Жан Пьеро Гасперини жорий йилга қадар узоқ мураббийлик фаолиятида бирор турнирда ғалаба сурурини тотмаганди.
«Аталанта» эса нақ 61 йилни ўз ичига олган катта даврни совринсиз ўтказди якунланган мавсумнинг сўнгги паллаларига қадар. Боз устига, бергамоликлар Италия кубоги финалида Гасперини раҳбарлигида 3-марта мағлубиятни тан олишди. Энди ўйланг, шу жамоа Бундеслигада чемпионликни нишонлаган, 361 кун давомида мағлубият нима эканлигини билмаган «Байер»га қарши ЕЛ финалида қандай имкониятга эга эди? Ҳатто айрим экспертлар Гасперини финалдаги яна бир мағлубиятни қабул қилишга тайёргарлик кўргани, аввалдан шогирдлари онгига ЕЛ финали натижаси ҳеч қандай аҳамият касб этмаслигини сингдирганини тахмин қилишгача боришди. Уларнинг якуний хулосаларига кўра, «Аталанта»нинг Дублин финалида майдонга тушишининг ўзи мураббий учун ўзига хос ғалаба ҳисобланарди. Лекин амалда Гасперини жамоаси бу сафар енгилмади, аксинча, енгилмас рақибини «тиз чўктирди» важоҳат билан.
***
«Аталанта» 2010 йили Антонио Перкасси мулкига айланган пайт клуб «В» серияда ўйнарди, қолаверса, майдон ва унинг ташқарисида муаммолар гирдобида қолганди. Жамоа олдидаги дастлабки вазифа элитага қайтиш ва мустаҳкам жой олиш эди. Қизиғи, Перкасси ҳозир ҳам ҳар мавсум арафасида асосий мақсади жамоанинг қуйи лигага тушиб кетмаслигини таъминлаш эканлигини бот-бот таъкидлайди. Уни тушуниш қийин эмас - «Аталанта» овлоқ провинция жамоаси, стадиони атиги 15000 мухлисга мўлжалланган. Қолаверса, жамоа асосан футболчилар трансфери орқали кун кўради, тўғри, йиллик даромади чамаси 200 млн. еврога етади. Умуман, Бергамо клуби молиявий кўрсаткичлар бўйича Италиянинг ўзида ҳатто кучли 20таликдан ҳам четда. Шунга қарамай, «Аталанта» охирги 5 йилда 3 марта ЧЛда қатнашди ва бу сафар ЕЛ ғолибига айланди тарихда илк марта. Энг ҳайратланарли ва эътирофга лойиқ томони, Гасперини жамоаси ўта дадил, ҳужумкор ўйин услуби эвазига муваффақият маррасига қадам қўйди.
***
2016 йил октябрь. «Аталанта»нинг «Кротоне»га қарши ўйини арафасида клуб бошқарувини қўлга олганига кўп бўлмаган Жан Пьеро Гасперини ўз уйи ёнида нотаниш кишига дуч келади. Мураббий дастлабки 5та ўйинда 4та мағлубият қайд этилганини назарда тутиб, ундан аёвсиз танқидий фикрлар кутади. Лекин ўша кимсадан мутлақо қарама-қарши фикрлар эшитади: «Ғояларинг менга ёқди. 5та ўйиндаёқ бу ерда муваффақият қозонишингга амин бўлдим». Гасперини кейинчалик ўз интервьюларидан бирида бу воқеани алоҳида эслаганди: «Очиғи, ўша одам мақтовини калака ўрнида қабул қилгандим. Ҳар ҳолда, у устимдан кулаётгандек туюлганди». «Аталанта» эса «Кротоне» устидан 3:1 ҳисобида устун келади. Гасперинининг айтишича, айни шу ғалаба уни муқаррар истеъфодан сақлаб қолганди. Асосийси, мураббий шу аснода чин дўст топади: «Кейинчалик ўша кишини тасодифан яна учратдим, у мени меҳмондорчиликка чақирди ва мўъжазгина уйида лаззатли ризотто билан сийлади. Ҳозир Паоло энг яқин дўстларимдан».
Умуман, Гасперинининг самарали фаолиятида мухлислар ва Перкасси оиласининг қўллаб-қувватлаши муҳим роль ўйнади. Албатта, мураббийнинг ўзига юксак ишончи, танлаган футбол фалсафасига оғишмай амал қилиши ҳам таҳсинга лойиқ. Бергамоликлар якунланган мавсум «А» серияда етакчи бешликдан жой олиб, ЧЛ йўлланмасини нақд қилдилар. Шунингдек, Италия кубогида финалгача кўтарилиб, «Ювентус»га 1тагина гол фарқи билан имкониятни бой бердилар. Бу - атиги 29 млн. еврога тенг маош жамғармаси билан фаолият юритаётган тежамкор жамоа учун ўта яхши натижа. Таққослаш учун, «Ювентус»да маош харажати 74,1 млн. еврони ташкил этди.
***
Мураббийнинг ўзи ҳам қайта-қайта таъкидлайди: «Аталанта»нинг юксак парвози Перкассилар оиласи кўмагисиз амалга ошмасди». Оила бошлиғи тўқимачилик ва косметика саноатида самарали фаолият юритаётган бадавлат инсон. Бироқ 24 ёшида футболдан мажбуран кетган собиқ ҳимоячининг ҳамёни қимматбаҳо футболчиларни сотиб олишни кўтаролмайди. Перкасси барчасини назарда тутган ҳолда, ўта эҳтиёткорлик ва пухта ҳисоб-китоб билан иш юритади. Ҳозирда футбол клубини шу қадар омилкорлик билан бошқариш бобида унинг олдига тушадиган функционер нафақат Италия, балки бутун Европада ҳам йўқ. «Аталанта» айнан Перкассининг саъй-ҳаракатлари эвазига узоқ йиллардан буён фойда билан чиқяпти, дейлик, ўз стадионига ҳам эга бўлди. «А» серияда атиги 5та клубда шахсий аренаси борлигини айтсак, бу катта иш эканлиги ойдинлашади. Перкасси эса энди стадионни УЕФА талабларига жавоб берадиган даражага олиб чиқишга уринмоқда, таъмирлаш ишлари янги мавсум бошланиши арафасида ниҳоясига етади. Шу тариқа арена 25000 мухлисни қабул қиладиган ҳолатга келади.
***
Оддий савол: «Аталанта» чекланган ресурслар шароитида муваффақиятга қандай эришмоқда? Асосан, ёш иқтидорларни излаб топиш ва ривожлантириш эвазига! Италиянинг бошқа бирор клуби трансферлар бозорида «Аталанта»чалик сифатли ишлай олмайди. Перкасси клуб президенти лавозимида иш бошлагач, аввало, клубда ёш иқтидорлар учун зарур шарт-шароит ва яхши муҳит яратиш мақсадида «Комо»дан кўпчиликка нотаниш Фермо Фавинини жалб этганди. Ўша вақт бу танловга ҳеч ким эътибор ҳам қаратмагани рост. Ҳозир эса Фавини бошқарувидаги «Аталанта» академияси Италияда энг сермаҳсул билим ўчоғи ҳисобланади. Гасперини ҳам клуб имкониятларидан максимал даражада фойдаланишга одатланган. Франк Кессие, Андреа Конти, Роберто Гальярдини, Маттиа Кальдара ва Алессандро Бастони каби жамоа шарафини муносиб ҳимоя қилган футболчилар вақтида трансфер қилинган ва бундан ғазнага катта маблағ тушган. Шунинг баробарида жамоа муҳим ўйинларда майдонга тушишга улгурмаган ёш иқтидорларни пуллашга ҳам уста. Бунга мисол тариқасида Деян Кулушевски ва Амад Диалло трансферини айтиш мумкин. Шунингдек, «Аталанта» трансферлар бозоридаги аниқ иш тизими ортидан ҳам катта фойда кўради. Мисол учун, 2022 йилнинг август ойида Австриянинг «Штурм» клубидан 17 млн. еврога харид қилинган Расмус Хойлунд атиги 1 мавсумдан сўнг «МЮ»га сотилди асл қийматидан нақ 4 баравар қимматроқ баҳода.
***
«Аталанта»нинг ЕЛдаги тарихий зафари клуб тизимида шаклланган уюшқоқлик ва омилкорликдан далолат, албатта. Асосийси, дадил услуб билан расмийлаштирилган улкан ғалаба футбол олами эътиборини Бергамога буриб юборди. Бу «Аталанта» ниҳоят, қитъанинг энг сара клублари қаторидан жой олганини англатади. Гасперинини энди Хосеп Гвардиола, Юрген Клопп ва Карло Анчелотти қаторида эътироф этишмоқда. Бунда «Аталанта» ва «Манчестер Сити», «Ливерпуль» ёки «Реал»нинг молиявий имкониятлари ҳам таққосланмоқда. Хуллас, «Аталанта» футбол пулга кўмилган даврда улкан кубокни қўлга киритиш асносида барчага намуна услубни намойиш этди. Ҳа, қаловини топсанг, қор ҳам ёнади!
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).