Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида "Насаф" жамоаси бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўз фикларини билдириб, журналистлар саволларига жавоб берди.
— Йигитлар анча ҳаракат қилишди, Ўзбекистон Кубоги 1/8 финалининг дастлабки учрашувидаги олдимизга қўйилган вазифани яхши адо этдик деб ўйлайман, — дейди бош мураббий.
— Учрашув иккинчи бўлимида жамоа ташаббусни рақибга бериб қўйгандек бўлди.
— Бу биз ўйлаган тактика эди, рақибни ҳужумга ўтказиб, қарши ҳужумда жазоламоқчи эдик.
— Учрашув натижасига кўра, Кубок мусобақасининг 1/4 финали ҳал бўлди деб ҳисоблайсизми?
— Йўқ, ҳали олдинда жавоб учрашуви турибди, албатта бизнинг мақсадимиз Кубок учун курашни яна давом эттириш, биз шунинг учун ушбу мақсадимизни амалга оширишга ҳаракат қиламиз.
— Жамоанинг ёш ҳужумчиси Санжар Баратовни негадир жамоа ўйинларида кўрмаяпмиз, унга нима бўлган?
— Санжар Туркияда бўлган йиғинда озроқ оёғидан жароҳат олган эди, шу туфайли у ҳозирча ҳатто ўринбосарлар таркибида ҳам майдонга тушгани йўқ. Биз унга жароҳатдан тўлиқ қутулиши учун имкон берганмиз, умид қиламанки, у кейинги ўйинларда албатта майдонга туширилади. Чунки у жамоамизнинг умидли ўйинчиларидан бири ҳисобланади.
Улуғбек Яҳёев тайёрлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).