Футбол ўйинларини бошқариб бориш қадим замонлардан бери оддийгина чарм тўп ихлосмандларига ишониб топширилишида нима сир синоат борлиги ҳам баъзида кишини ўйга толдиради. Нима сабабдан футболчи бўлмаган кишилар чарм тўп мусобақаларида қўлларига хуштак олишади? Тўғри, футбол билимдонлари бунинг сабабини очиқ ойдин баён этишган бўлсада, яна турли саволлар намоён бўлаверар экан.
Айтишларича, машҳур детектив асарлар ижодкори Артур Конан Дойл ҳам гоҳида ўйинларига бориб ҳакамлик қилишни хуш кўрган. Тўғрисини айтганимизда, футболда ишлаб ҳакамлик қилувчи инсонларга ҳам гоҳида ҳавас қилиб бўлмайди. Чунки уларни вазифалари қанчалик севимли бўлса, кези келганда, яна шунча кўнгилсиз манзараларни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис улардан ўйинларни бошқариш чоғида катта маъсулият ва эҳтиёткорлик талаб этилади. Гоҳида ўйин тизгинини қўлидан чиқариб кимнидир ноғорасига ўйнаган, қониқарсиз ҳаракат қилган «қора кийимликлар» майдонни ўзидаёқ ёки кейинчалик бўлса ҳам кимлардандир тазйиққа учраши кўп кузатилган.
Ёдингизда бўлса, 2006 йилда Қозоғистонда “Алма-ТВ” кубоги ўйинлари ўтказилиб, унинг сўнгги турида майдон эгалари ва Ўзбекистон терма жамоалари кураш олиб боргандилар. Аммо мазкур учрашувга қирғисистонлик Мешенцов исмли хакам тайинланиб, унинг ўйин мобайнида чиқарган кўплаб қарорлари майдон эгаларига хизмат қилавериши натижасида терма жамоамиз ҳужумчиси Анваржон Солиев унга хавф солиб, оёғига тепган эди.
Яна шундай ҳолатлардан бири ФИФА ҳаками - португалиялик Педру Проэнса билан кузатилган. Педру Лиссабондаги йирик савдо марказига бориб, у ердаги ресторанда мириқаб тушлик қилишни ва тренажёр залига киришни режалаштириб турганди. Аммо тажрибали ҳакамга шундоққина савдо марказини ўзидаёқ кимсалар ҳужум қилиб, унинг оғзидаги икки тишини майиб қилишади. Бундай ёқимсиз ҳолатлар кўп учраб туриши натижасиданми, Бразилиядаги йирик суғурта агентлиги ходимлари дунёдаги энг хавфли касб ва соҳалар рўйхатини тузишганида унинг биринчи қатори футбол ҳакамларига насиб этган. Нега деганда, улар хатто полициячилар, репортёрлар, таксичилар, каскадёрлар, боксчилар ва бошқаларни ортда қолдириб кетгани маълум қилинган. Масалан 2002 йили Осиё қитъасида ўтган футбол мундиалига ФИФА ҳакамлар қўмитаси Эквадордан Байрон Морено исмли шахсни таклиф этишган эди. Эквадорлик хакам Италия ва Жанубий Корея терма жамоалари ўйинини бошқариб, бор эътиборини кореяликларни кейингги босқичга олиб чиқишга қаратади ва бунинг натижасида италияликлар уйларига қайтишга мажбур бўлишади. Мундиал ўйинлари якунига етгач италиялик аламзада мухлислар хакамдан ўч олиш илинжида машҳур сицилия шахридаги янги қурилган хожатхона эшикларига “Байрон Морено хоналари” деган ёзувларни битиб қўйишади. Чарм тўп ўйинининг чиройли ва мазмунли кўриниш олишига ҳар доим ҳакамларни майдондаги холис ҳатти-ҳарактлари катта роль ўйнаши барчага аён.
Масалан, оддийгина футбол мусобақасининг тўртинчи, яъни захира ҳакамини бир эсланг. Унинг вазифаси кўпинча захира майдонини тартибга солиш ва ўйинчи алмаштиришдан иборатдек туюлади. Аммо ўша тўртинчи ҳакамга кўп нарса боғлиқ экан. Ёдингизда бўлса бундан 3-4 йил олдин Муборак шаҳрида Ўзбекистон Кубогини навбатдаги бахсида “Машъал” ва “Локомотив-БФК” жамоалари куч синашиб, унда майдон эгалари 3:1 ҳисобида ғалаба қозанишади. Аммо ўйин вақтида футболчиларни алмаштириш жараёнларини обдон кузатмаган (регламентдагидан ортиқча футболчи алмашган) тўртинчи ҳакамни хатоси учрашувнинг бош ҳакамига ва “Машъал” клубига қимматга тушган. Бош ҳакам жаримага тортилган бўлса, муборакликларга техник мағлубият ёзилган эди.
2006 йилги IFFHS футбол тарихи ва статистика йўналиши бўйича ғолиб деб топилган аргентиналик ҳакам Орасио Элизондони яна ҳам машҳур бўлиб кетишида ўша тўртинчи ҳакамнинг хизмати анча сезиларли бўлган. Орасио 2006 йилги Жахон чемпионатининг финалида майдонга тушишган Италия ва Франция терма жамоалари ўйинида юзага келган Зидан ва Матерацци ўртасидаги ғалвани яхши кўролмай қолади. Ўша учрашувга тайёрланган тўртинчи ҳакамдан Орасио Элизондо эшитиш қурилмаси ёрдамида керакли хулосаларни олиб, қоидани бузган машҳур футбол афсонаси Зайниддинни ўйин якунланишига 10 дақиқа қолганида майдондан «ҳайдаб» юборади. Дунёда техника тараққиёти кучайиб, ҳар бир соҳа ва бўғимга турли қулайликликларни тақдим этаётганини биргина спорт мусобақалари мисолида ҳам илғаб олиш мумкин. Маьлумки, 1878 йилгача футбол ўйинини бошқариб ҳакамлик қилганлар имо-ишоралари, бармоқлари ва лаблари ёрдамида ва хам керакли вазиятларда кичик қўнғироқчалар хизматидан фойдалангани хақида маълумотлар бор. Хозиргача чарм тўп усталарини диққат марказида бўлган хуштакни яралиши ҳам айни ўша йилда содир бўлган дейишади. Кейинчалик эса тиниб тинчимаган мутахассислар қизил ва сариқ карточкалар, ён ҳакамлари кўтариб юрадиган кичик байроқчалар, бир хилдаги либослар баробарида уларнинг қулоқлари ва қўлларига ультра товушли эшитиш ва овоз чиқарувчи мосламаларни ҳакамларга тақдим этишган. Бунинг баробарида ҳакамларни ҳам ўзларига юклатилган бир қатор мажбуриятлари борки, унга барча бирдек амал қилмоғи талаб этилади. Чунончи, учрашувга тайинланган ҳакамлар ўйин ташкилотчиларидан ва ҳар икки жамоа вакилларидан қимматбахо совғалар олиши (кичик вимпеллар ва байроқчалар бундан мустасно), рухсатсиз равишда ўзлари билан коптокларни олиб кетиши, бирор бир компания ва ташкилот номларини ўз либосларида реклама қилишлари қаттиқ назорат остига олинади. Биз юқорида такидлаб ўтганимиздек, қадимдан футбол ўйинларини бошқариш нимагадир футболчи бўлмаган оддий мухлисларга ва унинг ихлосмандларига ишониб топширилиб келган ва келмоқда. 2012 йили Украина ва Польша давлатлари биргаликда Европа чемпионатига мезбонлик қилишганидан хабарингиз бор. УЕФА ҳакамлар қўмитаси EURO-2012 мусобақалари бошланишидан бир йил олдин 31 та ўйинни бошқариб берадиган ўн икки нафар ҳакамни тайёрлаб қўйган. Айтганча, бундай турнирларда биринчи бора мутахассислар дарвозалар ортига қўшимча хакамлар тайинлашди. Демак, EURO-2012да ишлаган турли соҳадаги ҳакамлар билан танишинг.
Виктор Кашшаи, ватани Венгрия, 36 ёшда. Касби “савдо ишлари бўйича менеджер”. Виктор 2011 йили “Барселона” ва “Манчестер Юнайтед” (3:1) жамоалари ўртасида бўлиб ўтган финал ўйинини бошқариб, энг ёш хакам дея эътироф этилган. Дарвоқе, венгриялик хакам плей офф мусобақаларида Эстония - Ирландия терма жамоаларини майдонга бошлаб тушиб эстон футболчиларидан икки нафарига қизил карточка кўрсатиб улар дарвозаси томон 11 метрли пенальти белгилаши билан кўпчиликда норозилик ўйғотган эди.
Бьорн Кейперс, ватани Голландия. 38 ёшда. Касби “тижоратчи”. Иккита йирик супермаркет ва сартарашхона сохиби. Эътиборли томони шуки, Борьнни дадаси ва қайнотаси ҳам футбол хаками бўлгани учун уни хурмати ўз юртида қадрлидир. Украиналик Андрей Шевченко фаолияти давомида майдондан фақат бир марта четлатилган. У ҳам бўлса голландиялик ҳакам Борьн Кейперс билан боғлиқ. Негаки, шева ўз жамоаси сафида “Брага”га қарши майдонга тушиб учрашув ҳаками чалган хуштакни эшитмай қолиб тўпни дарвозага тепиши натижасида «қизил» ишлаб олган.
Стефан Ланнуа, ватани Франция. 42 ёшда. Касби “видео ўйинлар ташкилотчиси”, дилер. Стефан олдин ҳам энг эсда қолган ўйинларни бошқаргани маълум. Масалан у ЖАР 2010да ўтган мундиалда Бразилия-Кот-Д,Ивуар (3:1) термалари ўйинини бошқариб бир қатор хатоларга йўл қўйган. Жумладан Луис Фабиано ўйин давомида икки бора қўллари билан тўпга муомила қилиб дарвозани ишғол қилади. Россия – Арманистон (1:3) ўйинидан сўнг арманлар дарвозасига нохақ пенальти белгилаганини тан олган.
Жюнейт Чақир, ватани Туркия. 35 ёшда. Касби “суғурта агенти”. “Манчестер Сити” ва “Динамо” (Киев) бахсида ишлаб (1:0) тушунарсиз ҳолатда Марио Балотеллини майдонлан четлатган.
Йонас Эрикссон, ватани Швеция. 37 ёшда. Касби “журналист” бўлиши билан бирга ТВ-хуқуқлари бўйича менеджер. Словакия – Россия термалари жамоалари ўртасидаги ўйинини бошқарган (0:1). Ушбу ўйиндан сўнг руслар Европа чемпионати йўлланмасини қўлга киритишган.
Дамир Скомина, ватани Словения. 35 ёшда. Касби “брокер”. Словениялик ҳакам 2010 жахон чемпионати саралаш ўйинларида Украина - Англия (1:0) терма жамоалари баҳсини бошқариб ўйиннинг 13-дақиқасида инглизлар вакили Гринни майдондан четлатади. Кейинчалик у инглизлар дарвозасига Андрей Шевченко амалга ошира олмаган пенальти белгилаши билан ёдда қолган. Айтишларича, словениялик хакам ФИФА логотипи тасвирланган костюмини боши айланиб албаниядаги бир мехмонхонада унутиб қолдириб кетган экан.
Германиялик хакам Вольфганг Штарк “банк ходими” сифатида танилган. Ёши 42да. Банкир хакам 2007 йили 20 ёшлилар ўртасида ўтган жахон чемпионати ярим финалида Чили - Аргентина терма жамоаларини майдонга бошлаб тушдию, ўйин тугаши хамоноқ ўзи хам майдондан қочиб қолишга мажбур бўлган. Сабаби хакам ўйин давомида 53 бора ўйин қоидаси бузилганини қайд этиб, тўққиз футболчига сариқ карточка кўрсатган бўлса, икки нафар чилилик футболчига қизил карточка кўрсатган. Ўйиндан сўнг Чили термаси аъзолари бор эътиборини хакамга вазиятни тушунтириб беришга қаратган.
Крейг Томсон, Шотландия фуқароси. Касби эса адлия ходими. Яъни “адвокат”. Крейг ЕВРО-2012 саралаш мусобақаларининг 6-дақиқасида тартибсизликлар туфайли тўхтатиб турилган Италия - Сербия беллашувини бошқарган. Айтганча, ушбу хакамнинг ўзига яраша ғоялари борлигини ҳам унутмаслик керак. Яъни яшил майдондаги дарвоза ўлчамларини энига, ҳам бўйига катталаштириш тарафдори.
Испаниядан таклиф этилган навбатдаги ҳакам бу - Карлос Веласко Карбальо бўлади. Мутахассислиги “инженер”, Ёши эса 40да. Испаниялик хакам мусобақалар давомида дарвозаларга энг кўп пенальти белгилагани билан ажралиб туради. Ўтган йилги Европа лигисининг финалида икки португал клублари “Порту” ва “Брага” учрашувини бошқарган.
Ховард Уэбб 40 ёшда бўлиши билан бирга ички ишлар ходими саналади. “Полиция сержанти” чўнтагидан сариқ ва қизил карточкаларни чиқаришни яхши кўради чоғи. Чунки у ЕВРО мусобақаларида ҳам сариқ карточкаларини бошқалардан кўпроқ кўрсатгани маьлум. Айниқса Ховард Африка қитьасида ўтган мундиал финалида Голландия - Испания терма жамоалари ўйинини бошқариб хамёнидан 14 бора карточкаларини чиқариб, жахон чемпионатлари финалида ўзига хос рекорд ўрнатган. Полициячи хакам ўйин мобайнида 13 бора сариқ карточкаларини чарм тўп усталарига кўрсатиб, голландиялик Хейтингани майдондан четлатади.
Португалиялик “солиқ маслахатчиси” лавозимида хизмат қилувчи Педру Проэнса бу йилда 42 ёшини қарши олади. Унинг Европа чемпионатидаги ҳаракатларидан мутахассислар қуйидагиларни аниқлашган. Сариқ карточкалари ҳар бир беллашувга 3.71, қизил карточкалари 0.15, пенальти белгилаши 0.32 фаизга баробар экан. Юқорида келтирган хакамларни футбол оламидан ташқари касбларини кўриб чиқишимизда менеджерлар, тижоратчилар, видео ўйин ташкилотчиси, суғурта агентлари, ТВ хуқуқлари мутахассиси, брокерлар, банк ходимлари, адвокатлар, инженерлар, полициячилар, молия маслахатчилари билан бирга “архитекторлар” ҳам бор экан. Масалан, 40 ёшли италиялик хакам Никола Риццоллининг асл касби меъмор экан. Архитектор хакам ўзининг устози сифатида машҳур Пьерлуиджи Коллинани кўрсатади. Риццолли Евро-2012 чемпионатида футболчиларга кўп қизил карточка кўрсатган реферилардан бири бўлиб қолди. Чунки унинг ҳар бир ўйиндаги қизил карточкалар кўрсатиш миқдори 0.32 га тенг келган. Одатда янги футбол мавсумига ва бўлажак ўйинларга чарм тўп усталари хамда уларни мураббийлари обдон тайёргарлик кўришларини яхши биламиз. Бундай ҳолатлар яъни мавсумга тадорик кўришдек маъсулиятли синовлар, тест имтихонлари ва бошқа муҳим жихатлар футбол хакамлигида мавжуд экани сир эмас. Демоқчи бўлганимиз шуки, реферилар ўйинларни бошқариш чоғларида тажрибасидан қаътий назар яхши руҳий ҳолатда бўлишлари лозим кўринади. 1982 йилда Испанияда бўлиб ўтган мундиал чоғида майдонга Франция ва Қувайт терма жамоалари саф тортишади. Ушбу ўйинда ажойиб ва кутилмаган ҳолат юзага келади. ФИФА хакакмлар қўмитаси бу баҳсга собиқ шўролар мамлакатининг вакили Мирослав Ступарни бош ҳакам этиб тайинлаган эди. Ўйин тугашига ўн дақиқа қолган бир вазиятда 3:1 ҳисоби билан олдинда бораётган французлар рақиблари дарвозасига навбатдаги тўртинчи голини киритишга эришадилар. Фаранг футболчилари урилган голларини нишонлашиб турганларида бирдан майдонга Қувайт нефт магнати Шайх Фаад ал-Аҳмад ас-Сабоҳ жаноблари чиқиб келадида, учрашув ҳаками Мирослав Ступарга бу киритилган голни бекор қилишини талаб қилади. Акс ҳолда кувайтлик футболчилар майдонни тарк этиб ўйиндан бош тортишларини айтади. Бўлиб ўтган тортишувли вазиятлардан сўнг советлар тузумида униб ўсган Ступар қувайтликларни майдондан чиқиб кетмасликлари учун ва ўзига берилган ўйинни охирига етказиш мақсадида киритилган голни бекор қилади. Лекин ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолган бир пайтда французлар барибир тўртинчи голини киритиб ўйиндаги хисобни 4:1 кўринишига олиб келишади. Ўйиндан сўнг албатта ФИФА бу ҳолатни ўз ҳолига ташлаб қўймасдан ҳакамни дисквалификация қилади. Фурсати келганда сизларни яна бир бора 2009 йилнинг 18 ноябрини эслашга ундаймиз. Ўз кучи ва иродаси эвазига 2010 йилда Африкадаги мундиалга боиришларига бир қадам қолган ирландларни йўлига ким тўғаноқ бўлган дейсиз? Албатта уйинни бошқарган хакамда! Учрашув якунланишига саноқли дақиқалар қолган бир паллада майдон ташқарисига чиқиб кетаётган тўпни қўллари ёрдамида тўғрилаб олган Тьерри Анри уни қулай фурсатда турган Вильям Галласга етказиб беради. Галлас эса бу вазияти кўкка совурмасдан Франция-Ирландия термалари ўртасидаги хисобни 1:1 кўринишга олиб келади. Ушбу вазиятда тўп футболчининг қўлига текканини бутун дунё футбол жамоатчилиги кўради-ю, аммо рефери кўрмай қолсая! Масалан, ўйин якунлангач машҳур “ЛЕ-МОНД” газетаси ўтказган сўровнома натижаларида 89 фоиз ўқувчилар қўлга киритилган ғалабани салбий бахолаган. машҳур футбол юлдузи Эрик Кантонанинг ўзи эса Франция тарихидаги қирол Людовик 16-замонидан бери Раймон Доменек энг ёмон мураббий деб ўз фикрларини билдирган эди. Яна ким билади дерсиз, футбол оламида бирор терма жамоа ёки клублар бормикан ҳакамлардан озор чекмаган бўлса!!!
Дилшодбек ЖЎРАЕВ тайёрлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).