Тошкентдаги ўйинга нисбатан Миржалол Қосимов таркибда 2та ўзгаришни амалга оширди. Жароҳат туфайли Кореяга йўл олмган Саҳоб Жўраев ўрнини Руслан Мелзиддинов эгаллаган бўлса, Шавкат Саломов ҳужумда Мурзоевга шерик сифатида майдонга туширилди.
Дастлабки голли вазиятни "Бунёдкор" юзага келтирди ва жарима майдончаси ичидан айнан Камолиддинга шерик топилгани фойда берди. Шораҳмедов ўнг қанотдан тўпни етказиб бериши оқибатида 17-рақамли ҳужумчимиз тўпни Шавкатга қолдирди. Саломовнинг ерлатиб дарвоза бурчаги томон йўналтирган зарбасини дарвозабон Ким Йонг Кванг бир амаллаб майдон ташқарисига чиқариб юборди.
Ўйиннинг 18-дақиқасига келиб, Шавкат Саломов аввалгисидан кам бўлмаган вазиятда дарвозага гол ура олмади. Бу сафар ҳужум ўнг қанотдан уюштирилди ва тўп Мурзоевнинг оёғига тегиб, дарвоза яқинида, аммо ўткир бурчакда остида турган Шавкатга келиб тушди. Саломовнинг зарбаси Корея терма жамоаси дарвозабони қўлига тегиб қайтди.
Орадан 4 дақиқа ўтиб, Қосимов шогирдлари учинчи 100 фоизли имкониятни қўлга киритишди (ўзи 3та гол керакмиди?). Карпенко ўнг қанотдан бир ҳимоячидан қочиб кетди ва бир ўзи жарима майдончаси томон кириб бориб, бўш турган Ҳасановни тўп билан таъминлади. Жасурнинг тўпни тўхтатмасдан берган зарбаси ҳимоячига тегиб қайтди.
24-дақиқада Ли Хо шериги билан "девор" ўйнаб жарима майдончасига кириб келди ва ўткир остида зарба берди. Бахтимизга у ноаниқ чиқди. Жавоб ҳужуми пайтида Саломов икки нафар ҳимоячи орасидан жарима майдончасига ёриб кирди ва ўзи учун ноқулай бўлган ўнг оёғида дарвоза томон зарба берди. Дарвозабон тўпни эгаллаб олди.
Очиғи, ўйин бошиданоқ меҳмонланинг ўйини жуда ажойиб тарзда чиқа бошлади. Тошкентликлар тактик жиҳатдан жуда зўр ҳаракат қилиш билан бирга, чиройли ҳужумлар ташкил қилиб турдилар. Шораҳмедов ниҳоят "ўзига" ўхшай бошлади. Унинг тўп узатишидан кейин Карпенконинг тўпни ерга туширмасдан берган зарбаси дарвозага тўғри борганидан чиройли гол бўлиши мумкин эди.
Ярим соатда ортда қолганидан кейин ульсанликлар устунликни ўз томонларига оғдира бошлашди. Ўйиннинг 31-дақиқасида мезбонлар бурчак тўпини амалга оширган пайтда вакилларимиз саросимага тушиб қолишди. Филипосян тўпни бош билан ноқулай тарзда қайтарди ва тўп бошқа ҳимоячимизга тегиб Ли Кеун Хога келиб тушди. Унинг зарбаси эса Шораҳмедовнинг бошига тегиб қайтди.
Яна бир бурчак тўпида ҳужумга етиб келган Квак Тэ Хви бош билан зарба беришга муваффақ бўлди. Тўп эса аввал ерга тегиб, кейин дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди. Рақиб томонидан кетма-кет хавфли вазиятлар яратилиши вакилларимизга салбий таъсир кўрсатди. 42-дақиқада Хайрулла Каримов майдон марказида тўпни Иброҳимовга узатишда ноаниқликка йўл қўйиб, кореяликларга тезкор ҳужум учун шароит яратди. Эстиван Велез томонидан яккама-якка вазиятда йўллаган кучли зарбасини Нестеров қайтаришга муваффақ бўлди.
Биринчи бўлимнинг илк ярми "Бунёдкор", иккинчи қисми эса "Ульсан" томонида бўлди. Натижада яратилган хавфли вазиятлар бўйича кўрсаткич тенг бўлди.
Иккинчи бўлим яна "Бунёдкор"нинг голли вазияти билан бошланди. Карпенко чиройли пас билан Жавлонни тўп билан таъминлади. Иброҳимовнинг 14-15 метлардан йўллаган зарбага куч етишмади. Мезбонларнинг шунга ўхшаш ҳужумида эса Ким Шин Вук ноаниқ зарба йўллади. Ушбу ҳужумчи орадан бир дақиқа ўтиб Хайрулла Каримовнинг "совға"сидан бажонудил фойдаланди. Рафиньянинг чап қанотдан ерлатиб узатган тўпни қайтариб юборишда хатога йўл қўйди ва 9-рақамли ҳужумчи ҳеч қандай муаммосиз ҳисобни очди.
Ўтказиб юборилган голнинг салбий таъсиридан бунёдкорчилар тезда чиқиб кетишди. Орадан кўп ўтмасдан Ҳасанов ўзига узатилган тўп билан жарима майдончасига яқинлашиб борди ва Мурзоев томон тўпни етказди. Марказий ҳимоячи бироз эпчилроқ ҳаракат қилиб, тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди. Навбатдаги вазиятда Иброҳимовнинг жарима майдончаси ташқарисидан ноаниқ зарба йўллади.
Голдан кейин «Ульсан»нинг вазифаси янада осонлашди. Бунгача тартибли ўйин кўрсатаётган ўзбекистонликлар энди тавакал қилишга мажбур эдилар. Натижада мезбонлар қарши ҳужум учун бўш зоналар ва имкониятлар кўпроқ пайдо бўла бошлади. 68-дақиқада Ким Шин Вук бўш дарвозани ишғол қила олмади. Қанотдан етказилган тўп унинг оёқларига тегмай қолди.
Тошкентда бўлиб ўтган дастлабки ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилган Ли Кеун Хо бу ўйинни голсиз тарк этмади. Майдон марказига яқин жойда тўп йўқотилиши оқибатида майдон эгалари 11-рақамли футболчини тўп билан таъминлашди ва у чиройли зарба билан тўпни Нестеровнинг устидан ошириб дарвозага йўллади. Бу вазиятда ҳам Нестеров бўйининг пастлиги панд берди.
Ушбу голдан кейин чиройли ва қарама-қарши ҳужумлар остида ўтаётган ўйин темпи анча тушди. Фақат ўйиннинг 90-дақиқасида Баҳодир Пардаевнинг чалқанча услубда берган зарбаси билан ёдда қолди. Бутун ўйин давомида аъло даражада ҳаракат қилган Ким Йонг Кванг ушбу зарбани ҳам қайтарди.
Шундай қилиб, 2та ўйин натижасига кўра, "Ульсан" "Бунёдкор"ни 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Бугун эса вакилимиз 0:2 ҳисобидаги мағлубиятга муносиб эмасди.
ОСИЁ ЧЕМПИОНЛАР ЛИГАСИ. ЯРИМ ФИНАЛ. ЖАВОБ УЧРАШУВИ
"УЛЬСАН ХЁНДЭ" - "БУНЁДКОР" - 2:0 (0:0)
Голлар: Ким Шин Вук (53), Ли Кеун Хо (74)
Огоҳлантиришлар: Лутфулла Тўраев (79), Дилшод Жўраев (90+3)
"Ульсан": 1. Ким Йонг Кванг, 2. Ли Йонг, 4. Канг Мин Су, 5. Квак Тэ Хви (Ли Жэ Сунг 77), 8. Ли Хо (Ко Сеул Ки 60), 9. Ким Шин Вук (Ли Жэ Сунг 74), 11. Ли Кеун Хо, 13. Ким Сёнг Йонг, 14. Ким йонг Сам, 19. Рафинья, 20. Эстиван Велез
"Бунёдкор": 1. Игнатий Нестеров, 2. Акмал Шораҳмедов, 4. Хайрулла Каримов (Дилшод Жўраев 80), 8. Жавлон Иброҳимов, 10. Шавкат Саломов, 13. Лутфулла Тўраев, 16. Артём Филипосян, 17. Камолиддин Мурзоев, 19. Жасур Ҳасанов (Баҳодир Пардаев 64), 22. Виктор Карпенко (Алибобо Раҳматуллаев 77), 28. Руслан Мелзиддинов
Ҳакамлар: Абдураҳмон Абду, Толиб Салим ал-Маррий, Саллим Рашид ал-Наимий (барчаси — Қатар)
Биринчи ўйин — 3:1.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).