Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси юртимизда спортни ривожлантириш, мусобақалар ўтказиш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, инвестициялар киритиш борасида муайян ишлар олиб бормоқда.
Бу кўплаб комплекс мусобақалар дастурига киритилаётган киберспорт ривожини мамлакатимизда янги босқичга олиб чиқиш ва Ўзбекистонда нуфузли мусобақаларни ўтказиш учун кенг имкониятлар тақдим этади.
Аҳамиятлиси, мазкур йўналишдаги энг йирик ҳамкорлик ПУБГ МОБИЛE асосчиси — “Tencent”компанияси билан амалга оширилмоқда.
МОҚнинг кўмагида ташкил этилаётган лойиҳа доирасида компания 4 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритади.
Бу маблағ мусобақалар ташкил этиш, инфратузилмани кучайтириш каби мақсадларда сарфланиши кўзда тутилган.
Қайд этиш жоиз, 9–13 апрель кунлари “ЗЎР ТВ” телеканалига қарашли “Renaissance Hall” майдонида Pubg Mobile бўйича халқаро турнир бўлиб ўтади.
Унда 15 давлатдан 1000 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашади. Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 500 000 АҚШ долларини ташкил этади.
Бу нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё ҳудудида Pubg Mobile оламадаги энг йирик турнир бўлади. “Tencent” компанияси вакиллари бу сабаб юртимизни минтақанинг киберспорт бўйича маркази дея таъриф берди.
Шунингдек, мусобақа ҳомийлари томонидан ғолиблар учун пул мукофотидан ташқари, автомобиллар ҳам тақдим қилинади.
Тадбир арафасида МОҚ раҳбарияти — биринчи вице-президент Отабек Умаров ва Бош котиб Ойбек Касимов мусобақага тайёргарлик бўйича Ўзбекистон киберспорт ассоциацияси вакилларининг ҳисоботларини эшитиб, ташкилий масалалар бўйича қатор топшириқлар берди.
Мусобақа МОҚнинг киберспорт йўналишидаги фаолиятини кучайтириш ва унга инвестиция жалб қилиш стратегияси йўлида муҳим қадам бўлди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).