Азамат Абдураимов: «Ўйин борасида ютқазмадик»
Мамлакат Кубоги доирасида “Андижон” жамоасини ўз майдонида Тошкентнинг “Локомотив” клубини қабул қилиб 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Учрашувдан сўнг “Андижон” бош мураббийи Азамат Абдураимов ўйин тўғрисида ўз фикрини билдирди.
— Жамоам кўрсатган ўйиндан ва шогидларимнинг ҳаракатидан қониқиш ҳосил қилдим. Албатта, натижадан кўнглим тўлмади. Биргина кичик хато эвазига имкониятни бой бердик. Учрашувда ҳимояда ўйнашни мақсад қилмагандик ва қарши ҳужумларга таянган ҳолда гол уришни ўйлагандик. Бу йил биринчи лигада иштирок этаяпмиз ва бугун мамлакатимизнинг энг кучли клубига қарши тўп сурдик. “Локомотив” таркибида кўплаб футболчилар миллий терма жамоа аъзолари саналишади. Мана шундай кучли рақибга қарши баҳсда ўз имкониятларимизни текшириб олдик. Гарчи мағлубиятга учраган бўлсак-да, ўйиндан кейин ечиниш хонасида футболчиларни кўнглини кўтариб, мен учун ғалаба қозондинглар деб айтдим. Чунки улар ғалабага бўлган иштиёқни ва характерни кўрсатишди. Шунинг учун шогирдларимга эътирозим йўқ.
Ўйинга тўғри тактика танлагандик. Рақибимиз бизга қарши иккита ҳужумчи билан ўйнагани боис 5 нафар ҳимоячини таркибга киритгандим. Биринчи таймда хатога йўл қўймадик. Албатта, сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юбориб мағлубиятга учраш аламли. Голдан кейин ҳам ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилдик. Лекин вақт етмай қолди.
Манба: www.andijon-pfc.uz
Киритилди: 13:51, 07.04.2013. Ўқилди: 3463 марта. Фикрлар: 1 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).