Шундай ўйинчилар борки, баъзида ўз ғазабини жилоқлай олмай, ҳакам ва рақиб футболчиси билан тортишади. Натижада, рефери уни огоҳлантиради ё бўлмаса, қизил карточка билан «сийлаб», майдондан четлаштиради. 2020 йилнинг куз ойида Про-Лига 20-тури доирасида кечган «Нефтчи»—«Турон» учрашувидан (0:1) кейин юзага келган тартибсизлик бунинг яққол мисоли бўла олади.
Ўшанда «Нефтчи» футболчиси Жамшид Тўрақулов қизиққонлиги сабаб ҳакамга зарба берган ва қайсидир маънода бутун умрга футболдан четлатилди.
Кристиан Эриксен (616 та ўйин)
Ёзда даниялик футболчи Кристиан Эриксеннинг ҳаётида мудҳиш воқеа юз берди - Евро-2020 гуруҳ босқичи доирасидаги Финляндияга қарши ўйин вақтида унинг юраги тўхтаб қолди. Шифокорлар ва жамоадошлари Кристианнинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлишди ва бир неча кундан кейин футболчига кардиовертер-дефибрилатор ўрнатилди.
Ўшанда Эриксен «Интер» ўйинчиси ҳисобланарди ва А серия ўйинчиларига юрак стимулятори билан майдонга киришлари тақиқланган. Шу сабаб ярим ҳимоячи «нерадзуррилар» билан шартномани бекор қилишга мажбур бўлди. Шу сабабли, даниялик эркин агент мақомида Премьер-лига клуби «Брентфорд»га ўтди.
29 ёшида Крис шу пайтгача клуб ва терма жамоа сафида 616 та ўйин ўтказишга муваффақ бўлган. Шу вақт ичида у ҳеч қачон майдондан четлатилмаганини ҳисобга олсак, бу ажойиб натижа ҳисобланади.
Жоржиньо Вейналдум (641 ўйин)
Вейналдум ўз фаолиятида жуда кўп учрашув ўтказган ва сиз тушунганингиздек, у ҳеч қачон қизил карточкага лойиқ кўрилмаган. Гарчи Жоржиньонинг (таянч ярим ҳимоячи) позицияси карточка олишга мойил бўлса-да, футболчи умуман майдондан четлатилмаган.
Қолаверса, голландиялик футболчи фаолиятининг асосий қисмини дунёнинг энг оғир футбол лигаларидан бири - Премьер-лигада ўтказганини эсдан чиқармаслик керак.
Мишель Платини (655 ўйин)
Ҳозир ҳамма Роналду, Месси, Мбаппе ва Холанд ҳақида гапиряпти. 80 йилларнинг биринчи ярмида эса француз ярим ҳимоячиси Мишель Платини футбол тимсоли эди. Ярим ҳимоячининг ютуқлари чинакамига ҳайратланарли: у икки марта Франция ва Италия чемпионатларида ғолиб чиқди, Европа чемпионлар кубоги соҳибига айланди, шунингдек, «уч ранглилар» таркибида Евро-84да чемпион бўлди.
Платини «Олтин тўп»нинг уч карра ғолиби бўлиб, 2012 йилгача бу рекорд кўрсаткич эди. Мишель ҳам фаолияти давомида қизил карточка олмаган футболчилардан бири ҳисобланади. У фаолияти давомида 655 та чрашувда майдонга тушиб, бир марта ҳам майдондан четлатилмаган.
Филипп Лам (765 ўйин)
«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола Ламни ўзи билан бирга ишлаган энг ақлли футболчи деб билади. Филипп фаолияти давомида кўплаб совринларни қўлга киритди ва унинг «Бавария» ва Германия терма жамоаси сафидаги ўйинларига ортиқча таъриф шарт эмас.
Лам фаолиятидаги сўнгги ўйинини 2017 йилнинг 13 май куни ўтказган. Умуман олганда, миллий терма жамоа ва Мюнхен клуби сафида 765 та баҳсда майдонга тушган.
Фаолияти давомида немис жуда кўп сариқ карточка олди (тахминан 60 та), аммо ҳеч қачон қизил карточка олиб, майдонни эрта тарк этмаган.
Карим Бензема (865 ўйин)
«Реал Мадрид»нинг франциялик ҳужумчиси иккинчи ёшлик даврини бошдан кечирмоқда. 2021 йилда Карим ниҳоят ўзини «Реал Мадрид»нинг асосий юлдузи сифатида кўрсатди. Қолверса, миллий терма жамоасига Миллатлар лигасида ғолиб чиқишга ёрдам берди. Йил охирида Бензема «Олтин тўп» ва ФИФАнинг «Энг яхши футболчиси» мукофоти учун овоз беришда тўртинчи ўринни эгаллади.
Франциялик футболчи 2004 йилда катталар сафида дебют қилган ва шундан бери 865 та ўйинда майдонга тушган. Аммо Карим бирорта ҳам қизил карточкага лойиқ ўйин кўрсатмаган. Шунингдек, 16 марта сариқ карточка олган. Жуда таъсирли рақамлар, шундай эмасми?
Андрес Иньеста (1011 ўйин)
«Барселона» афсонаси Андрес Иньеста 1000 дан ортиқ клуб ва терма жамоалар сафида ўйнаган. Этиборлиси, ярим ҳимоячи ҳали фаолиятини якунлагани йўқ. Ҳозир Андрес 37 ёшда ва «Виссел Кобе» таркибида Япония чемпионатида ўйнамоқда.
Иньеста ақл бовар қилмайдиган иқтидор соҳиби, майдонни кўриш ва тўпни ушлаб туриш қобилияти шунчаки жуда зўр. Шунингдек, 20 йиллик фаолияти давомида ҳакам унга бирор марта ҳам қизил карточка кўрсатмагани билан мақтаниши мумкин. Ҳа, сариқ карточкалари кўп эди, лекин бир марта ҳам майдондан четлатилмагани таҳсинга лойиқ.
Рауль Гонсалес (1071 ўйин)
Рауль Реал Мадрид ва Испания тарихидаги энг буюк футболчилардан бири. Гонсалес фаолияти давомида 1071 та ўйин ўтказган ва уларнинг бирортасида ҳам ҳакам футболчини майдондан четлатмаган. У кескин вазиятларда ҳам донолик ва хушмуомалалик билан ҳаракат қилган. Унинг интизоми қолган футболчилар учун ҳақиқий наъмуна. Ҳа, у рақибнинг асабини тегиши мумкин, лекин унинг ўзи ҳеч қачон рақибига, ҳамда ҳакамга қўпол муносабатда бўлмаган.
******
Албатта, бу рўйхат тўлиқ эмас ва кўплаб юлдуз футболчиларни ҳам айтиб ўтиш жоиз. «Рома» футболчиси Генрих Мхитарянни олайлик, у фаолияти давомида 545та ўйин ўтказган ва ҳеч қачон майдонни эрта тарк этмаган. Гари Линекер 567 ўйин давомида нафақат қизил, балки бирорта ҳам сариқ (!) олган.
Райан Гиггз «Манчестер Юнайтед» сафида 900 дан ортиқ ўйин ўтказган, бироқ ҳакам уни ўйинларда ҳеч қачон четлатмаган. Аммо ярим ҳимоячи Уэльс терма жамоаси сафида «ўзини кўрсатди» - 2001 йилда у Норвегияга қарши кечган баҳсда жамоасини озчиликда қолдирди. Лионель Месси «Барселона» ва «ПСЖ»да ҳеч қачон қизил карточка олмаган, аммо терма жамоа таркибида ўзининг дебют учрашувидаёқ майдондан четлатилган.
Кўриб турганимиздек, футболда интизомли футболчилар ҳали ҳам кўп.
Футболни «миллионлар ўйини» деб аташади. Ушбу спорт ҳақиқатан ҳам жуда машҳур, у биринчи навбатда ўзининг ажойиблиги ва дунё бўйлаб кенг тарқалганлиги билан машҳур. Аммо ишқибозлар бир ўйинчининг бошқа ўйинчининг оёғига қандай зарба бергани, шундан сўнг у оғриқдан азобланиши ва замбилда майдонни тарк этишини кузатишни хоҳламаса керак. Футболчининг ҳакам билан қандай баҳслашаётганини ва қизил карточка сабаб четлатилиши ҳам оддий мухлис учун қизиқ эмас. Бундай ҳаракатлар футболга жозиба бермаяпти.
Шундай экан, футболдаги жентльменлар сафи янада кўпаяди деган умиддамиз.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).