Олий лигамизда иккинчи давра ўйинлари ўзининг қизғин палласига кириб бормоқда. Кўпчиликнинг диққат-маркази сўнгги поғоналарда бораётган курашга қаратилган. Ўз вақтида юртимизнинг донгдор бўлган жамоалари элитада жон сақлаш учун кураш олиб боришмоқда.
Уларнинг сафида "Навбаҳор"нинг бориши ҳозирги кунда ҳеч ким учун янгилик эмас. Мухлислар ҳам англаб туришибди, яқин вақт ичида Наманган жамоаси совриндорлар сафидан жой ола билмайди, қачонки клуб шу аҳволда, бугунги кун ўтса бўлди, деган мазмунда иш кўрмасдан эртани ўйлаб иш кўрилганда! Шунда натижа ҳам бўй кўрсатади.
Куни кеча "Навбаҳор" клуби раиси Д.Мамажонов интервью берар экан, маҳаллий футболчиларга эътибор кучайишини айтиб ўтди. Бу шунчаки гап сифатида қолиб кетмаслиги лозим. Тўғри, клуб ўз сафига С.Абдуллаев, Қ.Муҳаммаджонов, А.Баҳриддинов сингари наманганлик футболчилар билан келишувга эришган. Бу албатта қувонарли ҳол. Лекин маҳаллий бўлмаган футболчиларни танлашда клуб селекционерлари (агар бор бўлса) адашиб келишмоқда. "Навбаҳор" қўпол қилиб айтганда "шифо маскани"га ўхшаб қолган.
Ринат Байрамовни олайлик. Шу футболчи "Навбаҳор"га ўзи керакмиди? Нега олинди-ю, нега майдонга тушмайди? Албатта, унинг жароҳати бор. Шартнома тузилаётганда футболчининг жисмоний ҳолати инобатга олинмайди шекилли. Яқин фурсатда Байрамов клубдан четлатилса ажабланмаслик керак. Чунки, ўтган йили Максим Усмонов билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат такрорланганди.
Николай Риндюк ҳақида ҳам шу фикрларни айтиш мумкин. Унинг Ўзбекистондаги "сеҳрли таёқча"лиги "Машъал"да қолиб кетган. Ундан ҳеч нарсани кутмаслик керак. Мана Сизга 2 та кераксиз футболчи! Шундай футболчиларга бир нечта хонали пуллар бериб келинмоқда. Ундан кўра маҳаллий футболчиларни излаб топ, пул кўп бўлса. Пул йўқ дейилади-ю, лекин легионерларга катта суммалар берилаверади. Байрамов, Риндюк ўрнида ҳаракат қиладиган бошқа маҳаллий ўйинчилар йўқми? Тиқилиб ётибди. Бироқ...
Асосий мавзу қолиб бошқа гапларга ўтиб кетибмиз. Сўнгги турларгача аутсайдерлар элитада жон сақлаш учун кураш олиб боришади. Биз умуман кутмаган жамоалар лигани тарк этиши мумкин. Уларнинг ичида (ундай бўлмасин-у) "Навбаҳор" ҳам бўлиши мумкин. Албатта шу зайлда очколар бой берилаверса. Ҳамма ишни ҳакамдан кўравермасдан ҳаракат қилинса натижага эришиш мумкин. Ҳакамлар доим ўйинларни "синдириб" келишган. Буни барча билади. Мураббийлар ҳам ҳакамга осилиб олмасдан бошқа чораларни излаш лозим. Ҳакамларнинг қарорлари барибир ўзгармайди.
Аввало тартиб-интизомни мустаҳкамлаш керак. Ҳар икки-уч турда бир қизил карточка олиш - клубдаги муҳитнинг яхши эмаслигидан далолатдир. Кейинги учрашувларда "Навбаҳор"нинг очко олиш имконияти кескин пасайиб бормоқда. Ҳар мавсум ўрталарида бу йил олий лигада жон сақлаб қолайлик, янги мавсумдан юқори ўринлар учун курашамиз, деб мухлислар ҳам чарчади, очиғи. Яна бир ҳақиқат борки, ишқибозларининг аксарияти "Навбаҳор"дан кўнгил узиб бўлган. Сабаби эса сўнгги йилларда клубда кузатилаётган турли-туман ўзгаришлардир.
Умид қиламизки, футболчиларимиз (мураббий ва ҳ.к. лар эмас) мухлислар учун тўп суриб, олий лигадаги иштирокни давом эттиришга ўз ҳиссаларини қўшишади. Абдумалик, майли бир нечта яккама-якка ҳолатни голга айлантиролмаса ҳам "Навбаҳор" олий лигада қолса бўлгани. Бошқа нарсани кераги йўқ. Лигада қолсак, кейинги мавсумда яна шу гапларга қайтамиз...
Улуғбек АБДУЛЛАЕВ
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).