Бугун ФИФАнинг йил лауреатларини тақдирлаш маросими ўтказилади. Унда йилнинг энг яхши футболчиси, футболчи аёли, мураббийи номи аниқланади. Шунингдек, футболни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Блаттернинг махсус соврини, йилнинг энг чиройли голи учун тақдим этиладиган Ференц Пушкаш номидаги соврин ва Fair Play соврини ўз эгаларига топширилади.
Покерми?
ФИФА октябрь ойида "Олтин тўп"га даъвогар 23 нафар футболчидан иборат кенгайтирилган рўйхатни эълон қилганди. Сўровнома якунларига кўра, кучли учликни "Реал" футболчиси Криштиану Роналду, "Барселона" ярим ҳимоячиси Андрес Иньеста ва катанлонияликлар ҳужумчиси Леонель Месси ташкил қилишди.
Месси шу пайтга 3 марта "Олтин тўп"ни қўлга киритган. Бу кўрсаткич билан у афсонавий Мишель Платини, Йохан Кройфф ва Марко ван Бастен билан тенглашиб олди. Лекин шу пайтгача ҳеч бир футболчи у совринни 4 марта қўлга киритмаган. 2012 йилда кўплаб рекордларни янгилаган Месси, ушбу совринни тўртинчи марта қўлга киритган дастлабки футболчига айланиши мумкин. "Барселона" якунанган мавсумда Испания чемпионати, ЕЧЛда ғолиб чиқа олмаганига қарамай, мутахассисларнинг фикрича, "Олтин тўп"ни барибир Леонел қўлга киритади.
Месси ушбу мавсумда бир йилда урилган голлар сони бўйича Герд Мюллернинг натижасини янгилади. Шунингдек, бир ўйинда гол уриш бўйича ЕЧЛ рекордини ўрнатди — у "Байер" дарвозасига 5та гол урди. Шунингдек, Месси ЕЧЛ ва Испания чемпионатида бир мавсум даомида урилган голлар сони бўйича янги рекордларни қайд этди.
Ўз вақтида "Барселона"да тўп сурган ва кейинчалик клубни тарк этган Златан Иброҳимович жуда кўп маротаба собиқ жамоаси ҳақида салбий фикрларни билдирганди. Аммо ФИФА маросими арафасида швециялик футболчи Месси ҳақида ижобий фикрларни билдириб ўтди.
"Жаҳонда Мессидан яхшироқ футболчи бор дейдиганлар ё футболни тушунишмайди, ёки нима деётганларини билишмайди. Ҳа, у ушбу совринни бир неча марта қўлга киритган, лекин Леонел унга барчадан кўра муносиброқ", дейди "Ибра".
Мессининг "Олтин тўп" йўлидаги асосий рақобатчиси Андрес Иньеста ҳисобланади. Ушбу футболчи Испания терма жамоаси сафида иккинчи марта Европа чемпионлигини қўлга киритди ҳамда "Барса"нинг энг муҳим ўйинчиларидан бир ҳисобланади.
Совринга учинчи номзод эса "Реал" таркибида Испания чемпионлигини қўлга киритган Криштиану Роналду ҳисобланади.
"Ёлғон гапириш ёки иккиюзламачилик қилишни хоҳламайман: "Олтин тўп" қўлга киритишни истайман. Лекин ҳақиқат шуки, спортда шахсий совринлар эмас, жамоавий ютуқлар муҳим", дейди португалиялик футболчи.
Бундан ташқари, Роналдунинг меҳнатлари эвазига Португалия терма жамоаси Евро-2012 ярим финалигача етиб келди. Финалга эса пенальтилар сериясида ғалаба қозонган Испания терма жамоаси йўл олди.
Мураббийлар
Испания терма жамоаси бош мураббийи Висенте дель Боске жаҳоннинг энг яхши мураббийига номига асосий даъвогар ҳисобланади. "Қизил фурия" билан биргаликда Дель Боске жаҳон чемпионлигини ҳам қўлга киритганди.
"Олтин тўп"ни Иньеста қўлга киритиши лозим, деб ҳисоблайман. Испания футболи муносиб равишда тақдирланиши лозим", дейди Дель Боске Швейцарияга йўл олишдан аввал AS нашрига берган интервьюсида.
Даъвогар номзодлар учлиги орасида "Барселона"нинг собиқ мураббийи Хосеп Гвардиола ва "Реал" устози Жозе Моуриньо ҳам бор. Аммо португалиялик мутахассис тақдирлаш маросимига келишдан бош тортди.
Аёллар футболи
Аёллар футболи ҳақида гапирганда, кўпчилик мутахассислар "энг яхши футболчи" ва "энг яхши мураббий" номинацияларида АҚШ вакиллари ғолибликни қўлга киритишлари керак. Боиси, АҚШ олимпия терма жамоаси Лондон олимпиадасида чемпионликни қўлга киритишди. Номинантлар орасида америкалик футболчилар - Алекс Морган (ўз голи билан АҚШни финалга олиб чиқди) ва Эбби Уомбах (олимпия ўйинларида 5та гол уришга муваффақ бўлди) бор. Дарвоқе, Морган ўз юртида йилнинг энг яхши спортчиси унвонини қўлга киритишга улгурди. Шунингдек, номзодлар орасига бразилиялик Марта Родригес ҳам киритилган. Бразилия олимпия терма жамоаси Лондонда чорак финалда ўта олмаганди.
Йилнинг энг яхши аёл мураббийи номига швециялик Пиа Сундхаге даъвогарлик қилмоқда. Ушбу мутахассис АҚШ терма жамоасига олимпиаданинг олтин медалларини келтирди. Шунингдек, даъвогарлар ораисда Япония терма жамоаси бош мураббийи Корио Сасаки ва Франция терма жамоаси бош мураббийи Бруно Бини ҳам бор.
"Фейр Плей"
Юқоридаги совринлардан ташқари, ФИФА президенти ўзининг махсус совринини футбол ривожи учун муносиб ҳисса қўшган инсонга топширади. Ўтган йили бу совринни "Манчестер Юнайтед" мураббийи Алекс Фергюсон қўлга киритганди.
Энг чиройли гол учун Ференц Пушкаш номидаги соврин мухлислар эътиборида бўлади. Бу сафар бу номинацияга ўтган йилги соврин ғолиби Неймар ("Интернасьонал" дарвозасига урган голи), "Фенербахче" футболчиси Мирослав Стох ("Генчлербирлиги" дарвозасига урган голи) ва "Атлетико" футболчиси Радамель Фалькао ("Америка де Кали" дарвозасига урган голи) даъвогарлик қилишмоқда.
ФИФАнинг "Фейр Плей" совринига эса Ўзбекистон футбол федерацияси даъвогарлик қилаётганидан хабарингиз бор. ЎФФ номзоди ОФК томонидан тақдим этилди. ЎФФ Осиёдаги айнан шундай совринни қўлга киритганини яхши биласиз. Ушбу маросимда қатнашиш учун Мираброр Усмонов Цюриха йўл олган.
Ушбу соврин йўлида бизнинг "рақобатчиларимиз": Гватемала футбол федерацияси - келишилган ўйинларга қарши олиб борган кураши учун ва Туркиянинг "Эскишеҳирспор" клуби - Шотландиянинг "Сент-Жонсон" клубига қарши Европа лигаси ўйинида рақиб жамоа футболчиси жароҳат олган пайтда қўлга киритилган бурчак тўпини шотландияликларга қайтариб бергани учун (бу жамоа номзоди айнан шотландиялик мухлислар томонидан тақдим этилган).
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).