«ПСЖ» Мбаппени «Реал» билан шартнома имзоламасликк кўндириш учун қўлидан келганича ҳаракат қилмоқда. Клуб президенти Носир Ал-Хелайфи ушбу муаммони ҳал қилишда муваффақиятсизликка учраганидан сўнг, Килианга Франциянинг асосий шахслари мурожаат қилишди - мамлакатнинг амалдаги президенти Эммануэль Макрон ва собиқ президент Николя Саркози футболчини парижликлар билан шартнома узайтиришини илтимос қилишди. Бу Килианга яқинлашиб келаётган трансфер ойнаси олдидан, клуб билан янги шартнома имзолаш ҳақида яна бир бор ўйлаб кўришини билдиради.
Аввало, Килиан нима учун Париж клуби сафидан кетишни хоҳлаётганини ёки кетмоқчи эканлигини аниқлаш керак. Мбаппенинг фикрича, «ПСЖ» унинг атрофида жамоа ўйинини қуриши керак. Клуб ёзда Лео Месси ва Серхио Рамос каби тажрибали футболчилар билан шартнома имзолаганидан сўнг, футболчининг вакиллари клуб сиёсатига шубҳа билан қарашмоқда. Бундан ташқари, Килиан ва яна бир қанча француз футболчилари 2021/22 йилги мавсумнинг биринчи қисмида Лотин америкалик футболчилар жамоада бир қанча имтиёзларга эга бўлганидан норози бўлди. (машғулотларга кечикиш ва шу каби ҳолатларда Париж клуби раҳбарияти футболчиларни кечирган).
Бир неча ҳафта олдин Килианнинг ёзда Мадрид клубига кўчиб ўтиши ҳал қилинган масаладек туюлган эди. Бироқ, «ПСЖ» ва «Реал» ўртасидаги Чемпионлар лигаси 1/8 финалининг биринчи учрашувидан кейинги Мбаппенинг фикрлари кўпчиликда шубҳа уйғотди.
«Биринчи ўйинда ғалаба қозониш — завқли», - деб ёзди ҳужумчи Twitter саҳифасида. «Бу Париж!»
«Реал Мадрид» Франция пойтахтига бир мақсад билан келди – мағлуб бўлмаслик. Карло Анчелотти парижликларнинг ҳужумкор футболчиларига бўш жой бериш, ўз жонига қасд қилиш билан баробар эканини тушуниб, чуқур ҳимоявий ўйинни танлади. Фақатгина дарвозабон Тибо Куртуанинг фантастик ўйини «қаймоқранглилар»га умид учқунини берарди.
«ПСЖ»нинг тўлиқ устунлигига қарамай, «Реал Мадрид» деярли голсиз дуранг натижага эришган эди. Аммо, ўйин тугашига бир неча дақиқа қолганда Килиан Мбаппе Эдер Милитао ва Лукас Васкесни доғда қолдириб, ғалаба голини киритди. Мбаппенинг ушбу эпизоддаги ҳаракатлари «ПСЖ» ва «Реал» футболчи учун нега курашаётганининг яққол исботини кўрсатиб берди. Ҳар икки жамоа ҳам французни ўз сафига қўшиб олиш учун даҳшатли сумма таклиф қилди. «Реал Мадрид» йилига 50 миллион евро маош тўлашга тайёр. «ПСЖ» ҳам бу борада ортда қолмади ва солиқларни ҳисобга олмаганда 45 миллион евро маош таклиф қилишди. Қайси жамоада ўйнаган тақдирда ҳам келаси мавсумда Килиан дунёнинг энг кўп маош олувчи футболчисига айланиши аниқ.
«ПСЖ» ўзининг асосий юлдузини сақлаб қолиш имкониятига эга бўлиши учун иккинчи ўйинда «Реал»дан устунлигини исботлаши керак. Шунингдек, парижликларга Маурисио Почеттинонинг ўрнига ЕЧЛда ғалаба қозонишда, ҳамда юлдуз футболчилар билан ишлашда тажрибаси бўлган Зинедин Зидан билан шартнома имзолаш керак. Сабаби, таниқли мураббий футболчини жамоада олиб қолишга ёрдам бериши мумкин. Зизу вундеркинд билан илиқ муносабатда, демак ёш футболчи мутахассиснинг маслаҳатини қабул қилади.
Килиан «Реал» устидан ғалаба қозонганидан кейин айтган сўзлари Мадрид клуби раҳбарларини ўйлантириб қўйган бўлса керак, чунки футболчи ўйиндан кейин берган интевьюсида Парижда бахтли эканлиги ва дунёнинг энг кучли жамоаси сафида ўйнаётганини таъкидлади.
«Мен бахтлиман. Биз жуда яхши ўйин ўтказдик ва ҳамма нарсадан қониқиш ҳосил қилдик. Иккинчи ўйин олдидан устунлик биз томонда.
Неймар менга ажойиб узатма берди, мен эса жарима майдончасига тезлик билан рақиб ҳимоясини ёриб киришга муваффақ бўлдим. Ҳимоячилар ортда қолишди ва мен дарвозабоннинг оёқлари орасига зарба бериб, гол урмоқчи эдим, мақсадимга эришдим.
Мен бор этиборимни футболга қаратмоқчиман. Одамлар мен ҳақимда кўп ёлғон хабарлар тарқатишди. Тўғриси, мен бор эътиборимни жамоамга ёрдам беришга қаратганман.
Мен «ПСЖ»да эканлигимдан бахтлиман. Мен дунёнинг энг яхши клубларидан бирида ўйнаётганимни англаш учун февраль оқшомидаги «Реал»га қарши ўйинни кутишим шарт эмас эди», — дейди Мбаппе ўйиндан кейин интервьюсида.
Мбаппе яқин кунларда қарор қабул қилиш керак. Чунки, «Реал» ортиқ кутишни истамаяпти.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).