20 йилдан кўпроқ вақт давомида жаҳон футболи ихлосмандларини қоқ икки тарафга ажратиб қўйган буюк афсоналар - Криштиану Роналду ва Лионель Месси асос солган улуғ давр якунланаётгани кишини алланечук ҳис-туйғуларга ундаса, саҳрода порлаётган жавоҳир каби кўзга ташланаётган келажак юлдузлари кўнгилларга беихтиёр таскин беришади. Ҳозирги ёш авлод учун аллақачон чин кумирга айланган шундай ёрқин истеъдодлардан бири - бу Килиан Мбаппе, шубҳасиз. «Реал» етакчиси яқинда Франциянинг L’Equipe нашрига махсус интервью берди. Франциялик голеадор суҳбат давомида жумладан, муваффақиятсизликни асло қабул қилолмаслигини таъкидлади, собиқ клуби - «ПСЖ»нинг ЧЛда зафар қучганига муносабат билдирди. Шунингдек, Килианнинг онаси ҳам суҳбатга қўшилиб, ўғли босиб ўтган йўлга доир баъзи маълумотлар билан ўртоқлашди.
Эркинлик ва хатолардан чиқарилган хулоса. «Футбол - хатолардан иборат ўйин, унда ҳамма ҳам адашади. Агар муваффақият истасангиз, эътиборсизлик ёки масъулиятсизликка йўл қўймаслигингиз лозим. Одатда етук футболчиларни айнан вазиятлардан тўғри хулоса чиқаришлари учун қадрлашади. Шахсан ўзим ҳам майдонда ҳамиша чидамли бўлиш ва барчасини назорат остида ушлашни истайман. Шунда ғалабалар ўз-ўзидан келаверади. Табиатан муваффақиятсизликни ҳеч қачон оддий ҳолатдек қабул қилолмайман. Шунинг учун бу борадаги танқидлар мени асло ташвишга солмайди. Айтишим керак, ўзимга нисбатан ўта талабчанман».
Пулнинг ҳалокатли кучи. «Пулингиз қанча кўпайса, шунча кўп муаммога дуч келасиз. Оддий айтганда, катта пул ҳаётингизни гўзаллаштириши баробарида бутунлай бузиб юбориши ҳеч гап эмас. Баъзи одамлар мендаги табиий ўзгаришларни тушунишни истамайдилар. Улар шунчаки, болалик қиёфасида қолишимни хоҳлашади. Лекин афсуски, бунинг иложи йўқ. Зеро, эндиликда зиммамда катта масъулият, мажбурият ва вазифа бор. Ҳаттоки, кўпинча барчаси учун якка ўзим ҳисоб беришимга тўғри келади».
«ПСЖ»нинг ЧЛдаги ғалабасига муносабат. «Албатта, собиқ жамоамни улкан муваффақият билан самимий табриклайман. Зеро, Парижда анча вақт тўп сурдим, кўплаб дўстларим ҳамон у ердалар. Ўйлайманки, мени яқиндан танийдиганлар чин дўстлик ва самимий муносабатларни нақадар қадрлашимни жуда яхши билишади. Хуллас, қадрдонларим ўйнаётган жамоага ҳеч қачон бефарқ қарамайман. Ҳатто у «ПСЖ» бўлмаса ҳам. Шу ўринда айтишим керак, Париждаги ҳикоям ўтган йили ниҳоясига етди ва клубдан мутлақо афсусланишсиз кетдим. Йўл қўйган баъзи хатоларим ҳам бу жамоадаги ҳикоямнинг бир қисмидир. Қолаверса, «ПСЖ» билан катта муваффақиятга жуда яқин келдик: ЧЛда икки марта ярим финал ва бир бора финалга чиқдик. Фақат тўсатдан «Реал Мадрид»дан бўлган қўнғироқ барчасини бирдан ўзгартириб юборди. Бу - болалик орзуларим ушалишининг дебочаси».
«ПСЖ» билан юз берган молиявий можаро. «Ҳаммаси оддий: биз меҳнат қонунчилигига биноан, ўз ҳаққимизни талаб қилдик, лекин кўпчилик буни «ПСЖ»га путур етказиш ҳаракатидек қабул қилди. Қайтараман, шунчаки, шартномада кўрсатилган аниқ бандлар бўйича ўз ҳаққимни ундиришни ўйладим, холос. «ПСЖ»га эса ҳеч қандай адоватим йўқ, клубни ҳамон яхши кўраман, ахир айтганимдек, унинг таркибида дўстларим ўйнашади. Очиғи, жамоадан кетаётганимдаёқ яқин келажакда қандайдир келишмовчилик кузатилиши мумкинлигини олдиндан сезгандим. Афсус, амалда шу ёқимсиз иш содир бўлди...».
Футбол ва шахсий ҳаёт бўйича қарашлар. «Тан оламан, футбол бутун ҳаётим мазмунига айланиб улгурди ва фаолиятимдан максимал даражада наф чиқаришни хоҳлайман. Эҳтимол, футболга нисбатан нотўғри ёндашаётгандирман, балки ҳақдирман - буни билмадим... Барчасини келажак ва вақт кўрсатади. Ҳаммаси Худодан, зеро, ҳар бир иш Яратганнинг изми билан бўлади. Иккинчи томондан, ҳаёт ғоят гўзал ва ундан завқланиб яшашни ҳам билиш керак. Яқинларимга кўп бора таъкидлайман: трибуналарда ўтирган одамлар бизга нисбатан омадлироқлар. Чунки улар шунчаки, томошадан завқ олишади ва саҳна ортида нималар рўй бераётганини билишмайди. Ростини айтаман, агар менда футболга иштиёқ бу қадар кучли шаклланмаганида, бундан хурсанд бўлардим ҳатто. Эҳтимол, келажакда фарзанд-ларимга ҳеч қачон бу спорт тури билан профессионал тарзда шуғулланишни маслаҳат бермасман... Умид қиламанки, вақти келиб, миллионлар ўйинига бефарқ қарайдиган ўғлим ҳам бўлади».
Одамларга ишонишнинг нозик томони. «Футболчи аслида ҳеч қандай таҳликага тушмаслиги керак, лекин қўрқувни бироз ҳис қилмасликнинг ҳеч иложи йўқ. Масалан, атрофингизда кимдир парвона бўла бошласа, беихтиёр ўйлайсиз: «Бу одам нега менга ёпишиб олди? Ўзи хоҳиши нима? Асл мақсади қандай, кўзлаётган нарсаси-чи?» Хуллас, «Нима учун?»лар жуда кўп. Шахсий фикримча, эҳтиёткорлик ва таҳлика ўртасида чегарани ушлаш муҳим, барибир».
Агар Килиан Мбаппенинг болалиги, ҳаёт йўли ва кимларнинг қўлида тарбиялангани ҳақида тўлиқ маълумот олиш имконини топсангиз, у нечоғлик мураккаб синовларни енгиб ўтганини англайсиз. Ҳатто қаҳрамонимизни дунёга келтирган Файза Ламари хоним ҳам шундай машҳур футболчининг онаси бўлишдек буюк бахтни тўлиқ ҳис этолмаслигини кўп бора очиқчасига тан олган.
«Мадрид» томон юриш моҳияти. «Ўғлим Париждан кетаётганида, уни «ПСЖ» ЧЛда ғалаба қозонишга «Реал»дан кўра яқинроқ эканлиги ҳақида огоҳлантиришган. Килиан эса бунга ёш болалардек жавоб берган: «Ҳа, биламан, лекин бунинг аҳамияти йўқ, энди барчасини нолдан бошламоқчиман». Ўз ўрнида, мен ҳам ўғлимга тўсқинлик қилмадим. Чунки унга нима кераклигини жуда яхши биламан, 4 ёшидан буён интиқиб кутган орзуларига етишишига қарши чиқолмасдим. Аслида ўшандаёқ вақти келиб, Килиан фақат мен эмас, бошқаларга ҳам тегишли бўлишини тушуниб етгандим. Ўзим ихтиёрий равишда айнан шуни хоҳладим. Бир сўз билан айтганда, Килиансиз ўтадиган кунларга руҳан тайёр эдим. Килиан 14 ёшида машғулотлардан хурсанд ҳолда қайтиб айтган сўзлари ҳамон ёдимда: «Онажон, Зидан курткамга тегди, энди бу либосни ҳеч қачон ювманг». Аслида Франция футболи афсонасига нисбатан ҳурмати 4 ёшидаёқ ниш урганди. Кейинчалик Криштиану Роналду порлаб чиқди. У аввалига «МЮ», кейин «Реал»даги ўйинлари орқали ўғлимнинг ҳаётига кириб келди. Килиан айнан Криш туфайли ўзини португалиялик, деб ҳисобларди. Дейлик, Роналдунинг ўйинини кўриш учун тез-тез дўстининг уйига борарди».
Килианнинг қарорларидаги роли. «Ўғлим 15 ёшга тўлган вақтдаёқ унинг ҳаётдаги мақсади, қаерга боришни орзу қилишини жуда яхши тушунганмиз. Шунинг учун «Реал Мадрид» фойдасига қарор чиқарганида, уни яхши ниятлар билан кузатиб қўйдик. Шу ўринда бир сирни очаман: ўғлим 2022 йили «ПСЖ» билан шартномаси муддатини узайтирганида, ундан Парижда қолишини айнан биз сўрагандик. Фақат шу ҳолатдагина Килианнинг қарорига аралашганмиз. Бошқа пайтлар ўзи мустақил фикр юритишига қўйиб берганмиз. Тан оламан, ҳозир Килиан билан унча кўп кўришмаймиз. Ахир ўғлимнинг иш жадвали жуда тиғиз ва унга «Кел, бир онангни кўриб кет», дейишим ножоиз. Отаси билан ажрашиб кетган бўлсакда, фақат Рождествони бирга нишонлаш учун бир оила сифатида тўпланамиз. Яна ёз ойлари 4-5 кун бирга бўлишга ҳаракат қиламиз».
Ўғлининг такаббур бўлиб қолишидан чўчиш. «Тан оламан, Килиан чиндан ҳам, такаббурликка берилган пайтлар йўқ эмас. Муҳими, биз айнан ўғлимни ерга қайтариш учун бормиз. Масалан, бир йил олдинги воқеани эслайлик, ўғлимдан Франция терма жамоасидаги суст ўйини ҳақида сўрашганида, у қўпол оҳангда жавоб берди: «Одамларнинг мен ҳақимда нима дейишлари ҳам, қандай ўйлашлари ҳам умуман қизиқ эмас». Эрталаб уйғонгач, телефонимдаги салбий реакцияларни кўрганимдан сўнг ўз-ўзидан ўғлимга бақирдим: «Нега бундай дединг?!» Лекин тушунаман, ўғлимнинг фикрини ўзгартиришга уринишим нотўғри. Килиан ҳеч қачон чарчаш, инсон эканлигини кўрсатишга ҳақли эмас. Чунки омма наздида у барчасини ҳисоб-китоб қилишга мажбур».
Мбаппенинг инсонийлик фазилатлари. «Килиан камерунлик бобо ва бувиси олдида улғайган. Улар француз тилида жуда яхши мулоқот қилишади. Умуман олганда, ўғлим хола ва тоғалари назоратида, зиёли муҳитда катта бўлди. Дейлик, синглим унинг ўқитувчиси эди. Шундан бўлса керак, Килиан 5 ёшидаёқ Чарльз Азнавур (асли арман бўлган франциялик қўшиқчи, бастакор, шоир, ёзувчи ва актёр. Арманистон миллий қаҳрамони)нинг репертуарини тўлиқ ёд олганди».
Х.ЮСУПОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).