“Бавария” ва Германия терма жамоаси собиқ ҳимоячиси Франц Беккенбауэр 78 ёшида вафот этди.
Унинг номи мустаҳкам ҳимоя билан боғлиқ биринчи ассоциациялардан бири бўлиб қолади. Келинг, Беккенбауэр фаолиятига назар соламиз.
Франс футбол учун суғурта компаниясидан кетгани учун унинг ота-онаси қаттиқ жанжаллашиб қолган. Кейинчалик Беккенбауэр нафақат “Бавария”, балки, футбол тарихидаги энг яхши ҳимоячилардан бирига айланади
Айнан у либеро позициясида ҳимоявий инқилобни уюштирган ва иккита “Олтин тўп”ни қўлга киритган ягона ҳимоячига айланди.
13 ёшидаёқ Франц болаларга хос бўлмаган қатъият кўрсатган. У 1950 йилларда шаҳарнинг энг ёрқин клубларидан бири бўлган “Мюнхен 1906” клубида шуғулланарди, лекин академияга қабул қилинмаган. Пул билан боғлиқ муаммолар туфайли бошлиқлар ўз шогирдини Бавариянинг машҳур жамоасига ўтказишга рози бўлган.
Аммо келишувни ўзаро ўйин бузди: ёшлар ўртасидаги турнир финалида “1860” йигитлари шу қадар қўпол ўйнаганки, натижада иккала жамоа футболчилари ўртасида муштлашув юзаган келган. Франц қулоғидан жуда қаттиқ зарбани қабул қилиб олган ва майдонда ўз келажаги борасида қарорни қабул қилган — агар чиқиш йўли бўлмаса, бошқа, ҳатто кучсизроқ жамоага бўлса ҳам ўтади. Кийим алмаштириш хонасида жамоадошлари уни қўллаб-қувватлади ва кейинги ой улар биргаликда “Бавария” машғулотларини тўлдирган.
Ҳозир “Бавария”нинг буюклиги яққон кўриниб туради, бироқ ўшанда бу клуб 1963 йилда ташкил топган Бундеслигага ҳам таклиф этилмаган. Францнинг ота-онаси клубга умуман ишонмаган, шунинг учун ўғли футболга диққатини қаратиш мақсадида суғурта агенти стажёри сифатидаги ишини тарк этганидан сўнг жанжал қилган. Бироқ, улар тез орада тинчланди, чунки Беккенбауэр ёшлар терма жамоасига ўтганди. Аммо у дарҳол муаммога дуч келган.
Унинг 18 ёшли қиз ўртоғи ҳомиладор бўлиб қолган ва Франц унга уйланмаслигини билгач, қасос олган. Қиз ўзининг ота-онаси билан биргаликда Германиянинг асосий футбол амалдорларига қадар етиб борган ва улар Беккенбауэрни “ноўрин хатти-ҳаракатлари” туфайли терма жамоада ўйнашини тақиқлаган. Лекин Францнинг омади келган, асосий жамоа устози Деттмар Крамер истеъдодли футболчини ҳимоя қилиб, мутасаддиларни бўлажак катта футболчини синдириш хавфи борлигига ишонтиради.
Кейинчалик барчаси ўз изига тушиб кетган: Беккенбауэр 19 ёшида “Бавария”нинг асосий таркибида дебютини ўтказади, 20 ёшида эса клубни Бундеслигага етаклаган ҳамда ГФРдан чақирув олган. Терма жамоадаги дебют дабдабали ўтган: Швеция устидан 2:1 ҳисобидаги ғалаба, Англияда бўлиб ўтадиган 1966 йилги мундиалга йўлланма ва Франснинг ҳужумкор ўйини мухлисларни ҳайратга солган. 22 ёшида у Кубок эгалари Кубогини қўлга киритган, бир йилдан сўнг Франс Рот, Зепп Майер ва Герд Мюллер уни сардор этиб сайлаган. У Мюнхен клуби сафида 19 йилини ўтказиб, 427 та ўйинда иштирок этган.
Франц либеро позициясини ривожлантирган. Учинчи уринишда Жаҳон Чемпионлигини қўлга киритган.
1966 йилги Жаҳон Чемпионати Беккенбауэр учун ажойиб кечди.
Гуруҳ босқичида у швейсарияликлар дарвозасига иккита гол урди ва ГФРнинг Испаниядан ўтиб кетишига ёрдам берди. Сўнгра чорак финалда Уругвайни, ярим финалда эса СССР таслим этилди. Аммо турнирнинг асосий ўйини омадсиз кечди: Англия терма жамоаси Жефф Ҳерст (ҳет-трик) ва Боббир Чартон (шунчаки ёрқин ўйин намойиш этган) каби футболчиларнинг маҳорати эвазига қўшимча бўлимларда 4:2 ҳисобида зафар қучган. Кейинчалик Франс чиройли тарзда масъулиятни ўз зиммасига олган: “Улар фақатгина Бобби Чартон мендан бир оз яхшироқ бўлгани учун ғалаба қозонди. Шу холос”.
1970 йилги мундиал Беккенбауэр учун муваффақиятсиз ўтган.
Германия гуруҳ босқичидаги 3 та ғалабадан сўнг чорак финалда 4 йил олдинги мундиалда алами қолган Англияга қарши ўйнайдиган бўлди. Асосий бўлимларда ГФР 0:2 ҳисобини дурангга аялнтиришга муваффақ бўлди. Биринчи гол Беккенбауэр ҳисобига ёзилди. Қўшимча бўлимларда эса Герд Мюллер томонидан киритилган гол 4 йил олдинги қасосни олинишига сабабчи бўлди. Ярим финалда ГФРни италянлар кутиб турарди. Қўшимча бўлимларгача етиб борган ушбу ўйин 4:3 ҳисобида Италиянинг ғалабаси билан якунланган.
ЖЧ—1974 да эса миссия бажарилган.
60 йиллар охирида “Бавария”да у илк бор либеро позициясида ўйнаган. Аммо классик эмас, балки замонавийлаштирилган услубда — Беккенбауэр нафақат шерикларини ҳимоя қилар, хатоларни тўғрилар, балки, тезда ҳужумларга қўшиларди. Уни қанот бўйлаб югуриб, ҳамма жойда ёрдам берадиган “Интер” ва Италия терма жамоасининг чап қанот ҳимоячиси Жачинто Факкетти илҳомлантирган.
Францнинг ушбу услуби клубда қўлланиларди, бироқ терма жамоада Ҳелмут Шен узоқ вақт давомида бундай таваккал қилишга рухсат бермаган. Илк бор у либерони Евро—1972 финал босқичида синаб кўришга муваффақ бўлди, Германия финалда СССРни 3:0 ҳисобида мағлуб этган, мавсум охирида эса Франц “Олтин тўп”ни қўлга киритган. “Факкетти мени илҳомлантирган. Мен буюк саргузашт руҳини ҳис қилдим”, — деганди Беккенбауэр.
Германияда бўлиб ўтган мундиалда у терма жамоа сардори бўлган ва кийим алмаштириш хонасида анча қатъий турарди.
Ўша турнирда ГФР Беккенбауэрнинг қойилмақом ўйини сабабли финалга қадар етиб борган. Сайёранинг энг кучли икки футболчилари — Беккенбауэр ва Кройф ўртасидаги баҳсда ГФР 2:1 ҳисобида Нидерландияни таслим этган. “Олтин тўп” Кройфга насиб этди, Франц эса Германияда йилнинг энг яхши футболчиси деб топилган. Иккинчи “Олтин тўп”ни эса бир неча йилдан сўнг қўлга киритган.
Франц АҚШга трансфер қилингани учун танқидлар остида қолган
1977 йил 32 ёшида Франс “Нью-Йорк Космос” жамоасига бориб қўшилган. Бу эса кўпчиликнинг ғазабини келтирган: Юпп Дервал уни терма жамоага чақирмаган, мухлислар эса уни сотқин дея атаган. Бу жуда қийин давр эди, чунки Франц илгари мухлислардан фақат мақтовлар эшитарди ва Кайзер (Германия императори) лақабини олганди.
Беккенбауэрнинг сўзларига кўра, у 1968 йилда пайдо бўлган. Бир нашр Австриянинг собиқ императори Франц Иосифнинг бюсти фонида футболчининг суратини эълон қилган ва унга “Футбол кайзери” деб ном берган. Бошқа версияга кўра, лақаб 1969 йилги Германия Кубоги финалидан сўнг, Франс “Шальке” афсонаси, “Вестфалия қироли” лақаби билан машҳур Рейнхард Либудга умуман ўйин бермагани учун бу номга сазовор бўлган.
Ватанига қараганда АҚШда Беккенбауэр ўзини муҳимроқ ҳис қилди: у Лучано Паваротти билан дўстлашган, трибунадан фақат у тарафга олқиш бўларди, ҳаттоки, “Янкис” бесбол ўйинини томоша қилгани борганда, уни таниб қолишган. Франц АҚШга Пеле билан бирга ўйнамоқчилигини сабаб қилиб кўрсатган (1975 йилдан 1977 йилгача улар биргаликда “Космос”да тўп сурган). “Мен унинг йўлини такрорламоқчи эдим. У барча даврларнинг энг яхши футболчиси, Пеле қолган футболчилардан ўн баравар кўпроқ иқтидорли. Унинг енгил эгоизми ҳақиқий етакчига айлантирган”, — деган эди Франц бразилиялик афсона ҳақида.
1982 йилда Беккенбауэр Бундеслигага қайтиб, Гамбургда бир мавсум ўйнаб, яна “Космос”га кетган. Футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг, 1984 йилда Франц ГФР терма жамоаси бош мураббийига айланган.
Унда ҳаттоки, мураббийлик лицензияси бўлмаган. Шунинг учун у расмий манбаларда “жамоа хўжайини” деб юритиларди. 1986 йилда терма жамоани ЖЧ финалига қадар олиб чиққан, орадан 4 йил ўтиб эса чемпион қилган. “Стадио Олимпико”даги бир воқеа тарихда қолган: барча футболчилар ғалабадан сармаст пайтида, уларнинг мураббий майдон марказида шошмасдан, хаёл суриб юрарди. “Бу мен ёлғиз қолишим мумкин бўлган ягона жой. Жуда кўп нарса ҳақида ўйлаб олишим керак эди”. Шу тариқа Франц ҳам сардор, ҳам мураббий сифатида Жаҳон Чемпионатини қўлга киритган футбол тарихидаги ягона инсон ҳисобланади.
1990 йилги финалдан сўнг Беккенбауэр терма жамоадан кетган.
Ярим аср мобайнида Германия терма жамоасида жуда ажойиб ҳимоячилар алмашди. Бироқ, Беккенбауэрдек футболчига ҳеч бири тенг кела олмади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).