Волейбол дунёдаги энг оммавий спорт турларидан бири саналади. Жаҳонда букмекерлар ўртасида энг машҳур компаниялардан бири ҳисобланган "Ligalbit"нинг маълумотига кўра, волейболга қизиқувчилар, ўйинларни бевосита томоша қилувчилар 900 миллион нафардан ортиқни ташкил этади.
Яна бир эътиборли ҳолат. Бугунги кунда Халқаро футбол федерацияси (ФИФА)га тегишли миллий федерациялар 221 тани ташкил этса, миллий волейбол федерациялари 222 та эканлиги ҳам мазкур спорт турининг қамрови қанчалик кенг эканлигини кўрсатмоқда.
Хўш, жаҳон спорт турлари орасида энг томошабоп волейболнинг Ўзбекистондаги ҳолати қандай? Мамлакатимиз волейболчиларининг эришаётган ёки эришажак натижалари қайси мусобақаларда яққолроқ кўриниш олмоқда? Мамлакатимиз халқаро волейбол оламида қайси поғонани эгаллаб турибди? Жорий йил Хитойда ўтадиган ёзги Осиё ўйинларида волейбол бўйича мамлакатимиз терма жамоасининг иштирок этиш имкониятлари қай даражада? Ўзбекистон волейбол федерацияси бош котиби Ҳусан Насруллаев билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
- Бугунги кунда юртимизда қанча спортчи волейбол билан шуғулланади?
- Бир пайтлари волейбол юртимизда энг оммавий спорт турларидан бири саналарди. Ҳар бир мактабда, маҳаллада, аҳоли масканларида волейбол майдончалари бўларди. Бироқ, вақт ўтиши билан соҳага эътиборсизлик, спорт жиҳозларининг етишмаслиги натижасида жойлардаги майдончалар эътиборсиз ҳолатга келди. 2017 йили Президентимиз томонидан «Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг қабул қилиниши, аҳолини ўйин спорт турларига жалб этиш борасида имзолаган бошқа давлат дастурлари, «йўл харита»лари асосида волейбол спорт турининг елкасига шамол тегди. 2016 йилги статистик маълумотларга кўра, юртимизда 25 минг нафар ёшлар волейбол билан шуғулланади, дея кўрсатилган. Аслида ўша пайтларда умумий ҳолатда волейбол билан шуғулланувчилар сони 15 мингга ҳам етмасди. Бугун вазият умуман бошқача. 2021 йилги аниқ маълумотларга кўра, 49 минг нафарга яқин ўсмир ва ёшлар турли таълим ва спорт муассасаларида волейбол билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. 250 минг нафарга яқин аҳолининг турли қатламлари ўз соғлигини тиклаш ва кунлик бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида волейбол ўйнайди.
- Авваллари ўқув юртларидаги, мактаблардаги спорт мажмуаларини, спорт залларни волейбол ва баскетболсиз тасаввур этолмасдик. Ҳозир бу ҳолат бироз бошқачадек. Мактабларда, ўқув юртларида волейболнинг ўша оммавий ҳолатига қайтиш учун нима ишлар қилинмоқда?
- Ҳозирги кунда ҳам ўқув юртларидаги ва мактаблардаги спорт мажмуалари спорт залларида волейбол таълим стандартларидан ўрин олган. Дарс ва дарсдан ташқари тўгаракларда машғулотлар олиб борилади. Айниқса, бугунги кунда бироз танаффусдан сўнг туман, шаҳарлару, қишлоқларда, халқ орасида оммавий волейбол ўйинларини ташкил этиш яна урфга кириб бормоқда.
- Кейинги 1-2 йилда мамлакатимиз волейболчиларининг Осиё қитъасидаги мусобақалардаги иштироки бироз жонланди. Маълум бир ютуқларга ҳам эришилмоқда. Келгуси режалар қандай?
- 1991 йилгача юртимизда турли даражадаги нуфузли мусобақаларда иштирок этиб келган спортчилар сони кам бўлса-да, улар орасидан халқаро турнирлар, жаҳон чемпионатлари иштирокчилари, ҳатто Олимпия ўйинлари чемпионлари етишиб чиққан. Мустақиллик даврида терма жамоаларимиз имкон қадар халқаро мусобақаларда иштирок этди. Натижалар у қадар юқори бўлмаган. 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда волейбол спорт турини янги поғонага олиб чиқиш, Осиё ва халқаро майдонда ўз ўрнини қарор топтириш мақсадида тизимли режа ишлаб чиқилди. Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Олмалиқ кон металлургия комбинати ёрдами билан 2021 йилда 530 дан ортиқ республика ва 8 та халқаро мусобақаларда иштирок этишга муваффақ бўлинди. Бундан ташқари, терма жамоаларимиз учун ўқув-машғулот йиғинлари ҳам ташкил этила бошланди.
Бунинг натижасида эркаклар ва аёллар ҳамда ёшлар ўртасидаги Марказий Осиё чемпионатида 2 та 1-ўрин, 2 та 2-ўрин, 3 та 3-ўрин, эркаклар ўртасида Осиё чемпионатида 12-ўрин, клублар ўртасида Осиё чемпионати 9-ўрин, Марказий Осиё челленж кубоги аёллар жамоаси 2-ўрин, эркаклар эса 3-ўринни қўлга киритишди. Бугунги кунда ушбу натижалар туфайли Ўзбекистон Осиёда 65 давлат орасида 24-ўринни, дунё рейтингида 222 давлатлар ичида аёллар 120-ўрин, эркаклар жамоаси 87-ўринни эгаллаб турибди. Шу ўринда айтиш керакки, 2016-2018 йиллар мамлакатимиз волейболи қитъа ва жаҳон рейтингида охирги ўринларда келаётганди. 2022 йилда ёш тоифалари бўйича юртимиз терма жамоа аъзолари 5 та комплекс мусобақалар, 6 та Осиё конфедерацияси ҳамда 6 та Марказий Осиё мусобақаларида иштирок этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, шу йилнинг ўзида 50 га яқин классик ва соҳил волейболи бўйича республика мусобақалари ўтказилиши белгиланган.
- Волейболчиларимизнинг яқин йилларда жаҳон чемпионатларида қатнашиш имконияти қандай?
- Ўтган йили Осиё волейбол федерацияси тизимида самарали ҳаракатимиз натижасида 17 ёшгача бўлганлар ўртасидаги қитъа чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини Ўзбекистон қўлга киритди. Бу, ёшлар терма жамоамиз учун жаҳон чемпионати финал босқичига чиқиш учун қулай имконият.
- 2021 йили Ўзбекистонда қитъа миқёсидаги 1-2 та халқаро мусобақа ўтказилувди. Бу йил 3 та қитъа даражасидаги нуфузли мусобақаларга Ўзбекистон мезбонлик қилади. Ушбу нуфузли турнирларни хорижий мамлакатларга трансляция ишлари қандай ҳал этилмоқда?
- Бу борада ҳозирги кунда республика мусобақалари ютуб ва феесбук каналлари орқали волейбол ишқибозларига ҳавола этилмоқда. Қитъа чемпионатлари эса шу йилдан бошлаб халқаро мутахассислар билан ҳамкорликда бутун дунёга эфирга узатилиши юзасидан музокара олиб бормоқдамиз. Режалар бисёр, лекин бу масалаларни ҳал этишда ҳомийларни жалб этган ҳолда маблағ билан таъминлаш муаммолари ҳам йўқ эмас.
- Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг етакчи мамлакатларнинг терма жамоалари, алоҳида клублар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказиш борасида қандай режалар қилинмоқда?
- Бугунги кунда эркаклар миллий терма жамоалари аъзоларидан Исломжон Собиров Туркия ва Индонезияда, унинг акаси Аҳрор Собиров Руминия клубида, Бунёдбек Ҳусинов эса Қозоғистон клубида легионер сифатида фаолият юритмоқда. Кучли жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари бўйича Эрон ва Қозоғистон давлатлари билан келишувга эришган бўлсак, 2022 йили бўлиб ўтадиган Осиё челленж кубоги ва клублар ўртасидаги Осиё чемпионатлари даврида вакилларимизнинг маҳоратларини ошириш учун қулай имконият ҳисобланади.
- Бу йил Хитойда ёзги Осиё ўйинлари ўтказилади. Юртимиз волейболчиларининг мазкур ўйинларда қатнашиш имконияти борми?
- Аввало кўпроқ мусобақаларда иштирок этиш, малакали тренерлар таркиби, спортчиларнинг витамин таъминоти, тиббий кўриклари ва жисмоний ҳолатини сақлаб туриш масалаларида молиявий танқислик бўлмаслиги лозим. Осиё ўйинларида Ўзбекистон эркаклар ва аёллар миллий терма жамоаси тўлиқ таркиб билан иштирок этиш учун талабнома берилган ва ушбу мусобақаларда муносиб қатнашиш учун барча имкониятлардан фойдаланамиз, деган умиддаман.
- Бу йўлда мамлакатимиз волейболчиларига омад тилаймиз. Мазмунли суҳбат учун ташаккур!
Тўлқин Рўзиев суҳбатлашди, ЎзА
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).