2011 йили «ПСЖ» акцияларининг 70 фоизи қатарлик сармоядорлар гуруҳи тасарруфига ўтганди.
Орадан 10 йил ўтгач, Лига 1 гранди дунёнинг энг қимматбаҳо клублари рўйхатида юқори 10таликка кирди. Дэвид Бекхэм, Златан Ибрагимович, Неймар, Килиан Мбаппе ва Лионель Мессининг трансфери нафақат Париж клубининг ўзи, балки академиясининг гуркираб яшнашига туртки берди. Ҳозирда «ПСЖ» Франциядаги етакчи иқтидор чашмаларидан бирининг эгасидир. Ёш истеъдодларни тарбиялаш бобида улкан тажриба тўплаган Луиш Кампушнинг Парижда иш бошлагани эса, бу борада асосий муваффақиятлар ҳали олдинда эканлигини англатади.
Бошланиш чизиғи
Айнан 2011 йили Париж яқинидаги «Обервилье» академияси 4 ёшли Уоррен Заир-Эмерини қабул қилганди. Табиийки, болакай ўша паллада ўз келажагидан мутлақо бехабар бўлган, қолаверса, «ПСЖ»нинг қандай курс бўйича ҳаракатланиши ҳам маълум эмасди. Амалда Заир-Эмери 12 йилдан кейин ЧЛда «Бавария»га қарши кечган баҳсда майдонга тушиб, нуфузли турнир тарихида «плей-офф» босқичининг энг ёш дебютанти (16 ёшу 343 кун)га айланди. Кузда эса 17 ёшга тўлган Уоррен «ПСЖ»нинг бошланғич таркибидан жой олди. Ақлга сиғмас тараққиёт! Заир-Эмери ҳозирнинг ўзида Лига 1даги энг қимматбаҳо футболчилари рўйхатида тобора юқорига интилмоқда. У ҳаттоки, Лионель Месси ва Неймардек мегаюлдузларни ҳам қойил қолдиришга улгурди. Халқаро танаффусдан олдин охирги 5та ўйинда 2та гол ва 4та самарали узатма муаллифига айланган вундеркиндга фақат халқаро эътироф етишмаяпти - Раймон Копа ёки Golden Boy соврини. Лекин бу яқин йилларда ҳал бўладиган масаладек.
Уоррен ва «ПСЖ» - самимий муҳаббат тарихи
Миллионлар ўйинига боғлиқ илк сабоқларни собиқ футболчи ва мураббий бўлмиш отаси Франк Эмеридан олган, машғулотлар жараёнида ҳатто ўзидан каттароқ болакайларга намуна кўрсатган Уоррен 8 ёшидаёқ Парижни забт этишга чоғланди. Муҳими, у худди Обервильеда бўлгани каби пойтахтда ҳам муҳитга ўта осонлик билан мослашиб, дарҳол етакчиликни қўлга олди. Дейлик, 14 ёшида U-17, кейинги йили U-19 жамоаси таркибида майдонга тушиб, клуб рекордини янгилади. Тўғри, жуссаси кичиклиги боисми, Уоррен аввалига бироз қийналди, лекин тез орада мускуллари қувватлангач, ўнг қанотда таянч ярим ҳимоячи позициясида ишончли тўп сура бошлади. Заир-Эмерининг тобора ёрқинроқ ўйин кўрсатишга тушганидан отаси ҳам бироз лол қолганди: «Ўғлимнинг юксак иқтидорига ҳеч қачон шубҳа билан қарамаган бўлсамда, 15 ёшида U-19 жамоасида ўзидан анча катта йигитлардан ўзиб кетгани ҳайратимни оширди. Дейлик, тез-тез ажойиб рейдларни амалга ошириши билан назарга тушди».
Не-не орзу-ҳаваслар билан пойтахтга йўл олган ёш иқтидорнинг хурсандчилиги мухлислар қувончи билан уйғунлашиб кетганини кўриш жуда ёқимли. «ПСЖ» сентябрь ойида «Марсел»ни йирик ҳисобда доғда қолдиргач, Уоррен ўз футболкасини совға қилиш ниятида трибуна томон югурди. Шу пайт мухлислар етакчиси унга мегафон узатиб, қўшиқ куйлаб беришини илтимос қилди. «Ўша лаҳзада ўзимни ўта мағрур ҳис этгандим», - деди ёш футболчи кейинчалик. Энди клуб раҳбарияти ҳам ноёб вундеркиндни муносиб рағбатлантириш ниятида. Ҳар ҳолда, Уоррен учун узоқ муддатли янги шартнома тайёрланаётгани ҳақида хабарлар бор. Инсайдер Фабрицио Романонинг ёзишича, унда хавбекнинг маоши ҳам сезиларли даражада оширилади. Бошқа бир маълумотга биноан, «ПСЖ» раҳбарияти айнан Заир-Эмери туфайли Жуд Беллингемни харид қилиш имкониятидан воз кечди. Чунки клубда Уоррен яқин келажакда англиялик иқтидордан ўзиб кетишига ишонишмоқда. Айни ҳолатда футболчи ва жамоа ўртасида ўта ажойиб мутаносиблик бор. «Бутун фаолиятимни «ПСЖ»да ўтказишни хоҳлайман. Эрталаб машғулотга келаман, тушдан кейин ўқишга бораман. Кечқурун - ўйин. Нақадар ажойиб» - Уоррен жаҳон футболи юлдузлари Лионель Месси, Килиан Мбаппе ва Неймар билан ёнма-ён ўтган кунларни шундай таърифлаганди. Муҳими, ёш футболчи билим олишга сира панжа ортидан қарамайди. Дейлик, айтишларича, академияга йўл олган пайт автомобиль ичида кўпинча дарсга тайёрланади. «Футболчи майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўзини талаб даражасида тутиши шарт. Шундай экан, мактаб мен учун жуда муҳим, якунда бакалавр даражасини олишдан умидворман», - дейди Уоррен бу масалада. Вундеркинд чиндан ҳам, ўзини муносиб тутиш, нуқсонларни четлаб ўтишга уринади ва бор кучини ривожланишга сарфлайди. «ПСЖ» ҳимоячиси Преснель Кимпембе бежиз уни чарчаш нималигини билмайдиган роботга қиёсламаганди. Чунки Уоррен жамоавий машғулотдан кейин ҳамиша қўшимча тарзда шуғулланади.
Заир-Эмери заиф жиҳатлардан холи
Уорреннинг «ПСЖ»даги ёрқин дебютига тайёргарлик йиғинлари ва аввалги мавсумда қайд этган шиддати ёрдам бергани тайин. Рақамларда айтсак, йигитча ўсмирлар ўртасидаги ЕЧЛнинг ҳар бир ўйинида ўртача ҳисобда 5 мартадан рақиб узатмасини «илиб» олган, «Гол+пас» тизимида «1+2» натижасига эришган ва тўп узатиш аниқлиги бўйича 90 фоиздан баланд кўрсаткич қайд этганди. Қолаверса, май ойида U-17 белгиси остидаги Европа чемпионатида порлаб, ғалаба нашидасини сурди. Жумладан, Португалия ўсмирлар термасига қарши кечган ярим финал баҳсида 30 метр узоқликдан чиройли гол урди. Айтганча, Уоррен 15 ёшидаёқ Маурисио Почеттино назарига тушган ва аргентиналик мутахассис болакайни «ПСЖ»нинг асосий жамоасига жалб қилганди. Тўғри, дебюти Кристоф Гальтье даврига тўғри келди, яъни йигитча бироз кутишга мажбур бўлди. Ниҳоят, 16 ёшу 151 кунлигида Лига 1 1-туридан ўрин олган «Клермон»га қарши ўйинда захирадан майдонга тушди. У шу тариқа «ПСЖ» тарихида расмий учрашувда қатнашган энг ёш футболчи бўлди. Уоррен дебютдан кейин яна 2та ўйинда атиги 2 дақиқадан ҳаракатланди. Адолат юзасидан айтиш керак, унинг кўпроқ ва тез-тез майдонга тушишига асосий футболчиларнинг бирин-кетин жароҳатланишгани ҳам йўл очди. Охир-оқибат, йигитча «Бавария»га қарши кечган ЧЛ «плей-офф» ўйинида «ПСЖ»нинг бошланғич таркибига кириб, ўнг қанот ярим ҳимоячиси позициясини эгаллади. Ўйин бошланиши билан эса майдонда кенг ҳудуд бўйлаб ҳаракатланиб, ҳимоя ва ҳужум чизиғини ўзаро боғлаб турди. Учрашув ритмига озгина мослашиб олганидан сўнг асосий устун жиҳатини ишга солиб, тўп билан чиройли рейдлар уюштира бошлади. Аввалига 17 ёшли болакайни осонгина чўчитиш, қисиб қўйиш ва тўпни ундан олиб қўйиш мумкиндек туюлди. Амалда Уоррен майдонда эсанкираб қолмади, асосий устунлигидан тўғри фойдаланди ва оёғида мустаҳкам турди. Хуллас, «Бавария» вакиллари йигитчани тўхтатиш ёки йиқитиш осон эмаслигини тезда тушунишди. Франция U-21 терма жамоаси мураббийи, машҳур Тьерри Анри эътирофига эътибор қаратинг: «Уорренни анчадан буён кузатиб келяпман. Франция футболида ўйинни тушуниш бобида бир-биридан ўзиб кетадиган йигитлар жуда кўп. Лекин Заир-Эмеридек жисмоний тўқнашувларга тайёр ёш футболчи жуда кам».
«ПСЖ» бошқарувига Луис Энрикенинг келиши иқтидорли футболчининг узатмалар аниқлиги ва ўйинни ҳис этиш бобида янада яхшиланишига ижобий туртки берди. Чунончи, Кристоф Гальтье асосан йигитчанинг жисмоний қобилиятидан унумли фойдаланишни кўзлаган бўлса, испаниялик мутахассис услуби бўйича тўпни олис масофага аниқ узатиш имконияти бор жойда югуриш шарт эмас - бу мутлақо ўзгача футбол. Мана, янги услуб самараси - Заир-Эмери ассистент ролини ҳам рисоладагидек адо этишга тушди. Хўш, Энрикенинг ўзи қандай фикрда? «Уоррен 17 эмас, 37 ёшдадек. Бу ерда шундай иқтидорга эга бўлиш - мен учун улкан омад. Заир-Эмери академиядан чиққан футболчиларга мукаммал намунадир. Жуда камтар йигит, тиним билмай ишлайди, жуда ақлли» - испаниялик мутахассисдан ажойиб таъриф.
Навбатдаги бекат - Франция миллий жамоаси
Уоррен Заир-Эмери ноябрь ойидаги ФИФА кунлари Франция миллий жамоасини ҳам забт этди қайсидир маънода. Бунга қадар Тьерри Анри бошқарувидаги U-21 жамоасида тўп сурган «ПСЖ» жавоҳири 18 ноябрь куни Евро-2024 саралаш босқичидан ўрин олган Гибралтар термасига қарши ўйинда илк дақиқалардан ҳаракатлана бошлади. Фақат дебют бироз кўнгилхираликка уланди - Уоррен 20-дақиқадаёқ жароҳатланиб, ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. Асосийси, у бунга қадар миллий жамоадаги голлари ҳисобини очишга улгурди. Якунда францияликлар 14:0 ҳисобида ғалаба қозониб, бир қатор рекордларни янгилаган бўлсалар, Заир-Эмери ҳам алоҳида натижадан қуруқ қолмади. Яъни охирги 109 йил бадалига Франция миллий жамоаси сафида майдонга тушган ва гол урган энг ёш футболчига айланди. У ўйин вақти 17 ёш 8 ой 11 кунлик эди. Нима бўлишидан қатъий назар, Дидье Дешам энди ярим ҳимоячини кўздан қочирмайди асло.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).