Ҳеч кимга сир эмаски, “Нефтчи” жамоаси томошабин йиғиш бўйича доимо етакчи. Фарғонадаги ўйинларда стадион ҳар доим мухлислар билан тўлади. Мавсум арафасида кўпчилик Саркисян шогирдлари уй учрашувларини қаерда ўтказишига қизиқтираётганди. Чемпионат бошлангач, барчаси ойдинлашди. “Нефтчи” ушбу мавсумни ҳам қадрдон стадионида ўтказади. Биз эса “Фарғона” марказий стадиони директори Виктор Черноштан билан суҳбатлашдик.
Миш-мишлар асоссиз
Кўриб турганингиздек, “Нефтчи” янги ўйингоҳ битгунча “Фарғона” марказий стадионида ўйнайди. Мухлис орасида тарқатилган хабарларда ҳеч қандай асос йўқ.
“Шуни айтишим жоизки, янги ўйингоҳ битгунча барча ўйинлар бизнинг стадионда ўтади. Лекин айрим мухлислар “Нефтчи” бошқа жойда ўйнар экан деган нотўғри маълумотларни тарқатишди. Бу миш-мишлар асоссиз”, дейди Виктор Иванович.
Садоқатли мухлислар
Юқорида тилга олиб ўтганимидек, “Фарғона” стадиони томошабин йиғиш борасида етакчи саналади. Ҳар бир учрашувда ўйингоҳга 10 мингдан ортиқ мухлис ташриф буюради. Бунинг сири нимада? Стадионда мухлислар учун қандай қулайликлар яратилган?
“Мухлислар учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Ишқибозлар бемалол ўйинга кириб томоша қилишлари мумкин. Томошабин йиғиш борасида ҳеч қандай сир йўқ. Шунчаки, “Нефтчи”нинг садоқатли иқибозлари кўп. Улар ҳар қандай ҳолатда ҳам жамоани қўллаб-қувватлаб туришади. “Нефтчи”нинг ютуғи айнан шунда бўлса керак”, деб сўзини давом этди стадион директори.
Томошабинлар сиғими
Сўнгги пайтларда “Фарғона” ўйингоҳига қанча томошабин сиғиши барчани қизиқтириб келади. Бундан бир неча йил олдин қайдномаларда 20-25 минг томошабин деб ёзиларди. Охирги йилларда эса 14 минг мухлис ташриф буюргани эътироф этилмоқда. Хўш, стадион ўз бағрига қанча мухлисни сиғдиради? Бу борада аниқ жавобни стадион раҳбаридан бошқаси бера олмаса керак.
“Тўғри айтасиз, мухлисларни ҳар доим стадионимизга нечта мухлис ташриф буюргани қизиқтириб келган. Айни дамда ўйингоҳимизга 13050 нафар томошабин сиғади. Олдин сал кўпроқ эди. Пластик ўриндиқ ўрнатганимиздан кейин мухлислар сиғими бироз камайди. ОФК талабига кўра, стадионда камида етти минг мухлисга мўлжалланган пластик ўриндиқ бўлиши лозим экан. Шунинг учун бир томонга шундай ўриндиқларни ўрнаштирдик”.
Пуллар қандай сарфланади?
Футболда пул масаласи доимо мухлисларни қизиқтириб келган, десак муболаға бўлмайди. Томошабинлардан тушган маблағ кимга тегишли ва у нималарга сарфланади. Бу борада Виктор Иванович қуйидагиларни айтиб ўтди: “Стадион тўлиқ клубга тегишли. Шундай экан, мухлислардан тушган маблағни “Нефтчи” бемалол сарфлаш мумкин. Лекин у бизнинг ҳисобимизда туради. Даромаднинг бир қисми хафвсизлик хизматларига ва коммунал тўловларга ҳам сарфланади. Қолаверса, ҳар йили мавсум бошида стадиони таъмирлаш учун 50 миллион сўм атрофида харажат қиламиз. Бундан ташқари, ишчиларимизнинг маошлари ҳам бор. Барчасини ўзимиз ишлаб топамиз”, деди Черноштан.
Комиссия қониқди
Яқинда ОФК ва ПФЛ ходимлари мамлакатимиздаги стадионларни кўздан кечиришди ва тегишли маслаҳатларни беришди. Мутасаддилар “Фарғона” стадионига қандай баҳо беришди? Камчиликлар нимадан иборат? Қанақа маслаҳатлар берилди? Бу саволга Виктор Ивановичнинг жавоб шундай бўлди:
“Доимгидек комиссия аъзолари стадионимизга яхши баҳо беришди ва ўйинларни ўтказишга тайёр дейишди. Тўғри камчиликлар ҳамма жойда бор. Бир сўз билан айтганда, комиссия аъзолари стадионимиздан қониқиш ҳосил қилишди”.
Табло нима бўлади?
“Фарғона” марказий ўйингоҳининг таблоси ҳар доим энг оғриқли нуқталардан бири саналади. Стадион қачон электрон таблога эга бўлади?
“Ҳозирча таблода ўзгариш бўлмайди. Янги ўйингоҳга кўчиб ўтамиз, шунинг учун электрон табло ўша ерда қўрилади. Демак бу йил ҳам эски таблодан фойдаланишга тўғри келади”, деб сўзини якунлади стадион директори.
Аброр Деҳқонов суҳбатлашди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).