Бугун Италия чемпионатида турнинг марказий ўйинларидан бири бўлиб ўтади. Унда “Милан” шаҳрининг икки жамоаси — “Милан” ва “Интер” ўзаро тўқнаш келадилар. Бир сўз билан айтганда, дерби!
Футбол мавсуми ўртача ҳисобда тўққиз-ўн ой давом этади ва камдан-кам жамоаларгина ушбу давр мобайнида кучли барқарор ўйин намойиш эта оладилар. Шунинг учун жамоалар нисбатан муваффақиятсиз мавсумларни маҳаллий дербида – асосий рақибларини мағлубиятга учратиш билан безай оладилар.
“Дерби” сўзи бу инглизчадан кириб келган сўз бўлиб, уни футбол тилида битта шаҳар ёки провинциядаги икки жамоанинг ўзаро беллашувига нисбатан қўллашади. Ҳар бир мухлисни дерби бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Мен ҳам баҳоли қудрат мавсумлар безаги бўлган дунёга донғи кетган дербилар тарихи ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.
Миланлик душманлар
Машҳур Милан дербиси бошқа кўпгина дербилар каби бир клубнинг иккига бўлиниши оқибатида юзага келади. Бу нарса 1908 йил рўй берди. «Милан» клубининг ўзи 1899 йил Англиялик Альфред Эдвардс томонидан ташкил этилган. Айтиш жоизки, «Милан» фақат футбол эмас, балки крикет клуби ҳам бўлган. «Милан» ўз навбатида номига «ассоциационе кальчо» деган ибора қўшди (АС Милан). 1908 йили клубнинг итальян ва швейцар аъзолари «Интернационале», яъни Интер деб номланган янги жамоа туздилар. Бу воқеадан ярим йил ўтгандан сўнг жамоалар биринчи бор бир-бирларига рўбарў бўлишди. «Интер» мағлубиятга учради – 2:1.
«Милан»га одатда ишчилар синфи ва касаба уюшма аъзолари ишқибозлик қилишса, «Интер»нинг хайрихоҳлари асосан шаҳарнинг бой қисмида яшовчилар ва юқори табақадагилардир. Икала жамоанинг формаси йўл-йўл бўлса-да, «Милан»нинг ранги қизил-қора, «Интер»ники эса кўк-қора. Ушбу жамоалар ўз ўйинларини Жузеппе Меацца номидаги бир стадионда – «Сан-Сиро»да ўтказишлари эса қарама-қаршиликни янада кучайтиради. «Интер» ўз тарихида ҳеч қачон Италия футболининг юқори дивизионини тарк этмаган ва ишқибозлар «Милан» мухлисларига жамоалари икки бор – 1979 ва 1981 йил «В» сериясига йўл олганини тинмай «эслатиб» туришади.
Буэнос-Айрос дербиси
Аргентина пойтахтида азалдан «халқ жамоаси» ва «миллионерлар» орани очиқ қилишга ҳаракат қилишади. «Бока Хуниорс» ва Ривер Плейт» - Аргентинанинг энг кучли икки жамоаси – маҳаллий чемпионатда 80 йилдан буён етакчилик қилишади. Улар дунёга Диего Марадона, Альфредо ди Стефано, Габриэль Батистута ва Марсело Салас каби футболчиларни тақдим этишган. Милан дербиси Европада машҳури бўлса, Буэнос-Айрос дербисида Лотин Америкада биринчи ўринда. Иккала жамоа ҳам пойтахтнинг Ла Бока ҳудудида пайдо бўлган. 1938 йилда «Ривер Плейт» шаҳарнинг обрўли Нуньес ҳудудига кўчиб ўтганидан сўнг «миллионерлар жамоаси» деган ном олган. «Бока» эса халқ жамоасига айланди, чунки унинг ишқибозлари оддий ишчилар ва италиялик эмигрантлар эди. Ушбу жамоаларнинг ўйини «суперклассико» деб номланади. Қизил-оқ — «Ривер-плейт», кўк–сариқ — «Бока хуниорс». Айтиш жоизки, мазкур жамоалар фанатлари ўртасида ҳеч қачон дўстлик бўлмаган ва бўлмайди ҳам. «Бока» фанатлари рақибларини қўрқоқ санаб, «гальинас» (жўжалар) деб аташади. «Миллионерлар» эса рақибларини «лос пуэркос» (чўчқалар) деб “сийлашади”, чунки «Бока»нинг стадиони эса камбағал ҳудудда жойлашиб у ердан қўлланса ҳид келади. Ўйинлар кўпинчалик мухлислар уруши билан тугайди. Бу ишда «Ривер-плейт»нинг «лос боррачос дель таблон» (“кўчадаги пиёнисталар”) деб номланувчи ишқибозлари алоҳида жонбозлик кўрсатишади..
Босфор жанги
Бир жамоа Осиёда иккинчиси Европада жойлашган бўлса, уларнинг ўйинини дерби деб бўладими? Албатта бўлади, агар бу жамоалар Истанбулнинг Босфор бўғози билан иккига бўлинган «Галатасарой» ва «Фенербахче» бўлса. Шаҳарнинг Европа қисмида жойлашган «Галатасарой» француз мактаби қошида ташкил этилган. «Фенербахче» эса шаҳарнинг Осиё қисмида жойлашган бўлиб, унинг ишқибозлари асосан ишчилар синфидир. Диққатга сазоварлиги шундаки, ушбу жамоанинг тузилиши сир тутилган, чунки шариат пешволари аввалига ёш туркларга футбол ўйнашни тақиқлашган. Иккала жамоанинг ишқибозлари жаҳоннинг энг шовқин солувчи мухлислари унвонига номзодлик қиладилар. Истанбулга келган Европа жамоалари «Жаҳаннамга хуш келибсиз!» деган ёзувларни кўришлари мумкин. Шундай экан, дерби вақтида қандай атмосфера ҳукм суришини тасаввур қилиш қийин эмас. Аммо Туркиянинг энг муваффақиятли жамоаси – «Галатасарой». У турк жамоаларидан биринчи бўлиб, УЕФА кубогини қўлга киритган.
Қизил-мовий Манчестер
Икала жамоанинг тарихи ҳам шон-шуҳрат саҳифалари билан безатилган. Аммо, йигирманчи асрнинг эллигинчи ва етмишинчи йиллари бошида «Манчестер Сити» қизил-оқ рақибига қараганда кучлироқ бўлганлигини кўпчилик билмаса керак. Тақдир ҳазилини қарангки, бир мавсумда айнан «Сити» «МЮ»ни қуйи дивизионга тушириб юборган. Бироқ вақт ўтиб, замонлар ўзгарди. Саксонинчи йилларнинг бошида энди «Манчестер Сити» ўзи қуйи дивизионга йўл олди. Тўқсонинчи йиллардаги «қизил иблислар»нинг муваффақиятлари сабаб дерби ўз аҳамиятини йўқотди. Лекин, кейинчалик «шаҳарликлар» Англия премер-лигасига қайтганларидан сўнг яна жанг бошланди. Агар Ливерпуль шаҳридаги оиланинг бир аъзоси «Ливерпуль»га бошқаси «Эвертон»га мухлислик қилса, Манчестерда бундай бўлиши мумкин эмас. Оила ё «қилил», ёки «мовий» бўлиши керак. «Сити» мухлислари «Сизлар умуман Манчестер жамоаси эмассизлар», деб рақибларинининг жонига тегишни яхши кўрадилар. Уларнинг гапларида жон бор, чунки «МЮ» ўйнайдиган “Олд Траффорд” Мачестер шаҳри ҳудудига кирмайди. Яна бир факт: «Сити» ишқибозларининг кўпчилиги Манчестерда истиқомат қилсалар, «МЮ» мухлислари ўйин учун турли нуқталаридан ташриф буюришади.
Мерси дарёси бўйидаги жанг
Дунёга машҳур «ЛИверпуль» жамоаси молиявий баҳс натижасида юзага келган. 19 асрда Энфилд ҳудудидаги стадионда «Эвертон» ўйнар эди. 1892 йилда стадионнинг хўжайини ижара шартномасини узайтиришдан бош тортади. Жамоа янги аренага, «Гудисон парк» стадионига кўчиб ўтади. «Энфильд» стадиони хўжайини эса шотланд футболчиларидан ўзининг «Ливерпуль» жамоасини ташкил этади. Ўтмишда Мерсисайд графлиги дербиси дўстона вазиятда ўтган: эски фотосуратларда «Эвертон»нинг кўк футболка кийган мухлислари «Ливерпуль»нинг қизил кийимидаги мухлислари билан тушган суратлари бор. Ливерпуль оилаларида кўпчилик ота-оналар ва болалар бошқа-бошқа жамоаларга кўнгил беришган. Дўстона муносабатлар 1989 йил Хиллсборода фожиали якун топди. Англия кубогининг ярим финалида «Шеффилд Уэнсдей» жамоаси стадионида «Ноттингем Форест»га қарши кечган ўйинда «Ливерпуль»нинг 96 мухлиси ҳалок бўлди. «Эвертон» мухлислари ушбу фожеадан рақибларидан кам таъсирланмаган бўлсаларда, жамоалар ўртасидаги муносабатлар бузилди.
Глазго дербиси
Шотландиянинг «Глазго Рейнжерс» ва «Селтик» жамоаларининг дербисида ўзига хос хусусият бор: бу ишга дин аралашган. «Селтик» 1888 йил Глазгонинг шарқида ирланд муҳожирлари – католиклар томонидан ташкил этилган. Клубнинг тузилишидан асосий мақсад хайрия ишлари, яъни таҳқирланган ва кам таъминланган ирландиялик оилаларга ёрдам бериш бўлган. «Рейнжерс»га мухлислик қилувчи протестантлар буни ўзларига чақириқ деб билдилар. Футбол борасида «Селтик» католик илдизларга эга бўлган Эдинбургнинг «Хиберниан» жамоаси ёрдам берди. Эдинбургдан Глазгога бир неча ўйинчилар кўчиб ўтишди. Шундай қилиб, машҳур рақобат пайдо бўлди. Аввалига, дербининг диний хусусиятларига катта аҳамият қаратишмаган. Протестант-католик омил анча кейин пайдо бўлган. Иш шу даражага бориб етдики, «Рейнжерс» таркибидаги биринчи католик ўйинчи Ж.Мо бўлиб, у айнан 1989 йил «Селтик»дан ўтган. «Глазго Рейнжерс»нинг бу воқеадан ғазабга тушган мухлислари ўз йиллик абонементларини барчанинг кўз ўнгида ёқиб юборганлари жаҳон экранларида намойиш этилди. Ҳозирда иккала жамоада ҳам легионерлар бор, аммо асрлик рақобат тарихи ёққан олов сўнганича йўқ.
Бундан ташқари жаҳоннинг энг кучли дербиларига сўзсиз қуйидагилар киради: Италияда «Ювентус» - «Торино», «Лацио» - «Рома», Испанияда «Реал» - «Атлетико» (Мадрид), «Барселона» - «Эспаньол», Англияда Лондон дербиси (аниқроғи дербилари) ҳам анча жиддий тус оладиганлардан «Челси», «Арсенал», «Тоттенхэм». Туркияда «Галатасарой» ва «Фенербахче» Истанбул дербисига «Бешиктош» ҳам қўшилади...
Бу ажойиб дерби ўйинлари яқинлашган сари «Буюк жанг яқинлашмоқда!» - мазмунидаги мақолалар эълон қилина бошлайди ва ўйин ҳақидаги баҳс-мунозаралар, муҳокамалар учрашувдан сўнг ҳам давом этади. Жамоаларнинг баҳси чемпионат жадвалининг нечанчи ўринда бораётганидан қатъий назар воқеалар рейтингида биринчи ўринга чиқади ва бу шаҳар жамоалари пайдо бўлгандан бери дунё аҳлини ўзига тортиб келмоқда.
Турдибой Султанов (TURDIBAY никли мухлис).
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).