Етакчи бўлиш учун, албатта, катта маблағ талаб этилади. Бу футбол гап клубларига тегишли. Айнан шу мақсадда Англиянинг топ-клублари бу ёзда кўп пул сарф этиб, керакли деб ҳисоблаган футболчиларини харид қилди. Бунинг натижасида АПЛнинг олтита жамоаси дунёнинг энг қиммат таркибга эга клублари рўйхатидан жой олди. Айни дамда кучли олтиликка кирувчи клублар умумий таркибининг қиймати 4,1 миллиард фунтни ташкил этмоқда. Бунга сабаб эса ёзда ўта катта харидлар амалга оширилганидир. АПЛнинг кучли олтилик клублари трансферлар ойнаси давомида жами 1 миллиард фунтдан кўпроқ маблағни футболчи сотиб олишга сарфлаган. Бу эса рекорд натижа ҳисобланади. Англиянинг элитадаги 20 та жамоаси умумий ҳаражатлари 1,92 миллиард фунтни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич 2017 йилдаги рекорддан 34 фоизга кўпроқдир.
АПЛнинг 20 та жамоаси футболчи сотишдан 850 миллион фунт ишлаб олган. Бу эса 2017 йилги суммадан анча кўпдир (665 миллион фунт). Шу сабабдан, "CIES Football Observotory" маълумотлари асосида тузилган рўйхатда дунёнинг энг қиммат таркибга эга бўлган 10 та жамоаси тартибини инглиз жамоалари бошқармоқда. Ҳайратланарлиси шундаки, немис гиганти бўлган "Бавария" бу рўйхатдан жой олмаган. Италиядан, ҳатто, бирорта жамоа мавжуд эмас. Қуйида ўша рўйхат эътиборингизга ҳавола этилади.
Рўйхат етакчилиги, таркиби ўта юлдузли бўлган "Манчестер Сити"га тегишли. Гвардиола шогирдларининг умумий қиймати 917 миллион фунтни ташкил этади. Бу ёзда клубга ташриф буюрган Эрлинг Холанд (51 миллион фунт), Англия терма жамоаси аъзоси Калвин Филлипс (45 миллион фунт), ҳимоячилар Серхио Гомес (11 миллион фунт) ҳамда Мануэль Аканжилар (15 миллион фунт) таркибни янада қимматлашишини таъминлаган.
"МЮ" рўйхатнинг иккинчи поғонасига жойлаштирилган. Клуб футболчилари эса 863 миллион фунтга баҳоланган. Унда ёзда олиб келинган Антони (85,5 миллион фунт), Каземиро (70 миллион фунт), Лисандро Мартинес (55 миллион фунт) ҳамда Тирелл Маласиалар (13 миллион фунт) бор. Учинчи ўринни 759 миллион фунт билан "Челси" банд этди. Лондон клуби ёзнинг энг катта сарф-харажатга эга жамоасига айланган эди. Тухель янги футболчиларга жами 255 миллион фунт сарфлади. Бу эса АПЛ умумий харажатларининг 13 фоизини ташкил этади. Хусусан, "аристократлар" ҳимояга Фофана (70 миллион фунт), Кукурелья (62 миллион фунт) ва Кулибалини (34 миллион фунт), ҳужумга эса Обамеянг (10,3 миллион фунт) ҳамда Стерлингни (50 миллион фунт) таклиф этган.
"ПСЖ" рўйхатимиздаги илк инглиз бўлмаган клублардан биридир. Парижликлар 730 миллион фунтлик таркибга эга. Жамоа ёзда Витинья, Мендеш, Санчеш ҳамса Фабиан Руисни харид қилганди.
"Ливерпуль" бешинчи ўринни банд этган. Жамоа ёзда Нуньес, Карвалью ҳамда Рэмсини жалб этган. Европа чемпионлари бўлган "Реал" 621 миллион фунтлик таркиб билан олтинчи ўринда қайд этилган. "Қироллик клуби" ёзда фақатгина Орельен Чуаменини сотиб олди.
Еттинчи ўринда "Реал"нинг ашаддий рақиби бўлган "Барселона" туради. Хави тузган жамоанинг қиймати "CIES" томонидан 539 миллионга баҳоланган. Каталонияликлар Левандовски, Рафинья ҳамда Кунде каби йирик харидларга қўл урди.
Лондоннинг "Арсенал" клуби 460 миллион фунтга тенг бўлган таркиб билан саккизинчи ўринда қайд этилади. Клуб ёз давомида Жезус, Зинченко, Виейра, Тёрнер ҳамда Маркиньосни харид қилди.
"Арсенал"нинг рақиби бўлган "Тоттенхэм" тўққизинчи поғонага жойлашган. Клуб Ришарлисон, Биссума, Ромеро, Спенс ва Удожи каби янги номларни расмийлаштирган.
Испания пойтахтида жойлашган яна бир гранд клуб "Атлетико", ушбу рўйхатимизни якунлайди. Диего Симеоне бошчилигидаги футболчиларнинг умумий қиймати 432 миллион фунтга баҳоланган.
ИСМАТОВ Ж.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).