Футболимиз тарихи зарварақларидан жой олишга улгурган Ўзбекистон 21-миллий чемпионатини таҳлил қилсак, «Локомотив» жамоасини бемалол мавсум кашфиётига айланди, дейиш мумкин. Клуб ташкил этилганига 10 йил тўлган мавсумда илк марта бронза медалларига эга чиқди. Айниқса, темирйўлчилар иккинчи давра ўйинларини кўтаринки кайфиятда ўтказишди. Бунёдкор жамоаси йирик 3:1 ҳисобида мағлуб этилди. Сафарда “Насаф” жамоаси дарвозасига жавобсиз 2та тўп киритилди. Бу ғалабалар оҳир-оқибат «Локомотив»га чемпионат бронза медаллари ва энг муҳими ОЧЛ-2013 плей-офф босқичида иштирок этиш ҳуқуқини тақдим этди. Қуръа натижасига кўра, Равшан Муқимов шогирдлари гуруҳ босқичига чиқиш учун БААнинг «Ан-Наср» жамоаси билан ҳисоб-китоб қилишади. Ягона ўйиндан иборат плей-офф ўйини 9 февраль куни Дубай шаҳридаги 12 минг томошабинга мўлжалланган Ал-Мактум стадионида бўлиб ўтади. Биз клуб офисида бўлиб, «Локомотив» бош директори Миролим Ҳожиевдан мавсум якунлари, янги йил режалари хусусида интервью олдик.
— Миролим Пўлатович, ўзбек футболининг бир асрлик тўйи кенг нишонланган, қолаверса, «Локомотив» клуби ташкил этилганига 10 йил тўлган йилда жамоангиз тарихий ютуқни қўлга киритди. Бу билан сизни ва барча жамоа аъзоларини табриклаймиз. Суҳбатимиз аввалида якунланган мавсум хулосалари ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим. Йил бошида «Локомотив» олдига қандай вазифа қўйилганди?
— Табрик учун раҳмат. Ҳақиқатан ҳам, 2012 йилги футбол мавсуми нафақат бизнинг клуб учун, балки бутун ўзбек футболи учун ҳам омадли келди. Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари Осиё чемпионатида муваффақиятли тарзда иштирок этиб, келаси йили ўтказиладиган ЖЧ йўлланмасини қўлга киритишди. Ўсмирларимиз футболимиз тарихида Осиё чемпиони бўлган илк терма жамоага айланишди. Ногирон-ампутантлар терма жамоамиз кетма-кет учинчи марта дунёда тенгсиз эканликларини исботлашди. Мана ҳозир миллий терма жамоамиз ҳам ЖЧ-2014нинг сўнгги саралаш гуруҳ босқичида пешқадам бўлиб турибди. Бош жамоамизнинг ҳам Бразилияга бориш имкониятлари жуда юқори. Бу қўлга киритилган ютуқларнинг ўзбек футболининг 100 йиллик тантаналари нишонланаётган йилга тўғри келганлигида ҳам қандайдир рамзийлик бор. Ният қиламизки, бу муваффақиятлар 2013 йилда ҳам давомли бўлсин. Энди «Локомотив» жамоасининг 21-миллий чемпионатимиздаги иштирокига тўхталадиган бўлсам, мавсум кутилганидан ҳам биз учун омадли келди. Мавсум бошида раҳбарият жамоамиз олдига кучли учликдан жой олиш вазифасини қўйганди. Бу мақсадга эришдик. Албатта, бунда биз учун барча шароитларни яратиб берган «Локомотив» раҳбариятининг хизмати жуда катта бўлди. Бу берилаётган эътиборга ўз натижамиз билан муносиб тарзда жавоб қайтаришга келаси мавсумда ҳам ҳаракат қиламиз.
— Жамоа айниқса, иккинчи давра ўйинларида жуда чиройли ва мазмунли ўйин намойиш этди. "Бунёдкор" ва "Насаф" жамоалари икки тўп фарқи билан мағлуб этилди. Қаршидаги ғалаба эса «Локомотив»га бронза медалларини тақдим этди. Асосий ўйинларда асосий рақибларни мағлуб этиш замирида нима мужассам: футболчиларнинг фидоийлигими ёки раҳбариятнинг ҳар томонлама жамоани қўллаб-қувватлаши ва руҳлантиришими?
— Биринчи галда футболчиларнинг ўзидаги кучли иштиёқ. Биринчи давра ўйинларида ишларимиз унчалик ҳам юришмаганди. Оралиқдаги танаффус чоғида мураббийлар штаби йўқотилган очколарни сарҳисоб қилиб, тегишли чораларни кўришди. Иккинчи даврага жиддий тарзда ҳозирлик кўрилди. Йўл қўйилган камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди. Албатта, клуб раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши ҳам энг муҳим омиллардан бири бўлди. Кейин футболчилар ўта муҳим ўйинларда ўзларида қўшимча куч топа олишди. Ўша "Бунёдкор" билан ўйинни ёдга олинг. Ҳисобда ортда бора туриб, якунда йирик ҳисобда ғалаба қозондик. Гол ўтказиб юборгандан сўнг футболчилар тушкун ҳолатга тушиб қолишмади. "Насаф" билан Қаршида кечган ўйинда ҳам йигитлар жасорат кўрсатишди. Мана оҳир-оқибат бу меҳнатлари ўз самарасини берди. Илк бор чемпионат совриндорлари сафидан жой олдик, ОЧЛ-2013 плей-офф босқичида ўз омадимизни синаб кўриш имкониятини қўлга киритдик. Бу ютуқлар шунчаки келгани йўқ.
— Шундай тарихий саналар нишонланган йилда кўркам, дунё андозаларига тўлиқ жавоб берадиган «Локомотив» стадионининг фойдаланишга топширилиши ҳам жамоа ва унинг мухлислари учун катта байрам совғаси бўлди...
— Бу стадион ҳақида қанча гапирсак шунча кам. Ўзбекистон Темир Йўллари Давлат Акциядорлик Компанияси ташаббуси билан бунёд этилган бу кўркам стадион, база «Локомотив» жамоаси учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди. Майдон чимини кореялик мутахассислар парвариш қилишди. Ўйлайманки, бу Ўзбекистондаги энг чиройли ва талаб даражасидаги футбол майдони. Клуб базасида ҳам барча шароитлар яратилган. Футболчиларнинг ўйиндан кейинги тикланиши учун бассейн, тренажер заллари бор. Бир сўз билан айтганда, буларнинг барчаси футболчиларнинг ижобий натижа кўрсатиши учун хизмат қилади. Янги мавсумда «Локомотив» олдига катта вазифалар қўйилган. Бу биринчи галда ОЧЛда муносиб тарзда иштирок этиш. Бунинг учун плей-офф ўйинидан муваффақиятли ўтиб олишимиз керак. Қуръа натижасига кўра сафарда БААнинг «Ан-Наср» жамоаси билан ўйнаймиз. Ҳозир асосий мақсадимиз гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритиш.
— Ўтиш даврида олий лиганинг ҳар бир жамоасида молиявий қийинчиликлар бор. Бу борада «Локомотив» клубида ишлар қандай? Жамоа раҳбарияти 2012 йилги мавсум учун футболчи ва мураббийлар билан ҳисоб-китоб ишларини тўлиқ бажардими?
— Бизда молиявий тарафдан қийинчиликлар бўлмади. Бугунги кунга келиб молиявий жиҳатдан муаммолар йўқ. Футболчилар билан ҳисоб-китоб ишлари тўлиқ амалга оширилди. Клубимиз муассисларига раҳмат. Ўйлайманки, келаси мавсумда ҳам бундай муаммолар бизда бўлмайди.
— «Локомотив» янги мавсумни бошқа жамоаларга нисбатан анча эрта бошлайди. Тайёргарлик режаси ишлаб чиқилдими? Қачондан машғулотлар бошланади?
— 17 декабрь куни жамоамиз йиғилди. Шу куни мураббийлар штабининг йиғилиши бўлиб ўтади. Шундан сўнг янги мавсумга тайёргарлик режаси тасдиқланади. Режага кўра, «Ан-Наср»га қарши ўйин олдидан БААда йиғин ташкил этилади.
— Мураббийлар штабида ўзгаришлар бўладими?
— Бу йилги мураббийлар штаби тўлиқ сақлаб қолинади. Ҳаким Фузайлов ва Равшан Муқимовлар ўз фаолиятларини давом эттиришади. Клуб раҳбарияти бу мутахассисларимизга тўлиқ ишонч билдиради. Балки мураббийлар штаби бироз кенгайиши ҳам мумкин.
— Легионерлар лимитидан фойдаланиладими?
— Албатта. Савияли легионерлар бизга керак. Лекин биринчи галда маҳаллий футболчиларга эътибор қаратилади. Ўзбекистонда истеъдодлар жуда кўп. Мана "Бухоро"дан Жасур Ҳасанов, "Нефтчи"дан Павел Смоляченко, "Динамо"дан Салим Мустафоев ва Иван Нагаевни ўз сафимизга қўшиб олдик. Селекция ишлари жадал суратларда давом этяпти.
— Шундай клуб раҳбарлари ҳам борки, улар мураббийларнинг ишига кўп аралашишади. Футболчилар танловида ҳам бевосита улар иштирок этишади. «Локомотив» клубида бу қандай йўлга қўйилган?
— Мураббийлардан махсус комиссия тузилган. Айнан шу ишчи гуруҳ футболчиларни танлайди ва раҳбариятга тавсия қилади. Жамоамизга фойдасига тегадиган футболчи бўлса, биз бунга қарши бўлмаймиз. Клуб раҳбарияти мураббийларнинг ишига ҳеч қачон аралашмаган. Биз натижани мураббийдан талаб қиламиз. Улар эса ўз навбатида футболчилардан талаб қилишади.
— Жамоада Павел Бугало, Зайниддин Тожиев каби тажрибали футболчилар бор. Улар билан ҳамкорлик янги мавсумда ҳам давом этадими? Таркибни ёшартириб бориш масаласи кун тартибига қўйилганми?
— Сиз айтган футболчиларнинг жамоамиз муваффақиятида хизматлари жуда катта бўлди. Дарвозамиз дахлсизлигини сақлашда тажрибали Бугало жонбозлик кўрсатган бўлса, Тожиев қаторасига иккинчи йил ҳам жамоамиз тўпурари бўлди. Асосий мақсадимиз ана шу тажрибали футболчилар атрофида ёш, истеъдодли ўйинчиларнинг маҳоратини ошириб боришдан иборат. Шу кеча кундузда шартнома имзолаган уччала футболчимиз ҳам ёш ва келажаги порлоқ.
— Келаси мавсумда жамоа олдига қандай мақсад қўйилади?
— Бу йил бронза медалини қўлга киритдик. Табиийки, янги мавсумда бу йилги натижамизни янада яхшилашга ҳаракат қиламиз. Биринчи галдаги асосий вазифамиз ОЧЛнинг плей-офф ўйинида ғалаба қозониб, гуруҳ босқичидаги иштирокимизни таъминлашимиз керак. Ўзбекистон Кубогида ҳам имкон қадар узоқроққа боришга ҳаракат қиламиз. Клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби билан учрашувимиздан сўнг аниқ вазифаларни белгилаб оламиз.
— Жамоа профессионал йўлдан бораётган экан, бу борада футбол мактаби ва тайёрлов гуруҳларининг фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу йўналишдаги ишлар қандай йўлга қўйилган?
— Албатта, бу жуда ҳам муҳим масала. Бугунги кунда «Локомотив» клуби қошида 200 нафарга яқин ёшларимиз 9та ёш тоифасидаги гуруҳларда футбол сир-асрорларини ўрганишмоқда. Уларга малакали мутахассислар устозлик қилишяпти. Барча ёш тоифасидаги жамоаларимиз ўсмирлар ўртасидаги Тошкент шахар биринчилигида қатнашишяпти.
— «Локомотив» клубида ўйнаб, профессионал фаолиятини якунлаган ва шунинг остонасида турган футболчиларни жамоада мураббий сифатида олиб қолиш режаси йўқми?
— Бугунги кунда тайёрлов гуруҳларимизда ишлаётган тўққиз нафар мураббийнинг ҳаммаси «Локомотив» клубида тўп тепган. Жумладан, 1996 йили туғилган «Локомотив» жамоасига Марсель Идиатуллин, 1997 йилги жамоамизга Сергей Лошак, 1998 йилдагиларга Юрий Винтовкин, 1999 йилдаги болаларга Давронбек Досумов, 1994-1995 йилларда таваллуд топган жамоамизга Рустам Ориповлар мураббийлик қилишмоқда. Бу анъанани келажакда ҳам давом эттирамиз.
— «Локомотив» номидан футзал клуби ҳам Ўзбекистон чемпионатида ўта муваффақиятли тарзда қатнашяпти. Бу футзал клубига ҳам асосий жамоа сингари бирдек эътибор бериладими?
— Шубҳасиз. Футзал клубимизга қаратилаётган эътибор натижадан ҳам маълум. Ўзбекистон чемпионати 1-босқич 3-тур ўйинлари якунига кўра, жамоамиз амалдаги чемпион "Ардус" билан бир ҳил очко тўплаб, турнир жадвалида қўшҳокимлик қиляпти. Биринчи тур учрашувларига Тошкентдаги Ўзбекистон спорт мажмуаси мезбонлик қилганди. Иккинчи тур ўйинлари эса Самарқанддаги "Сўғдиёна" футзал мажмуасида бўлиб ўтди. Ҳал қилувчи баҳсда "Максам-Чирчиқ" жамоасини 2:1ҳисобида енгдик. Энг муҳими, чемпион "Ардус"дан ҳам 4:3 ҳисобида устун келдик. «Локомотив» 2-тур доирасида бирорта ўйинда ҳам мағлубиятга учрамади.
— Бу йил «Локомотив» клубининг янги стадионидаги ўйинлар соат 16.00да бошланди. 35-40 даража иссиқда футбол ўйнаш... Бу манзарага янги мавсумда ҳам гувоҳ бўламизми?
— Бу ҳолат инобатга олинган. Ўйинларни кечки салқинда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Футбол мухлислар учун ўйналади. Шу мақсадда мухлисларга шароитлар яратиш, савдо шаҳобчаларини ташкил этиш бўйича ҳам ишлар олиб бориляпти. Ёдингизда бўлса, ОФК комиссияси аъзолари ёзда стадионимизга А тоифасини беришганди.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).