Янги мавсумга қаратилган тадорик ишларининг якуний қисмини Жанубий Кореяда олиб борган «Барселона» Сеулда жойлашган Four Seasons меҳмонхонасини вақтинча клуб базасига айлантирди. Футболчилардан эса бор эътиборни машғулотларга қаратиш баробарида вақтида дам олиш сўралди, шунингдек, уларга матбуот билан мулоқотни чеклаш тавсия этилди. Шунга қарамай, Sport нашри журналистлари «Сеул» - «Барселона» назорат ўйини (3:7)дан сўнг бразилиялик вингер Рафинья билан 15 дақиқача гаплашиш йўлини топишди.
- Бундан 3 йилча олдин Даллас шаҳрида Sport наш-ри учун илк марта интервью берган эдингиз. Мана, энди Сеулда яна кўришиб турибмиз. Айтингчи, ўша учрашувимиздан буён қайси орзуларингиз ушалдию, нималар ўхшамади?
- Умуман олганда, орзуларим беҳисоб. Улардан бири «Барселона» либосини ки-йиш ва лоақал шартномам муддати тугагунча клубда қолиш эди. Ўтган мавсум охирида эса ўртадаги келишув вақтини узайтирдик. Демак, барчасини тўғри бажаряпман. Хулоса шуки, орзуларим аста-секин амалга ошмоқда.
- Хўш, Рафинья шу 3 йил ичида нечоғли ўзгарди?
- Профессионал фаолиятим бошланган пайтдаёқ олдимга юқори марраларга чиқиш мақсадини қўйганман - етук футболчи бўлиш, чиройли ўйин намойиш этиш. Шу интилиш ва иштиёқ ҳалигача ўзгармади. Оддий айтганда, ҳамон ўша Рафиньяман.
- Энди «Барселона» сардорисиз...
- Очиғини айтаман, буниси орзу эмасди. Умуман, шу пайтга қадар жамоани сардор сифатида майдонга бошлаб тушиш ҳақида ўйламаган эканман. Ҳаммаси кутилмаганда рўй берди: йигитлар кийиниш хонасида мени етакчи сифатида танлашди. Табиийки, буни кўриш жуда ёқимли ҳиссиётлар бағишлади.
- Сизнингча, дарвозабон тер Штеген ҳам сардорлар қаторида қолиши керакми?
- Менга қолса, ҳа. Лекин «Барселона»да бу масалани футболчилар эмас, мураббийлар штаби ва раҳбарият ҳал қилади. Бошқа томондан қарасак, футболда ёзилмаган қонуниятлар кўп ва охир-оқибат, уларга бўйсинишга мажбурмиз. Бордию, тер Штеген сардорлар қаторидан чиқарилган тақдирда ҳам, у мен учун чин етакчилардан бири бўлиб қолаверади.
- «Барселона» футболчилари майдонга шундай иштиёқ билан тушиб келишадики, Ханс-Дитер Флик сизларни қандай руҳлантираётганини билиш ғоят қизиқ...
- Бош мураббий бизга «Барса» либосида ўзимизни кўрсатиш имкониятини бераётганининг ўзи - катта мотивация. Қолгани футболчиларнинг ўзларига боғлиқ. Фикримча, кимдир жамоада ўйнаш учун етарли иштиёқи йўқлигини сезса, унда омадини бошқа жойдан қидиргани маъқул.
- Маркус Рэшфорднинг келиши ортидан позиция учун рақобатчиларингиз кўпайишди...
- Биласизми, «Барселона»да ўйнаш ҳар қандай рақобат ва босимга тайёр туриш кераклигини англатади. Шунингдек, рақобатчилар қанчалик кўп ва кучли бўлишса, шунча яхши. Чунки соғлом муҳитда ҳар бир футболчи бошқаларнинг ўсишларига ёрдам беради. Агар ғалаба қозониш ва совринларни қўлга киритишни истасак, мавжуд ҳолатга худди шундай ёндашишимиз шарт.
- Ҳозирги таркиб сиз келган пайтдан буён йиғилган энг кучлисими?
- Менимча, «Барселона» ҳамиша сифатли таркибга эга бўлган - буни ҳеч ким инкор этолмайди. Тўғри, клубга келгач, биринчи мавсумда бор-йўғи 2та соврин ютгандик, вақт ўтиши билан уларнинг сони кўпайди. Ҳа, орада муваффақиятсизликлар ҳам кузатилди, аммо буни таркибда тўпланган футболчилар салоҳияти билан боғламасдим. Эътибор берсак, бу даврда мураббийлар алмашишди, ёшлар улғайишди ва барчаси ўз ўрнига тушди.
- Ўтган мавсум фаолиятингиздаги энг яхшисими?
- Шубҳасиз. Лекин шу билан тўхтаб қолиш йўқ. Янги мавсумда аввалгисига нисбатан яхшироқ натижа қайд этишни кўзлаяпман.
- Чемпионлар Лигасини ҳам соғингандирсиз...
- Бу турнирда ғалаба қозониш энг катта орзуларимдан бири ва асосий мақсадимиз ҳам шу. Ишончим комил, жамоадаги барча йигитлар клуб тарихида 6-март «шалпангқулоқ»ни қўлга киритиш иштиёқида ёнишмоқда. Насиб этса, янги мавсумда ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқарган ҳолда, ЧЛ тахтига чиқиш учун бор салоҳиятимизни ишга соламиз.
- Ўтган мавсум келишув муддатини узайтирдингиз ва унга кўра, энди клубда яна 3 йил ўйнайсиз. Қизиқ, келажак режаларингиз қандай?
- Агар клуб ўйинларимдан қониқса ва ҳамкорликни давом эттиришни истаса, кўпроқ муддат қолишга тайёрман. Бордию, шу вақт ичида бор салоҳиятимни ишга сололмасам, жамоага талаб даражасида наф келтиролмаётганимни сезсам, унда кетиш ҳақида ўйлашим мумкин. Айни пайт ўзимни жисмоний ва тактик томонлама яхши ҳис қиляпман. Қолганини вақт кўрсатади.
- Аввалги мавсум манзараси: 4та «класико»да 4та ғалаба. «Барселона» ниҳоят, «Реал»ни доғда қолдириш йўлини топгандек, гўё...
- Тўхтанг, ўтган мавсум ортда қолди, ундаги ғалабалар тарихга айланди. «Класико»лар эса бутунлай бошқа ҳикоя. Қолаверса, ҳар бир ўйиннинг ўзига хос мураккабликлари бор ва «Реал»га қарши «дуэл»лар бундан мустасно эмас. Эҳтимол, кимгадир охирги «класико»лардаги ғалабалар осонгина қўлга киритилгандек туюлар, лекин аслида ундай эмас. Зеро, ҳар бир қарама-қаршилик ўз ҳаёти ва ҳикоясига эга.
- Сизни допинг қабул қилганликда айблашаётганидан хабарингиз борми?
- Кечирасиз, нима?
- Допинг... Билакларингиздаги бандажлар туфайли.
- Наҳотки... (кулади). Баъзида одамлар ижтимоий тармоқларда эътибор тортиш учун хаёлларига нима келса, шуни қилишади. Афсуски, ҳозирги замонда бемаъни гапларни тарқатиш ёки кимнидир турли важ-карсонлар билан айблаш орқали шуҳрат қозониш одат тусига кирмоқда. Лекин соғлом фикрлайдиган киши кимнидир муайян масалада айблашдан олдин лоақал воқелик моҳиятини суриштириб кўриши лозим. Афсус, кўпчилик бу ҳақда ўйламайди ҳам.
- Муваффақиятли мавсумдан сўнг «Олтин тўп» «Барселона» вакилига берилиши керакми, сизнингча?
— Асосийси, мукофот ўзининг муносиб эгасига топширилса, ҳеч кимда эътироз туғилмайди. Очиғини айтсам, мен учун «Олтин тўп» чиндан ҳам, жаҳоннинг энг яхши футболчисига бериладиган мукофот эмас. Номзодлар қаторида борлигимни биламан, лекин мақсадим бошқа - аввало, оилам, яқинларим ва фарзандларим учун дунёда энг зўри бўлиш! Зеро, уларнинг фикрлари мен учун ҳамиша алоҳида аҳамият касб этади.
- Даъвогарлар қаторида Ламин Ямал ҳам бор...
- Ламин ўтган мавсум бу мукофотга ҳар томонлама муносиб ўйин кўрсатди, катта ғалабаларга эришди. Агар соврин унга топширилса, бу келажакда ўз устида янада яхшироқ ишлаши учун мотивация ўлароқ хизмат қилади.
- Тушунарли. Бошингиздаги боғич буюк Роналдиньога тақлид нишонасими?
- Йўқ, асло, шунчаки, сочларим узун ва уларни тартибга келтириш учун боғичдан фойдаланаман.
Манба: barcamania.com, Х.ЮСУПОВ тайёрлади