билан шуғуллана бошлаганман. Кейинчалик "Бунёдкор"га таклиф этишди ва бу жамоа сафида Ўзбекистон чемпионати ўйинларида иштирок эта бошладим.
— "Машъал" академияси томон ташланган илк қадам. Бу қанчалик қийин бўлган? Оилангиз сизга қанчалик ёрдам берган?
— Оилам мени ҳамиша қўллаб-қувватлаган. Ютқазган пайтимизда ҳам қўллаб-қувватлашган. Менга оғир бўлган. Чунки уйдан чиқиб кетаётганимда жуда ёш эдим. Оила аъзоларимни соғинардим. Лекин сабр қилиш кераклигини тушунардим. Мен яшаган Муборак шаҳрида ёз жуда иссиқ, қиш эса жуда совуқ бўларди. Аммо у ерда яхши мураббийлар ишларди, Академиянинг ўзи ҳам жуда яхши эди. Футболчилар учун барча шароитлар яратилганди. Шу боис сабр қилган ҳолда ишлаш керак эди.
— Барча мураббийлар Элдор Шомуродовнинг кучли томони унинг менталитетида эканини айтишади. Сиз ўз олдингизга қўйган мақсадга эришиш учун кучли амбицияга эгасиз. Сиз Европа даражасига чиқишни ҳамиша орзу қилганмисиз?
— "Машъал"нинг асосий таркиби ўйнаганида биз тўп узатиб турардик. Ўшанда мен жамоанинг асосий таркибида ўйнашни оруза қилардим. Тезроқ улғайишни ва майдонга тушиб ўйнашни истардим. Профессионал даражада ўйнай бошлаганимдан кейин эса янада ўсиш кераклигини ва бунинг учун бошқа жамоага ўтиш кераклигини тушуниб етдим. Уйга келганимда доимо Европа футболини томоша қилардик. Оила аъзоларим ҳам менга Европада ўйнашга интилишим кераклигини айтишарди. Бу мақсад сари ҳаракат қилдим ва ўз орзумга эришдим.
— Болаликдаги кумирингиз ким эди?
— Дидье Дрогба ва Фернандо Торрес. Уларни яхши кўрардим ва уларнинг ўйинларини томоша қилардим.
— "Челси"га мухлислик қиласизми?
— Мухлислик қилардим. Ҳозир "Рома" фанатиман.
— Ўзбекистонда деярли қаҳрамонга айлангансиз. Шунингдек, терма жамоа сардорисиз. Ёш бўлишингизга қарамай, бундай эътироф сиз учун қандай аҳамиятга эга?
— Бу мен учун катта аҳамиятга эга. Сўз билан таърифлаш қийин. Менга сардорлик боғичи топширилишини кутмагандим. Ҳозир бизда авлодлар алмашинуви рўй беряпти. Ёш футболчилар келяпти ва мен уларга ўрнак бўлишим керак. Шу боис, сардорлик вазифаси мен учун катта аҳамиятга эга.
— Ватан сиз учун қанчалик аҳамиятга эга? Уйга тез-тез бориб турасизми?
— Ватанимни севаман. Мен учун Ватаним ҳам, Ўзбекистон терма жамоаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Миллий жамоага таклиф қилишса, Ўзбекистонга бораман. Ёки таътил пайтида. Бошқа пайтда Ватанимга бориш учун кўп имконият бўлмайди. Албатта, Ўзбекистонни соғинаман. Ота-онамни ҳам.
— Сиз Илёс Зейтуллаевдан сўнг А серияда ўйнаётган иккинчи ўзбекистонлик футболчи ҳисобланасиз. Бу билан фахрланасизми?
— Албатта фахрланаман. Бу ёқимли. Биз юқори савияда ўйнай оладиган футболчилар кўп. Улар ҳам А серияда ўйнашини истардим. Европада ўзбекистонлик футболчилар кўп бўлишини хоҳлайман. Бу ерда бутунлай бошқача футбол, ўзгача тезлик. Улар бу ерда ўсишга эришган бўлардилар. Европада ҳамюртларим қанчалик кўп бўлса, терма жамоа шунчалик кучли бўлган бўларди.
— Италия келгунингизга қадар "Ростов"да ўйнагансиз. Ўзбекистондан кейинги фаолиятингизнинг ушбу босқичи ҳақида нима дея оласиз?
— Дастлабки мавсум у қадар яхши бўлмади. Бу мослашиш жараёни бўлди. Кейин эса мослашиб олиб, Европага яқин бўлган бутунлай бошқача футбол намойиш эта бошладим. Валерий Карпин мени жуда зўр қўллаб-қувватлади, менга ишонч бағишлади ва ишларим юриша бошлади.
— "Ростов"да ўзингизни кўрсатганингиз учун "Женоа"нинг эътибори сизга тушди. Янги мамлакатга келиш қандай бўлди?
— "Ростов"даги иккинчи мавсумда мен жуда яхши ўйнадим. Кейин эса ярим йил ёмон ўйнадим. Бунга сабаблар бор эди. Аммо менда Европага кўчиб иштиёқи йўқолмади. Шу боис, осон бўлмаган. Гол ура олмасанг, Европага ўтиш қийин бўлади. Аммо "Женоа" менга ишонди. Бунинг учун клубга раҳмат айтаман. Улар мени "Ростов"дан сотиб олишди. Европада ўйнаш истгагим борлиги учун ушбу таклифга розилик бердим. Мен учун Европадаги фаолиятимни топ-клубда эмас, кичик жамоада бошлаш муҳим эди. Шу орқали менда асосий таркибга кириш имконияти юзага келарди. Биринчи йил оғир бўлди. Россия ва Ўзбекистонда менталитет ўхшаш, Европада эса бутунлай бошқача. Шу боис, дастлабки 2-3 ой осон кечмади, кейин эса ўргана бошладим. Ҳозир эса Италияда одамларни яхши тушунаман.
— Инсонларнинг маданияти борасида қандай фарқлар бор экан? Бу ерда қандай янги нарсаларга дуч келдингиз?
— Россия ва Ўзбекистонда барча ҳафтасига етти кун ишлайди. Бу ерда эса шанба ва якшанба кунлари ҳеч бир жой ишламайди, барча дам олади. Бутунлай ўзгача маданият, бошқа тил. Одамлар ўзгача фикрлайди.
— Италия футболи Россия ва Ўзбекистон футболидан нимаси билан фарқ қилади?
— Биринчи навбатда, бу ерда тезлик анча юқори. Бу ерда кўпроқ жисмоний кучга асосланган футбол намойиш этилади. Ўйинчилар маҳорати, албатта, юқори.
— Янги даражага чиқиш учун нима қилиш керак?
— Биринчи навбатда тезликда ўсиш керак. Нафақат ҳаракатда, балки фикрлашда ҳам. Италияга келганимда бемалол ўйнаб кетсам керак деб ўйлагандим, аммо машғулотларда барча нарса улгурмаётганимни ҳис қилдим. Ҳимоячилар ҳар доим мени ёпиб қўйишарди ва мен ҳамиша оёғимдан зарба қабул қилардим. Шунинг учун тезлик борасида ўсишим кераклигини тушундим.
— Қандай хислатлар эвазига муваффақиятга эришдингиз?
— Қийин савол. Аввало сабр эвазига деб ўйлайман. Дастлаб қийин бўлган. Мен ўзимга бу менинг даражам эмас, деб ортга қайтиб кетишим мумкин эди. Аммо мен сабр қилдим. Сабр эвазига ҳозир ҳаммаси жойида.
— "Рома" каби клуб сиз билан шартнома имзолашни истаётганини билганингизда нималарни ҳис қилгандингиз?
— Менталитетни ўзгартириш кераклигини билардим. Ҳар бир ўйинга фақат ғалаба ниятида тушиш керак. Бу клуб ўз олдига юқори мақсадлар қўйишини билардим. Бу ерда рақобат юқори. Ҳар бир учрашувда асосий таркибда тушишга муносиб эканингни исботлашинг керак.
— Севимли футболчингиз Дидье Дрогба эканини айтдингиз. Дрогбанинг севимли мураббийи эса Жозе Моуриньо. Португалиялик мураббий айни пайтда "Рома"да сизга мураббийлик қилмоқда. Бундай мутахассис билан ишлаш қандай бўлмоқда?
— У юқори вазифалар қўйиб, уларни бажаришга интилиши илк кунларданоқ маълум бўлди. Ўйин ва интизом жиҳатдан жуда талабчан мураббий. Ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишни ва футболчилар ҳам шунга интилишларини истайди.
— Моуриньо Дрогбани ўз вақтининг энг яхши ҳужумчисига айлантирганди. У сизга қанчалик ёрдам бермоқда?
— Ҳозир биз кўпроқ тактика устида ишлаяпмиз. Майдонда қандай ҳаракат қилишимиз кераклигини кўрсатмоқда ва биздан ҳар бир баҳсда юз фоиз куч билан ўйнашимизни талаб қилмоқда. Албатта, гол уришни ҳам талаб қилади.
— Сиз "Рома" сафида бир нечта голлар урдингиз, Конференциялар лигаси баҳсида гол муаллифига айландингиз. Ўша пайтда нималарни ҳис қилдингиз?
— "Рома" сафидаги илк расмий учрашувим "Трабзонспор"га қарши ўйин бўлганди. Адашмасам, мени захирага олишга тайёргарлик кўришаётганди. Дебют баҳсимни гол уриб, жамоамнинг кейинги босқичга чиқишида ёрдам берганимдан хурсанд бўлгандим. Жуда ёқимли ҳиссиётлар бўлганди.
— Бу голни бувингизга бағишлагандингиз...
— Ҳа, ўша пайтда у туғилган кунини нишонлаганди. Мен уни шу тарзда табриклашни истагандим. У мени қўллаб-қувватлайди ва барча учрашувларни томоша қилади. Барча оила аъзоларим — ота-онам, бувим ва аёлим ўйинларимни томоша қилишади ва менга мухлислик қилишади.
— Жорий мавсумда ўз олдингизга шахсий ва жамоавий қандай мақсадлар қўйгансиз?
— Биринчи навбатда Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиш ва Конференциялар лигасида ғолиб чиқиш. Шахсий мақсадларим эса ҳамиша жамоа билан боғлиқ. Жамоанинг ғалаба қозониши ва соврин ютишида ёрдам беришни истайман. Жамоа ғалаба қозонса, сен ҳам ғалаба қозонасан.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).