Жума куни «ишхонадан барга югурадиган» футболчиларни ҳам учратамиз.
2021 йил октабр ойида 50 миллион фунт эвазига «Арсенал»га ўтган ҳимоячиси Бен Уайт футбол томоша қилишни ёқтирмаслигини ва Патрик Виейранинг ўйинини ҳеч қачон кўрмаганлигини тан олди. Шу сабаб бугун дунёнинг энг машҳур ўйинларини томоша қилишни истамайдиган бошқа футболчиларни эслашга қарор қилдик.
Гарет Бэйл
Агар Бейл бор кучи билан футбол ўйнаётганини кўрсангиз, билингки, Гарет Уэльс терма жамоаси сафида тўп тепмоқда. Биз ҳаммамиз биламизки, «Реал» форварди гольф ўйнашни яхши кўради, аммо ҳужумчи бир вақтлар унга нафақат ўйнашни, балки томоша қилишни ҳам ёқтиришини айтди. Кўпчилик гольфни ўта зерикарли ўйнин деб ўйлашлари мумкин, аммо уэльслик футболчи ундай деб ўйламайди.
Карлос Тевес
Тевес «Бока Хуниорс»ни, «Бока Хуниорс» эса Карлос Тевесни яхши кўради, аммо аргентиналикнинг футболга бўлган қизиқиши шу ерда тугайди. Энди унинг нима учун «Манчестер Юнайтед»дан «Манчестер Сити»га ўтгани аниқ бўлди.
«Мен футболни ёқтирмайман. Агар «Барселона» «Реал»га қарши ўйнаса ва бошқа канал гольф турнири кўрсатса, мен гольфни танлайман», - дейди Карлос Тевес.
Марк-Андре тер Штеген
Футбол немис дарвозабонига йилига миллионлаб евро олиб келади, лекин у Испания чемпионатида тўп тепадига футболчиларни ҳам танимайди.
«Футбол ҳақида ҳеч нарса билмайман, десам, одамлар кулишади. Баъзида мендан қайсидир футболчи ҳақида сўрашади, лекин у кимлигини билмайман.
Бироқ, мен Ла Лига ўйинчиларини кўрсам танишим мумкин, лекин уларнинг исмларини билмайман, - дейди «Барселона» посбони.
Габриэль Батистута
«Фиорентина» ва Аргентина терма жамоаси афсонаси кўплаб мухлислар қаршисида унинг номини куйлаш шунчаки иш эканлигини яширмаган. Футболчи севимли машғулоти нима? Поло.
Бироқ, буюк ҳужумчини тушуниш мумкин, футбол туфайли у тўпиғи операция қилдирган...
«Ҳар сафар Аргентинага таътилга қайтганимда, дўстларим мени поло ўйнашга таклиф қилишарди. Мен қизиқдим, синаб кўрдим ва охир-оқибат бу спорт менга ёқди. Поло севимли машғулотим ва мен доимо ўз даражамни оширишга ҳаракат қиламан», - дейди Габриэль.
Карлос Вела
Мексикалик футболчининг футболни ёқтирмаслиги Европани эрта тарк этгани учунгина эмас. Лос-Анжелесдаги ҳаёт Лондон ёки Сан-Себастьянга қараганда анча қизиқроқ. Ростини айтсак, Вела Америка шаҳри кўчаларида Европага қараганда камроқ танилган.
«Яхши фильм ва яхши футбол ўйини ўртасида мен кинони афзал кўраман. Мен ҳеч қачон қайсидир футбол клубини қўллаб-қувватламаганман.
Учрашув тугаши билан мен учун бу ўйин билан боғлиқ ҳамма нарса тугайди. Бўш вақтимда менга футбол ҳақида гапириб оввора бўлманг!», - дейди Карлос.
Шундай экан, агар сиз кўчада футболчини учратиб қолсангиз, у бизнинг севимли ўйинимиз ҳақида гапиришни ёқтирмаслигини ёдда тутинг.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).